ёхуд кўр-кўрона тақлиднинг нохуш кўринишлари
Одамият на ба нутқу на ба ришу на ба ҷон,
Тўтӣ ҳам нуқту бузам ришу харам ҷон дорад.
Юқоридаги байт мумтоз адабиётимизнинг таниқли, намояндаси, зуллисонайн шоир Тош - хожа Асирий (XIX-XX аср оралиғида ўтган) қаламига мансуб бўлиб, мазмуни шундай: Одамийлик, инсон маънавияти фақат нутқ, риш (соқол) ва жон билан белгиланмайди, зеро тўти, эчки ва эшакда бу нарсалар бор. Сўзни бу мисол билан бошлашимиздан мақсад, озгина бўлсада, мазкур мавзуда айрим фикр-мулоҳазаларимизни баҳам кўришдир. Гап шундаки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, уларни ҳал этишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилаётгани, энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг диққат-эътибори туфайли барча жабҳаларда кескин бурилиш ва улкан ўзгаришлар амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бироқ, мамлакатимизда мана шундай дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги ижобий ишлар амалга оширилиб турган бир пайтда, айрим ўзини, ўзлигини йўқотган, билим савияси, дунёқараши ва маънавияти ҳамин қадар бўлган фуқаролар, айниқса ёшларимиз томонидан мутлақо зарурат ва эҳтиёж бўлмаган жойларда ҳам янги масжидлар ва бошқа ноисломий ибодатхоналарни очиш, уларни рўйхатдан ўтказиш юзасидан қилинган мурожаатлар сони тобора кўпайиб боряпти.
Баъзи бир "бизга дўст бўлмаган кучлар", ён атрофимиздан чиққан хурмача қилиқ кимсалар амалдаги қонун талабларига зид равишда қалби ва онги пок, соғлом ватандошларимиз фикрини чалғитиш, моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамларни рўкач қилиб, уларнинг ишончига кириш ва кейинчалик ўзларининг жирканч ишларига жалб этишлари аён бўлмоқда.
Бундай ҳолатларга нисбатан бефарқлик келажакда мамлакатимиз бўйлаб иродаси заиф, тафаккури саёз, маънавияти мўрт, ҳар хил ёт оқим ва ғояларга эргашадиган ёшларнинг кўпайиб кетиши, жойларда диний ва миллатлар ўртасида турли зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Халқ осойишталик ва фаровонликка етакловчи ҳар қандай давлат ва ҳокимиятни қўллаб келаётганини жаҳон ҳамжамияти кўзгусида кўриб турибмиз.
Ана шу барқарор тинчлик, шиддатли тараққиёт, мусаффо осмонимиз қадрига етиш, бузғунчи ички "душманларимиз" га муносиб зарба бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан иш тутиш, юксак одамийлик, олийжаноблик, юртсеварликни амалий ишларимиз билан кўрсатиш замони келганлигини англашимиз даркор. Ёшлар тарбияси, уларни ҳар хил мафкуравий таҳдидлардан асраш, ҳимоялаш, энг аввало ота-оналар, таълим ўчоқлари, бутун жамоатчилик зиммасидаги масъулиятдир.
Миллий қадриятимиз, отамерос анъаналаримиз, азалий муқаддас динимиз ва қонунчилигимиздан келиб чиқиб, одамийлик ва асл инсонга ёт ажабтовур ҳатти ҳаракатлар, кийинишлар, юриш-туришлари, "оммавий маданият" иллатларига қарши бонг уришимиз, курашишимиз лозим.
Ташқи кўринишни турли ранг-бўёқ, татуировка билан "безаб", беўхшов соқол қўйиб, билиб-билмай бировнинг "ҳидояти" билан ҳижобга ўралиб, жамоат жойларда ўзини кўз-кўз қилаётган ёш жигарбандларимиз, маҳалладошларимизга келажагимизни қандай ишониб топширамиз? Билими қай даражада, саводи қандай, мақсади нима, ҳаёт, турмуш синовларига бардоши, сабр-иродаси етадими, каби саволлар бугун ҳар биримизни бефарқ қолдирмаслиги лозим. Асрлар давомида ёшлар тарбияси, янги авлод тақдири энг долзарб умумжамият масаласи бўлиб келаётгани нимадан далолат? Мамлакат, миллат, миллий манфаатларимизнинг ҳақиқий эгаси айнан ана шу камол топаётган ёшлар эмасми? Оиламиз шаън-эътибори, маҳалламиз ифтихори, жамиятимиз кўрки бўлган фарзандларимиз маърифати, салоҳияти, мақсад-муддаолари нечоғли тош босади, ўйлаш ва қайғуриш пайти келмадими?
Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?
МЕҲРАНГИЗ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.