Туман ички ишлар бўлимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси жамоаси аҳолининг кўча ва йўлакларда хавфсиз ҳаракат қилишларини таъминлаш борасида кеча-кундуз ўз постларида сергак туришибди.
– Жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилганига қарамасдан ҳали ҳам йўл қоидалари қўпол равишда бузилмоқда, – дейди мазкур бўлинма бошлиғи сержант Рустам Мелибоев, – фақатгина шу йилнинг ўтган даври мобайнида 300 дан кўпроқ йўл ҳаракати қоидалари бузилгани аниқланди. Авто-улов тўқнашуви натижасида 11 нафар фуқаро ёруғ оламдан бевақт кўз юмди.
Шунингдек, 31 нафар ҳайдовчи автомобилини маст ҳолда бошқаргани маълум бўлди. 40 нафари темир йўл кесишмасидаги ўтиш қоидасини бузган бўлса, 9 нафари тезликни оширгани, икки нафари светофорнинг қизил чироғида ўтганлиги, 10 нафари одам ташиш қоидасига риоя қилмагани маълум бўлди.
– Рустамжон Ўктамович, илтимос, жамоангиз билан таништирсангиз?
– Йўл ҳаракати нозири сержант Ўткур Йўлдошев кўп йиллик тажрибага эга. Унинг ҳамкасблари Юсуф Исроилов, Толиб Турсуновлар йўл қоидаларини бузувчи ҳайдовчи ва йўловчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Маъмурий амалиёт назорати нозири Фариддун Ҳабибов хушмуомалалиги билан барчанинг ҳурматига сазовор бўлмоқда. Нозирларимиз туман давлат солиқ инсекцияси ходимлари билан ҳамкорликда қўшма рейдлар ўтказилмоқдалар. Натижада 86 нафар ҳайдовчи лицензиясиз одам ташиётганлари аниқланди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди.
– Сизнинг истакларингиз?
– Йўл қоидаси – умр фойдаси эканлигини унутмаслик керак. Лекин, айрим ҳайдовчилар ана шу оддий ҳақиқатни билишмайди. Уларни уйда оила аъзолари кутишаётганини баъзан унутиб қўйишади. Шуларни эслаб, рул бошқаришса йўллари доимо ёруғ ва бехатар бўлади.
СУРАТЛАРДА: бўлинма катта инспектори Рустамжон Мелибоев ва маъмурий амалиёт назорати
нозири Фаридун Ҳабибовлар акс этган.
Суратлар муаллифи Баҳодир ЗОҲИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.