бу йилги сайловнинг бош мезони
Жорий йилнинг май ойида ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳалла тизимида сиёсий жараёнлар бошланади. Яъни, халқ томонидан сайланиб, амалда фаолият кўрсатаётган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоллари) ваколат муддати тугаши муносабати билан қайта сайлов бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан 2019 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсақоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
- Мазкур қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ сайлов уч босқичда ўтказилади, - деди фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Набиев. - Биринчиси бу тайёргарлик босқичи бўлиб, унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар кўрилади. Иккинчиси эса асосий босқич ҳисобланиб, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказиш, сайлов якунларини чиқариш, ОАВда эълон қилиш саналади ҳамда учинчи босқичда фуқаролар йиғини органларини шакллантириш, раисларини ўқитиш, уларнинг инновацон ва ахборот технологиялари бўйича билимларини ошириш керак бўлади.
Таъкидлаш жоиз, бу йилги сайловнинг аввалгилардан фарқи шундаки, сайловлар жараёни янги таҳрирда 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонун асосида ўтказилиши билан аҳамиятлигидадир.
Қонун бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, унинг тараққиётини, фаолият мезонларини белгилаб беради. Эътиборлиси, мазкур қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблар асосида амалга оширишга қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Хусусан: илгари фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 2,5 йил қилиб белгиланганди. Эндиликда, янги қонун билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати уч йилга узайтирилди. Бу эса маҳалла раисларига ўз маҳоратини тўлиқ намоён этиши учун кўпроқ имконият яратади.
Эндиликда уч йилга сайланадиган маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойи бўлиши, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади.
Янги тартибга кўра, энди фуқаролар вакиллигининг минимал нормасини белгилашда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сони инобатга олинади. Жумладан, ушбу норма сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатда фуқаролар йиғинида яшовчи ўртача 2 минг нафар сайловчи номидан 240 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.
Шунингдек, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилди. Қоида тариқасида ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Албатта, бу тизимнинг йўлга қўйилгани сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминлайди.
Кейинги ўзгаришлардан яна бири сайловда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланади, холос. Олдинги сайловда фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиси бир вақтда сайланарди.
Янги қонунга асосан биринчи фуқаролар йиғини раиси сайлови ўтгандан сўнг, бир ой ичида маслаҳатчилар сайланиб, комиссиялар шакллантирилади.
Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири маҳалла раиси сайловларида фақатгина яширин овоз бериш тизими ўрнатилади.
Шу ўринда ўтган галдаги сайлов жараёнларида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан асло кўз юммаслик лозим. Туманда 2016 йил май-июнь ойларида ўтган сайлов вақтида 7та қишлоқ ва 77та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлган ва уларнинг барчасида сайловлар ўтказилиб, раислар сайланган. Ўтган муддат ичида раисларнинг 26 нафари, яъни 7 нафари ҚФЙлар тугатилганлиги сабабли, 2 нафари вафот этганлиги боис, 3 нафари мансабини суиистеъмол қилганлиги учун, 3 нафари соғлиги ва қолганлари ўз аризаларига кўра вазифасидан озод этилган.
Жойларда тушунтириш ишларининг яхши ташкил этилмаганлиги боис айрим ҳудудларда қонун бузилишлари ва белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаслик ҳолатлари юзага келган. Айрим маҳалла раислари гуруҳбозлик, таниш-билишчилик орқали, ҳудудий ҳокимликларнинг келишувисиз ўз номзодларини қўйишган.
Бу эса жойларда тузилган ишчи гуруҳларнинг яхши ишламаганлиги ёки бўлмаса юзаки (маҳалла оқсоқоли томонидан) тузилган ишчи гуруҳларининг масъулиятсизлиги, ўз ишига эътиборсизлиги сабабли сайловнинг адолатли тамойиллар асосида ўтмаганлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, сайлов бу сийлов эмас. Шунинг учун ҳам бу йилги сайловда олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолият соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозониб келаётган энг муносиб номзодларни сайлаб олишимиз керак. Шундай экан, жойларда кўпроқ тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида аҳамият қаратиш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, сайловни қонунга мувофиқ, юксак демократик тамойиллар ва ошкоралик руҳида ўтказиш ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга ҳамда юртимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Тошпўлат ЮСУПОВ
ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.