Туман ҳокимининг бу сафарги оммавий сайёр қабули тумандаги "Хаймари боло" МФЙ марказида бўлиб ўтди. Ҳоким бўлим ва бошқармаларнинг раҳбарлари, масъуллар билан аввало маҳалла ҳудудидаги эски ва бўш турган масжитни кўздан кечирди.
- Бу ерда замонавий қулайликларга эга маҳалла кутубхонасини ташкил этамиз, - деди ҳоким. - Ҳар бир ташкилот ва муассаса раҳбарлари, фаоллар баҳоли қудрат янги бадиий адабиётлар туҳфа қилишади. Таъмирлаш, зарур мебель ва ускуналар билан жиҳозлаш, ободонлаштириш ҳамда ҳуқуқий мақомга эга бўлиши учун ҳокимлик яқиндан кўмак беради. Фарзандларимиз, оилалар китобхонлигини янги сифат босқичига кўтариш даври келди.
Инсон ҳаёти давомида турли синовларга дуч келади. Баъзан ўша машаққатларни енгиб ўтишга имконияти етмай қоладики, бу борада кимнингдир кўмагига суянади. Айни шу дамда сайёр қабул ва сектор раҳбарлари, масъул ходимлар унинг мушкулини осон қилишади. Ҳоким шу куни 26 нафар фуқаронинг 34 та муаммоли масалаларга оид мурожаатларини қабул қилди. Шундан асосий қисми жойида ечим топди. Кекса онахон Малика Саидмуродова тиббий хизмат марказининг йўқлиги, патранаж ҳамширалар фаолияти қониқарсизлигидан кўпчилик қийналаётганини билдирди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Т.Меҳмонқулов масалани тез кунда ижобий ҳал этишга ваъда берди.
Шунингдек, М.Олимова қўшимча янги ичимлик сув минораси ўрнатиш, Қ.Мансуров фарзандининг никоҳ тўйини ўтказиш учун қийналаётгани, Н.Нажмиддинованинг яшаш уй-жойи муаммолари, Қ.Субҳонов ва Р.Шодиевларнинг санаторийга даволаниш учун йўлланма олишлари, З.Амриевнинг Зарафшон массивида автобекат қуриши билан боғлиқ истаклари қаноатлантирилди. Муддат талаб айрим масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабулга келган халқ вакиллари давлатимиз раҳбари, туман фаоллари ташаббуси билан жорий этилган бу тизим ва қулайликлардан мамнун эканликлари изҳор этиб, янги сайланган маҳалла раиси С.Шермуҳаммедов атрофида жипслашган ҳолда юрт тинчлиги, оила фаровонлиги, ёшлар тарбиясига ҳамжиҳатлик, ҳамнафаслик бўлиб иш олиб боришларини билдирдилар.
Шу куни 4-сектор ҳудудидаги "Қавчинони боло" маҳалласида ҳам туман ҳокимининг сайёр қабули ўтказилди.
* * *
Шунингдек, Урганжи маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам туман ҳокими Ш.Жамолов ҳамда 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи А.Сулаймоновнинг сайёр қабули ташкил этилди.
Сайёр қабулда аҳолининг электр энергияси таъминоти, уй-жой, таълим, спорт, тиббиёт, кадастр хизмати, марказий ва ички йўлларнинг ҳолати, жамоат транспорти, канализация, ичимлик суви, нореал қарздорлик каби соҳаларга оид қарийб 40 та мурожаати қабул қилиниб, муҳокама этилди.
- Анча йиллардан буён кадастр ҳужжатлари билан бо?лиқ муаммони ҳал этолмасдан келаман, - дейди С.Паттиев. - Сайёр қабулда мутасаддиларга ушбу муаммо билан мурожаат қилгандим масала мутасаддилар иштирокида бир ҳафта муддатда ҳал этилишни айтишди.
Ш. Якубова, М.Хўжақулова ва Г.Ҳақбердиеванинг ёш фарзандлари ногирон ҳамда туғма юрак хасталигига чалинганлигидан қийнаётганликларини билдиришди. Мазкур муаммони ижобий ҳал этиш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси мутасадди раҳбарларига топшириқ берилди. Рустам маҳалласида яшовчи Н.Узоқованинг уй-жойи таъмирланадиган бўлди. Ш.Қобиловнинг электр энергияси бўйича нореал қарздорлиги МИБ ходимлари томонидан қайта кўриб чиқилгач, шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Н. КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.