Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, ўз навбатида уни кўролмайдиган ёвуз кучлар ҳам пайдо бўлди. Ачинарлиси, бундай душманлар ўз ичимиздан чиқди.
Улар динни ўзларига ниқоб қилиб олган турли диний экстремистик ва террористик гуруҳларга аъзо бўлиб, мамлакат ички тартиб - қоидаларини бузишга, тинч ва фаровон ҳаётга рахна солишга ҳаракат қилишди. "Ҳизб ут - таҳрир", «жиҳодчилар» каби зарарли оқимларнинг ноғорасига ўйнаб, аҳоли, айниқса ёш авлод мафкурасини заҳарлашга уриндилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида бу ишга жиддий эътибор қаратилганлиги, маъмурий органларнинг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли хавф-хатарлар бартараф этилди. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги хориж давлатларида сарсон - саргардонликда афсус ва надоматлар билан ҳаёт кечирмоқда.
Муҳтарам юртбошимиз ва бағрикенг, кечиримли халқимиз улар ўз қилмишлари хатолигини чин дилдан англаб, қилган ишларидан қаттиқ пушаймон эканликлари боис уларни авф этиб, соғлом турмушга қайтишига имкон бермоқда.
Туман ҳокимлиги фаоллар залида ҳуқуқ - тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган йиғилишда ана шулар ҳақида сўз юритилиб, иштирокчиларга "Ҳизб ут - таҳрир" диний экстремистик оқимининг собиқ амири бўлган юртдошимизни мазкур оқим ғоялари мутлақо нотўғри, ислом динига зид бўлганлигини тан олиб, халқимизга қилган мурожаати туширилган видео - ролиги намойиш этилди.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф. Норов иштирок этди.
Т. ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.