Дилбар Восиева деганда истараси иссиқ, хушмуомила, ширали овоз соҳибаси, доимо ўз касбининг фидойиси бўлган ажойиб журналист кўз олдимизда гавдаланади. Дилбархон Пахтачининг сўлим гўшаларидан бири Зиёвуддин қўрғонида туғилган. Қишлоқнинг тоза ҳавоси, хушманзара жойлари унинг адабиётга меҳр қўйишига сабаб бўлган десак, муболаға бўлмайди.
Дилбар билан илк марта таъминот бошқармасида танишганман. Ўша пайтлар ОСПД аппаратида алоқачи вазифасида ишлардим. Бу мулойимсухан дилбар аёл билан кўп йиллик дугонамиз. Бирор маротаба баланд овозда гапирганларини ёки бировга озор берганларини кўрмадим. Ўз касбига бўлган меҳри жуда баланд. Журналист Дилбар Восиева ҳар қандай қийинчиликларни босиб ўтишда ўзида куч топа олган фидойи, меҳнатсевар, тиниб-тинчимас, халқ дарди билан яшаб келаётган ижодкордир.
Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясига борган кезларимда ишхоналарида ҳам ўз мавқеларига эга эканлиги, кўплаб шогирдларига иш сирларини ўргатишига гувоҳ бўлганман. У шу хислатлари билан ҳалигача сермазмун, ажойиб кўрсатувлари билан телетомошобинлар ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
Дилбархонни шеър ва ғазал ўқиганларини эшитиб беихтиёр маънавий дам олади, киши. У вилоят телерадиокомпаниясини тамал тошини қўйиб, уни равнақ топишида ўз ҳиссасини қўшган жонкуяр ходимлардан биридир. Айниқса унинг "Билдиму, босдим тиконни", "Дилга яқин учрашувлар", "Нигоҳ", "Шаҳар ҳуснидаги доғлар", "Оила тотувлиги, юрт бойлиги", "Аёл латофати - олам саодати", "Ҳунарли эл хор бўлмас" каби бир қатор кўрсатувлари кўпчилликнинг қалбидан жой олган давр талабидаги мавзулардир.
Бирлашган Араб амрликлари шаҳри Дубайда тасвирга тушурилган мардикор аёллар кўрсатуви телетомошобинлар томонидан юксак баҳоланди. 1994 йилда Дилбархон биринчи Президентимиз Ислом Каримовдан олган интерьвюлари ҳақида ҳалигача эслайди.
- Ўша пайтдаги ҳаяжон, кетма-кет саволлар жонли мулоқот мен учун осон кечмади. Институтда олган сабоқларим, ишхонамдаги устозларим ўгитларига амал қилиб, ижод қилдим. Киши ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, шу орзуси ушалиши йўлида меҳнат қилса, албатта барчасига эришади, - дейди Дилбархон.
Доимо халқнинг беминнат хизматида бўлган дугонам нафақат ишда, балки уйда ҳам қайноналарининг севимли келини, оила аҳлининг яқин маслаҳатчиси, маҳалла-кўйда сабр-бардошли, оғир, вазмин хислатлари билан намуна бўла олган мақтовга лойиқ ажойиб инсондир.
Ширали овоз, хушчақчақлик, хушфеъллилик соҳибаси бўлган Дилбархоннинг эзгу фазилатлари бугунги қизалоқларимизга ибрат бўлса арзийди.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.