Кечки пайт ишдан уйга қайтган Санжар ҳовлининг чор атрофига разм солдию чуқур хўрсиниб, хонага кирди. Томоғига нимадир тиқилиб, кўзи ёшга тўлди:
Ойижон! Мен келдим, яхши ўтирибсизми? Ҳа, фарзандли бўлиб ҳам ўғлингизга ақл кирмади. Ҳар доимгидек иш билан банд бўлиб, соатга қараш хаёлимга келмабди. Овқат емасдан кутиб ўтиришингизни буткул унутиб қўйибман. Ростини айтсам, бугун зиёфатдан келдим, қорним тўқ. Кеч қолиб сизни хавотирга қўйганим учун мен, нодон ўғлингизни кечиринг.
Дарвоқе, сизга айтадиган хушхабарим бор. Мени табриклашингиз мумкин. Бугун катта корхонага раҳбар этиб тайинландим. Албатта, бунга сизнинг меҳрингиз, берган таълим-тарбиянгиз ва дуоларингиз шарофати билан эришдим. Бу хабарни эшитиб ичимга сиғмай кетдим, энг аввал сизга айтмоқчи бўлиб, уйга қўнғироқ қилдим. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Шунда мен ҳам авваллари сизнинг қўнғироқларингизга жавоб бермай, ишим кўплигини баҳона қилиб, суҳбатлашишдан қочиб, вақтимни қизғанганларим ёдимга тушди.
Ойижон, мендан хафамисиз?...
Келинингиз иш юзасидан икки кунлик хизмат сафарида, набираларингиз ҳам қайнонамнинг уйида. Ҳаётимда ўзгариш юз берган шундай кунда ҳайҳотдек ҳовлида битта ўзим ўтирибман.
Илтимос, онажон! Мен борман, ёнингдаман деб айтинг. Сизни, ҳар тонг дуолари билан йўлимни нур каби ёритиб турган дуогўйимни соғиндим... Қани эди ҳаёт бўлганингизда ҳозир мен суратингизга эмас, сизнинг меҳр тўла кўзларингизга боқиб сўзлаган, иссиқ бағрингизга бош қўйган бўлар эдим...
Бугун англаганим шу бўлдики, қачондир мен қадрига етмаган меҳрга энди зорман...
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.