Диний мутаассибликнинг минтақамизда намоён бўлиши таҳлил қилинганда, унинг ўтган XX-асрнинг 80-йилларида бир қанча омиллар сабабли янада очиқроқ намоён бўлганлиги кузатилади. Баъзи тадқиқотчилар, шу жумладан, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда диний ақидапарастликнинг намоён бўлиши ҳақида изланишлар олиб борган О.Абдуллажонов ўзининг "Диний ақидапарастликнинг келиб чиқиши, моҳияти ва Ўзбекистонга кириб келиши" номли рисоласида уни анча олдинроқ, аниқроғи хонликлар даврида деб кўрсатиб ўтади.
Жумладан, у XIX-асрнинг бошлари ва ўрталарига келиб дастлабки "салафий"лик оқими ғоялари Марказий Осиё ҳудудига тарқала бошлаганлигига урғу берган. Ўша даврларда Марказий Осиё ҳудудидаги мавжуд хонликларнинг барчаси "салафий"лик таълимоти кенг тарқалган Ҳиндистон ва Афғонистон давлатлари билан турли кўринишда алоқалар қилишарди, хусусан, ушбу давлатлараро йўлга қўйилган алоқалардан энг "самара"лиси бу - савдо алоқалари бўлиб, унда нафақат товар айрибошлаш, балки фикрий ғоялар ҳам аралашган эди. Ҳозирда тарихчи ва исломшунос тадқиқотчилар томонидан диний ақидапарастликнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга кириб келишини XX-асрнинг 70-80 йилларига тўғри келади деган фикр ҳам илгари сурилмоқда.
Бироқ, ўтган асрнинг 80-йилларига келиб, минтақамизда нафақат "салафий"ликнинг янги услуб ва фаолиятда намоён бўлиши, балки "ҳизб ут-таҳрир", "таблиғ" каби ашаддий экстремистик уюшмаларнинг ҳам фаолияти кучайиши кузатилади. Юртимизда ашаддий экстремистик ташкилот бўлмиш "ҳизб ут-таҳрир"нинг фаолияти ўтган аср 80-йилларнинг охири, 90-йилларнинг бошларидан кўзга ташланади. Унинг олий органи бўлмиш "қиёдат" томонидан собиқ "иттифоқ"нинг парчаланиш даврида таҳсил олиш ниқоби остида турли олий ўқув юртларига бир гуруҳ талабалар "мақсадли" юборилган. Дастлаб, Россия давлатининг турли олийгоҳларида таълим олаётган "ҳизбий эмиссар"лар аста-секинлик билан Марказий Осиё минтақасига, хусусан, Тошкент шаҳрига келиб ўрнаша бошлаган. Натижада Марказий Осиё давлатларида хориждан келаётган молиявий ёрдам ҳисобига жангари сифатида фойдаланиладиган шахсларни танлаш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган тизимни яратган гуруҳлар пайдо бўлди. Уни яратиш чоғида чет эллик йўриқчилар раҳбарлиги ва маҳаллий бузғунчи кучлар иштирокида минтақада беқарорлик келтириб чиқариш ва ўзларининг олдиндан режалаштирилган мақсадлари сари йўналтирилган эди. Шубҳасиз, юртимиздаги фаолияти кузатилган диний мутаассиб оқимларнинг халқаро экстремистик ва террорчи ташкилотлар билан узвий занжир ҳосил қилганлиги эътиборидан, унинг ички ва ташқи таҳдидлари фақатгина шахс, жамият ва давлатимизга хос бўлмай, балки минтақавий ва глобал таҳдид манбаи сифатида қаралиши ўринлидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча соҳада ҳам меъёрни унутмаслик лозим. Ҳадни билмасак, мутаассибларча иш тутсак, тўғри йўлдан оғган бўламиз. Кейинги пайтларда ҳар хил мутаассиб фирқа ва оқимлар пайдо бўлиб, жамиятда, айниқса ёшларимиз онгини бузишга уринишлар кўзга ташланмоқда. Бундай бузғунчи оқим ва фирқаларнинг асл мақсади ва улар бошлаган йўлнинг нечоғлик хатарли эканини чуқур ҳис этган ҳолда эҳтиёт чораларини кўришимиз лозим.
А.САМАДОВА
тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.