Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК–МУҚАДДАС ТУЙҒУ

Толерантлик, яъни, бағрикенглик тушунчаси ўз мазмун-моҳиятига кўра кенг қамровли тушунча сифатида жамиятнинг барча соҳаларидаги мавжуд муносабатларни қамраб олади.

Жамиятда инсонлар орасидаги муносабатларни тартибга солишда албатта, оилада ота-она тарбияси орқали руҳиятимизда шаклланувчи шарқона фазилатлардан самимийлик, ўзгаларни ҳурмат қилиш, бағрикенглик, жўмардлик тушунчалари муҳим аҳамиятга эгадир. Биринчи Президентимиз И.Каримов: "Халқимизнинг асл табиатида бўлган, юртдошларимизга хос меҳр-оқибатлилик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат, шафқат ва мурувват каби буюк хусусият ва фазилатларнинг жамиятимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, уларни янги авлод, фарзандларимиз онгига сингдириш бугунги ва эртанги кунимизни янада чароғон этишда, эзгу мақсадларимизга эришишда энг катта мезон ва омил бўлишини англаб олишимизга ишонаман. Бизнинг мақсадимиз – дунёнинг барча халқлари билан тенг бўлиб, уларнинг бахт-саодатидан қувониб, улар билан дўст ва ҳамкор бўлиб яшаш. Униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни ҳам мана шу руҳда тарбиялаяпмиз",– деб таъкидлагандилар.

Миллатлараро муносабатларда муросани таъминлашда толерантлик, яъни, бағрикенглик муҳим ўринни эгаллайди. Толерантлик, яъни бағрикенглик албатта, диний дунёқараш, диний эътиқод билан чамбарчас боғлиқдир.

Диний бағрикенглик – (толерантлик) – хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади.

Бугун Ўзбекистон диний бағрикенглик ва муроса борасида нафақат МДҲ давлатлари, бутун дунёга намуна бўлмоқда. Бу ҳақда Москва ва Бутунрус патриархи Алексей II, Хиллари Клинтон ва Мадлен Олбрайт, Иордания шаҳзодаси Хасан бин Таллол каби дунё миқёсидаги катта обрў ва нуфузга эга бўлган инсонлар ҳам юртимизга зиёратлари вақтида таъкидлаб ўтдилар.

Бош қомусимизда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги мустаҳкамланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар". Асосий қонунимизда ушбу ҳуқуқнинг акс эттирилиши мамлакатимизда инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланишининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон дунёвий давлат. Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи муҳим тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Шундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.

Бугунги кунда республикамизда 15 та ноисломий конфессияга мансуб 186 та ташкилот эмин-эркин фаолият олиб бораётгани диний бағрикенгликнинг яққол намоён бўлишидир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний ташкилотларнинг сони ўсди. 1990 йилда республикада 119 та диний ташкилот, 2 та диний ўқув юрти мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда 2186 та диний ташкилот эркин фаолият кўрсатмоқда. Улардан энг йириги Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси, Евангел христиан-баптистлар черкови, Рим-католик черкови, Тўлиқ Инжил христианлари черкови, Ўзбекистон Библия жамияти. Шунингдек, 1987 та масжид, 163 та христиан черкови, 8 та яхудий синагогалари, 6 та Бахоийлар жамоаси, 1 та Кришнани англаш жамияти, 1 та Будда ибодатҳонасида фуқаролар эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган.

Дунёнинг турли минтақаларида диний ақидапарастлик, миллатчилик ва ирқчилик ғоялари билан қуролланган гуруҳлар томонидан низолар авж олиб бораётган бугунги таҳликали замонда кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш, кўпконфессиявийлик асосида демократик ислоҳотларни амалга ошириш бағрикенглик, миллатлараро тотувлик долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик фуқаролик жамиятининг ривожланишини таъминлашда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, муроса каби тамойиллар муҳим аҳамиятга эгадир.

Барот АМОНОВ, Имом Бухорий Халқаро Маркази манбашунослик бўлими бош мутахассиси


Дата добавления: 17/03/2017 16:06;   Просмотров: 1686
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку