Бугунги кун депутатлари нафақат сайловчилар муаммолари, шунингдек, келажак авлодни замонага хос таълим-тарбия олишларига муносиб улуш қўшишлари керак. Халқ депутатлари Оҳалик сайлов округидан туман кенгаши депутати, "Гулобод тонги" газетаси масъул котиби Тошпўлод Юсупов ҳам расман халқ вакили деган номнинг залворини чуқур ҳис қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Яқинда у ўзи таълим олган Янгижой маҳалласидаги 19-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, юқори синф ўқувчилари билан учрашди.
Самимий ва очиқ суҳбат пайтида муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг ҳаётга жорий этилиши ва, энг муҳими, пухта билим олиш, кўпроқ китоб мутолаа қилиш тўғрисида фикр юритилди. Учрашув сўнгида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Депутат мактаб кутубхонасига бадиий адабиётга оид 20 та китоб туҳфа қилди.
- Муҳтарам юртбошимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида депутатлар олдига катта вазифалар қўйдилар, - деди Т. Юсупов. - Дарҳақиқат, халқ ишончига сазовор бўлиб, депутатлик мандатини олиш - бу жуда катта ва шарафли масъулият. Шунинг учун биз - халқ ноибларига халқ ичида бўлиш ва сайловчилар дард-ташвишларини тинглаш ҳам қарз ҳам фарздир.
Шу куни "Самарқанд китоб олами" мажмуаси ходимлари томонидан мактабда китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Гулчеҳра РаҲматова,
10-умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.