Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шу асосда дастлабки бизнес - форум Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегацияни Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Ургут туманидаги Жартепа чегара пунктида тантанали кутиб олишди. Шу ернинг ўзида самарқандлик санъаткорлар томонидан маданий дастур намойиш этилди.
Суғд вилояти вакиллари уч кунлик ташриф давомида бизнес-форумда иштирок этиш билан бирга, Самарқанд вилоятидаги йирик саноат корхоналари, фермер хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишишди. Тарихий-маданий обидалар, диққатга сазовор масканларда бўлишди. Бизнес-форум доирасида икки мамлакат санъаткорлари иштирокида концерт ва бошқа маданий тадбирлар уюштирилди. Самарқанд шаҳрининг "Динамо" ва Хўжанд шаҳрининг "Хўжанд" футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди.
Жамоатчи мухбиримиз тадбир иштирокчиларидан бири, Тожикистон Халқ демократик партияси Суғд вилояти Кенгаши раиси, Тожикистон Халқ демократик партиясининг халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги вакили Сафароз Юнусов билан суҳбатлашди.
-Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик, қўшничилик алоқаларининг ривожланиб бораётганлиги, ўртадаги азалий биродарлик алоқаларининг қайта тикланаётгани бутун дунё аҳлининг эътиборини тортмоқда.
Бундай эзгу ишлар, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш борасидаги ҳаракатларга Тожикистонда муносабат қандай?
- Биламизки, бир дарёдан сув ичиб, қариндошлик ришталари билан боғланган ўзбек ва тожик халқлари ўртасида азалдан яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аслида икки халқнинг умумий тарихи, узвий маънавий қадриятлари бир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифини мамлакатимиз аҳли катта қизиқиш ва чуқур қониқиш билан қарши олди. Негаки, бу ташриф икки давлат ўртасидаги азалий қўшничилик, биродарлик алоқаларини қайта тиклаш, ўртадаги савдо-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. Бугун Самарқанд заминида бошланган бизнес-форум мақсади ҳам ана шундай эзгуликка қаратилган.
Шу ўринда мен Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг аллақачон халқларимизнинг севимли қўшиғига айланиб улгурган "Дўсту қардошдир азалдан Ўзбегим тожик билан..." деб бошланувчи шеърини эсладим. Бу бизнинг тожикларда " Ёру бародар аз азал ўзбеку тожик..." дея куйланади. Икки халқ ижодкорлари томонидан ҳали халқларимизни улуғловчи бундай асарлар кўплаб яратилади. Негаки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари туфайли икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкам боғланди, ижодкорларни илҳомлантирувчи, уларга ижодий куч бағишловчи соғлом муҳит юзага келди.
- Суғд вилояти, унинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётидаги ўрни ҳақида гапириб берсангиз?
-Суғд вилояти Тожикистон Республикасининг шимолий қисмида жойлашган. Вилоятнинг асосий ҳудудини тоғли жойлар ташкил этади. Вилоят аҳолиси 2,5 миллион кишидан иборат. Вилоят маркази – Хўжанд шаҳри.
Вилоятда "Суғд" эркин иқтисодий зонаси мавжуд. Бу ерда сутни қайта ишлаш, металл конструкциялар, сендвич, панеллар, омухта ем, паррандачилик корхоналари фаолият кўрсатади.
Вилоятда деҳқончиликнинг асосий йўналишини боғдорчилик ташкил этади. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларининг асосий қисми ички истеъмолга чиқарилади.
Самарқанд ва Суғд тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Ушбу форумдан сўнг бундай ҳамкорликнинг жадал ривожланишига асло шубҳа йўқ.
- Самарқанд ҳақидаги фикрларингиз юртимизнинг ҳар бир фуқаросини, хусусан, самарқандликларни қизиқтиради. Бу қадим шаҳарда охирги марта қачон бўлгансиз?
- Самарқандда бундан роппа-роса 28 йил аввал, 1990 йилнинг 3 май санасида бўлганман. Ўша пайтда Хўжанд давлат университети 3-курс талабаси эдим. Бугун эса мустақил Ўзбекистон Самарқанди жамолига қараб тўймаяпман. Янгидан қурилган маъмурий, маиший бинолар, йўллар, кўприклар, хиёбонлар, боғлар ҳавасимни келтирди. Бозорлардаги тўкинлик, шаҳарнинг ҳар бир ҳудудидаги ободончилик, одамлар қалбидаги жўшқинлик эътиборни тортмай қолмайди. Қадимий осори-атиқаларга боқиб, уларнинг асрлар билан бўйлашганига ишонгинг келмайди. ҳаммаси ярқираб, ялтираб шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.
Ўйлайманки, бу шаҳарда бир бор бўлган киши уни бутун вужуди билан севиб қолади. Мен ҳам энди бу ерга тез-тез келишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун имкониятлар етарли. Йўл борасида муаммо йўқ. Чегараларимиз эса худди бир-биримизга доимий муштоқ қалбларимиздек очиқ.
Суҳбатдош Шохрух ЭРГАШЕВ,
ЎзХДП туман кенгаши ижрочи котиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.