Жорий йил 26 - 30 август кунлари дунё нигоҳи Самарқанд шаҳрида ўн иккинчи бор ўтказилган "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивалига қаратилди.
Туманимиздаги тарихий обида - Нодир Девонбеги мадрасасида ҳам фестиваль иштирокчиларидан Озарбайжон, Латвия, Хитой, Мьянма, Тожикистон давлатларининг таниқли санъаткорлари ташриф буюрди. Дастлаб туман ҳокими Н.Мавлонов сўз олиб мазкур фестивални энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида ўтказилаётгани халқимиз кайфиятини янада кўтариб, ўзгача бир жўшқинлик бахш этганлигини таъкидлади. Барча меҳмонларни қутлаб ташриф учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шундан сўнг санъаткорлар ўзларининг бадиий - мусиқий чиқишлари билан кўп сонли мухлислар олқишига сазовор бўлишди. Қайд этиш лозимки, ушбу фестиваль элларни элларга, дилларни дилларга боғлайдиган ҳақиқий санъат байрамига айлангани рост. 2017 йилда ўн биринчи бор ўтказилган мазкур анжуманда Озарбайжонлик Соҳиб Пошшозода Гран - прини қўлга киритган бўлса, биринчи ўрин ҳамюртимиз Моҳичеҳра Шомуродова ҳамда "Geosong" халқ қўшиқлари фонди (Корея давлати) га насиб этган эди.
Қувонарлиси шундаки, бу йилги фестиваль якунига кўра, юртимиз вакиласи Меҳринигор Абдурашидова Гран - при соҳибаси бўлди. Биринчи ўринга эса Қирғизистоннинг "Қомузчилар" дуэти ва Озарбайжонлик Парвиз Гасимов муносиб топилди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.