Сўнги вақтларда фуқаролар томонидан ўзининг шахсий автомобилини шаҳар марказларида катта тезликда ҳаракатланиб, ушбу хатти-ҳаракатларини видео тасвирга олган ҳолда уни ижтимоий тармоқларда жойлаштираётган ҳолатлар кўпаймоқда.
Бу эса кўпчиликни ўзига жалб қилишга, бошқалар ҳам шундай қоидабузарликни такрорлашига, энг ёмони фожиали ҳалокатлар, бегуноҳ одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда, дея ёзмоқда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаматова.
Депутатнинг қайд этишича, тезликни оширганлик учун иккиланишсиз жазо чораларини қўллаш лозим.
«Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда биргина 2023 йилнинг ўзида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ҳолатлар асосан катта тезликда ҳаракатланиш, йўл қоидасига амал қилмаслик оқибатида содир этилган. Бу каби нохуш хатти-ҳаракатларни олдини олиб, унга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарур деб ҳисоблайман.
Шу сабабли қонунчилигимизда белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан кўп катталикда ошириб юрганлик учун ҳеч қандай иккиланишсиз транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиш таклифини билдираман.
Яъни, шаҳар ичида тезлик 60 этиб белгиланган бўлса, 100 тезликда юрадиган «шоввоз» ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши шарт. Бу орқали фуқароларимизни масъулиятини ошириш ва йўлларда хавфсизликни таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаётини сақлаш ҳамда автоҳалокатлар сони камайишига эришамиз деган умиддаман», дейди у.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.