Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Депутат мактабда "Мустақиллик дарси"ни ўтди

"Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллик байрами тантаналари 5 сентябрь кунида мамлакатимиз бўйлаб таълим даргоҳларида "Мустақиллик дарслари" сифатида ўзига хос шукуҳ ила давом этди.

Айниқса, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг мустақиллик дарсларидаги қизиқарли маъруза ва суҳбатлари мактаб мураббий, ўқитувчи ва ўқувчиларини бугунги кунга шукроналик ва келажакда ватан тараққиёти йўлидаги улуғ ишларга даъват этди. Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келаётгани алоҳида қайд этилди.
Бугун дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Ҳозирда дунёда беш ёшгача бўлган болаларнинг қарийб тўртдан бири тўйиб овқатланмаётганлиги, 260 миллиондан зиёд бола мактабда ўқимаётганлиги, ривожланаётган мамлакатларда мактаб ёшидаги кичик болаларнинг 60 фоизида ҳамон минимал таълим олиш имконияти мавжуд эмаслигидан хабар берувчи маълумотларга дуч келамиз.
Мамлакатимизда эса ёшларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлиб, бунга жавобан ёшларимиз ҳам фан, таълим, маданият, санъат, спорт, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритмоқдалар.
Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларида фарзандларимизнинг таълим ва тарбия олишларига қаратилган эътибор, айниқса, мураббий ва ўқитувчиларимизнинг моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, албатта ўзининг ижобий натижаларини беради. Зеро, мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш давр талабидир.
Туманимизнинг "Ўрта Арабхона" маҳалласида жойлашган 3-сон умумий ўрта таълим мактабида ҳам мингга яқин ўқувчи ёшларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан ёндашиб келаётган 45 нафардан ортиқ ўз касбининг моҳир усталари мактаб директори Моҳичеҳра Бердиқулова раҳбарлигида ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилмоқдалар. Меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари, бугунги кунда катта ҳаёт мактабини ўтаган собиқ ўқувчилар ва халқ вакиллари иштирокида ўтказилган "Мустақиллик дарси" мустақиллигимизни асраб-авайлаш, ватан равнақи йўлида масъулият ҳисси билан яшаш ва меҳнат қилишга даъват этди, ёшларни янги марралар сари илҳомлантирди.

Жамила Сайфуддинова,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати


Дата добавления: 14/09/2018 15:22;   Просмотров: 983
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку