Туманимиз бободеҳқонлари азал-азалдан табиат инжиқликларини енгиб, кўзлаган мақсад ва марраларга эришиб келганлар. Ўтаётган йилимиз ҳам улар учун ниҳоятда серташвиш ва имтиҳонли бўлаяпти, десак, муболаға бўлмайди.
Сабаби деҳқончилик соҳасининг энг оғриқли нуқтаси бу қурғоқчилик, яъни сув танқислигидир. Экинларни суғоришнинг ўзига хос қоида ва усуллари борки, улар деҳқонлар тилида «хокоб», «чилла суви», «яхоб», «гулоб» деб аталади. «Хокоб»экинларга экишдан олдин ёки кейин берилса, «чилла суви», «яхоб» асосан қиш фаслида амалга оширилиб, боғ ва токзорларга жуда ҳам асқотади. «Гулоб» эса деярли барча экинларга бирдек зарур бўлиб ҳосилнинг бўлиқ бўлишини таъминлайди. Айниқса, ғалла бошоқлари гуллаган паллада сувга қониқмаса дони пуч бўлиб, қолади. Бу эса ҳосилдорликка кескин таъсир кўрсатади. Ўлкамизда қиш ва баҳор фаслларида ёғингарчиликнинг меъёридан жуда кам бўлганлиги туфайли ерда етарлича нам тўпланмади. Ҳаттоки, ҳар йили тўлиб-тошиб мавжланиб оқувчи «Дарғом» каналида ҳам сувнинг ости кўриниб қолди. Туманимиз фермерларини обу ҳаёт билан таъминловчи «Янгиариқ» канали ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Шундай бўлсада туман ҳокимлиги, мутассади ташкилотлар томонидан мавжуд имкониятлар ишга солиниб, «Дарғом» дан насос орқали «Янгиариқ» каналига оз бўлсада сув ташланяпти.
Ғаллазорларни айланар эканмиз, қаердадир экинларнинг баравжлигидан дилимиз яйраса, айримларини кўриб, кўнглимиз хира тортади. Йўқ, бу билан биз кимдир яхши ишлаяпти, кимдир ёмон деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Фақат айтмоқчимизки, халқимизда «отанг мироб бўлса ҳам ўзинг сари об бўл» деган ақида беҳудага айтилмаган. Албатта, ер майдони қулоқбошида бўлган деҳқон билан қуйи майдонда деҳқончилик қилаётганларни бир-бирига таққослаш ҳақиқатга мос келмайди. Чунки, қуйидагиларга сув етиб келгунча, юқоридагилар экинларини яхшилаб суғориб олишади. Бироқ, қуйи ерларда ҳам ўзларидаги имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда «артезиан қудуғи» орқали экинларни яшнатиб қўйган фермерлар талайгина. Нима бўлганда ҳам бугунги синовли дамларда бободеҳқонларимиз ишларига омад, ризқ-рўзимиз ҳисобланган ғалла ҳосили мўл бўлишига Аллоҳдан барака тилаб қоламиз.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.