Қиш фасли якунланиб иссиқ кунларнинг кириб келиши баъзи ҳолларда чорва моллари орасида турли юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади. Шуларни инобатга олган ҳолда чорвачилик маҳсулотлари сифатини, унинг тегишли ветеринария ва санитария талабларига жавоб беришини назорат қилиш аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада ветеринария хизмати зиммасига уй ҳайвонлари, чорва молларини ветеринария кўригидан ўтказиш, даволаш билан бирга, юртимизга четдан турли хавфли юқумли касалликларнинг кириб келишининг олдини олиш вазифалари юкланган. Мазкур ишлар ижроси туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари томонидан самарали ташкил этилган.
- Бугунги кунда туман ҳудудида 49 минг 497 бош қорамол, шу жумладан, 17 минг 412 бош сигир, 159 минг 439 бош қўй ва эчки, 3 миллион 589 минг 191 бош парранда, 631 бош от ва бошқа ҳайвонлар мавжуд, - дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Ҳабибов. - Туманда 74 та маҳалла ҳудудидаги барча шахсий ёрдамчи деҳқон ва фермер хўжаликлардаги мавжуд чорва моллари, уй ҳайвонларига намунали зооветеринария хизмати кўрсатилмокда. Бўлимнинг 2020 йил 7 январдаги "Туманда юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш ишларини самарали ўтказиш мақсадида умумий назорат гуруҳларини қайтадан шакллантириш тўғрисида"ги буйруғи билан тўртта сектор бўйича гуруҳлар ташкил қилинди. Ушбу эмлаш гуруҳларига малакали мутахассислар бириктирилган.
Ҳайвонларни профилактик эмлаш бўйича олиб борилаётган ишларни самарали ташкил этиш мақсадида "Долзарб 70 кунлик" тадбири ҳам эълон қилинди. Унга кўра, "Эпизоотик тадбирлар бажарилишини мувофиқлаштирувчи штаб" ташкил қилиниб, уларнинг тузилиши, таркиби ва асосий вазифалари белгилаб берилди. Афсуски, айрим фуқароларимиз бу жараённи тўғри англаб етмаслиги оқибатида чорва молларини эмлатишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу ҳар бир фуқаронинг саломатлигини асрашда муҳим эканлигини тўғри тушунишларини истардик.
Туманда 38 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларда жами 3300 бош қорамол, шундан 1075 бош сигир боқилмоқда. 2019 йил давомида куйдирги касаллигига қарши 97040 доза эмлама Республика Ветеринария қўмитаси томонидан олиниб, ҳудудда мавжуд 60 минг 764 бош қорамол, 64 минг 279 бош қўй ва эчки, 646 бош от ва бошқа ҳайвонлар тўлиқ эмланди.
Айни кунларда ҳам "Долзарб 70 кунлик" тадбирлари давом эттирилмоқда.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.