Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида бугунги кун долзарб масалаларидан бири сўнгги пайтларда содир этилаётган йўл - тарнспорт ҳадисалари, уларнинг оқибатлари ва бунга сабаб бўлган ҳолатлар, келгусида бундай нохушликларни олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Корхона, ташкилот раҳбарлари, туман халқ таълими ва макбатгача таълим бўлими муассасалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари, йўл - транспорт ҳодисаларида вафот этган фуқароларнинг яқинлари ҳамда унга сабабчи бўлган шахслар иштирокидаги тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Жумаев очди. Дастлаб туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник А.Сулаймонов бу борада туманда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилдики, йўл - транспорт ҳодисаларини олдини олиш фақатгина ЙҲХ ходимлари эмас, балки барча фуқароларга масъулият юклайди. Чунки, ҳеч бир инсон бундай ҳодисалар иштирокчиси бўлишни истамайди. Шунинг учун ҳам йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, эҳтиёткорлик ва ҳушёрликни қўлдан чиқармаслик лозим. Шундан сўнг, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи полковник А.Носиров сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида йўл - транспорт ҳодисаларининг содир бўлишида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши, тезликни меъёридан ошириш ва қўл телефонидан фойдаланиш, аксарият ҳолларда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлганлигини таъкидлади. ЙҲХ ходимлари томонидан кунига 2000 тадан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилаётганлигини ўзи бунга аниқ мисол бўлишини қайд этди. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам сўз юритди ва иштирокчиларга йўл - транспорт ҳодисалари вақтидаги мудҳиш ҳолатлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг, туман ҳудудида 1-чоракда содир этилган авто ҳалокатлар тафсилоти тўғрисида туман ИИБ тергов бўлими катта терговчиси капитан Ш.Тоиров ахбороти тингланди. У ўтган 3 ой давомида 12 та йўл - транспорт ҳодисалари содир этилиб, уларнинг 5 тасида 6 нафар фуқаролар вафот этгани. 7 та ҳолатда эса 14 нафар фуқаролар тан жароҳати олганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда жорий йил 7 февраль куни Оҳалик МФЙ ҳудудида фуқаро ўлими билан боғлиқ бўлган йўл улов ходисаси иштирокчиси 1991 йилда туғилган Г.Набиев сўз олиб, ҳодиса унинг эътиборсизлиги, тезлик меъёрига риоя қилмаслиги оқибатида келиб чиққанлиги ва ушбу ҳолат бўйича жиноий жавобгарликка тортилганлиги боис барчадан узр сўради. Бундай ҳодисалар бошқалар билан содир этилишини хоҳламаслигини айтиб, фуқароларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга, йўлларда ҳушёрликни оширишга даъват этди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, улар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.