Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДЕҲҚОНЧИЛИК - БИР ЙИЛДА, АММО...

Халқимизда "Чорвачилик қирқ йилда, деҳқончилик бир йилда" деган нақл бор. Аммо, мана шу бир йил деҳқоннинг бошидан нелар кечишини ҳамма ҳам ҳис қилавермайди. Негаки, баҳордан то кузгача бўлган давр мобайнида табиат инжиқликларидан ташқари, экинларнинг турли касалликларга чалиниши, турли зараркунандалар хуружи уни чарчатиб қўяди. Булар бари катта маблағ билан боғлиқ. Улар таъсирида бунёд бўлган ҳосилнинг сифати паст бўлиши эса яна фермернинг даромадига салбий таъсир кўрсатади.

Ана шуларни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2018 йил 28 мартда "Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3626-сонли қарорини эълон қилди. Ушбу қарор фермер хўжаликлари, умуман деҳқонлар манфаатини ҳимоя қиладиган муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу масалага давлат аҳамиятига молик долзарб иш сифатида қаралаётганлиги ҳукуматимизнинг маъмурий ҳужжатларида ҳам ўз аксини топганлигида ҳам кўзга ташланади. Мазкур ҳужжатларга кўра карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини бузиш ёки чет мамалакатлардан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни чегарадаги дарё портларидан (пристанларидан), темир йўл станцияларидан, автовокзаллардан (автостанциялардан), аэропортлардан ва бошқа чегара пунктларидан ташиб чиқиб кетиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган. Бу ишни амалда рўёбга чиқариш эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари зиммасига юклатилган.
Зироатчилик билан шуғулланадиган фермер ва деҳқон хўжаликларининг манфаати учун хизмат қиладиган мазкур ташкилотнинг вилоят бўйича Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси бу борада ибратли амалий тадбирлар ўтказаётганлиги эътирофга молик. Жумладан ўтган олти ой мобайнида биргина Самарқанд туманидаги юздан зиёд фермер хўжаликларининг далалари кўздан кечирилиб, зарарли ўтлар ва зараркунанда ҳашаротларга қарши ишлов берилганлиги фикримизга далил бўла олади.
- Ғалланинг "занг" касаллигига ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ва мевали дарахтларига хавф соладиган зарпечак, девпечак ва какра сингари зараркунанда ўсимликларга қарши ишлов берилди. - дейди вилоят бўйича Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси назоратчи агрономи (инспектори) Абдуботир Раҳимов. - Бундан ташқари картошканинг "коларадо", "картошка куяси", олма дарахтидаги "шарқ мевахўри", иссиқхоналарда парвариш қилинаётган лимон дарахтларининг "оқ капалак" сингари зараркунанда ҳашаротларига қарши кимёвий дорилар сепилди. Биз бу кимёвий препаратларни ишлов бериладиган майдон сатҳи аниқ бўлгандан сўнг туман ўсимликлар клиникасидан оламиз.
Ҳудудий инспекциянинг фаолиятидан туманимиздаги фермерлар хурсанд. Негаки шу пайтгача 20 гектар жой какра зарарли ўтидан ва 701 гектар майдон зарпечакдан ҳоли этилди. Шунингдек, инспекция мутахассислари жойларда ушбу зараркунандаларнинг зарарли таъсири ва уларга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида 150 мартадан зиёд тушунтиришлар олиб боришди. Бу эса туманда экинлар ва боғлар ҳосилдорлигининг анча юқори бўлишига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилаётир.

Х. ҲАМРОЕВ


Дата добавления: 02/07/2018 11:35;   Просмотров: 1030
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку