Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон манфаатлари, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бош мезон сифатида белгиланган. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган улуғвор ғоянинг илгари сурилиши давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Энг муҳими, давлат идораларининг халқимизга яқин бўлишлари учун сайёр қабул тизими жорий этилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Азиз Тошпўлатов Гулобод қўрғонидаги 12-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида сайёр қабул ўтказди. Унда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан фуқаролар ташриф буюриб, ўзларининг муаммоларини мутасаддиларга баён этишди. Туман ҳокимлиги масъуллари сайёр қабул талаб даражасида, адолатли ва муаммосиз ўтиши учун барча шароитларни яратди. Шундан сўнг, қабулга келган фуқаролар ариза ва шикоятлари бўйича вилоят Ички ишлар бошлиғига мурожаат қила бошлади. Эътиборлиси, аксарият фуқароларнинг муаммолари шу ернинг ўзида ҳал этилди.
- Оиламиз моддий жиҳатдан анчадан буён қийналиб келади, - дейди Миришкор маҳалласида яшовчи Муҳаррам Қурбонова. - Шу боис ўғлимни уйлантира олмаётгандик. Ушбу муаммо билан Азиз Тошпўлатовга мурожаат қилгандим, мурожаатим қаноатлантириладиган бўлди, жуда хурсандман. Ислоҳотлар бошида турган Президентимизга, вилоятимизнинг раҳбарларига мингдан-минг раҳмат.
Сайёр қабулдан сўнг вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Тошпўлатов билан суҳбатда бўлдик.
- Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланиши ва самарали ҳимоя қилинишининг муҳим омилларидан биридир, - деди Азиз Анварович. - Шу боис миллий қонунчилигимизда фуқаролар мурожаатлари масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 10 апрелда имзоланган "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Айниқса, мазкур фармонда ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айланмоқда. Бундан ташқари, халқ билан аниқ мақсадни кўзлаб ўтказиладиган тизимли мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолининг энг муҳим муаммолари ҳал этилишига ҳар томонлама кўмаклашишга интиляпмиз.
Хабарингиз бор, ҳозирги пайтда туманларимиз ҳам тўрт секторга бўлинган. Учинчи секторга туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Абдурасул Сулаймонов масъул. У шу йилнинг ўтган даврига қадар 217 нафар фуқарони қабул қилиб, 149 нафарининг муаммо ва мурожаатлари қаноатлантирилди. Асосий бурчимиз фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамиятда ҳар томонлама соғлом муҳит яратиш ҳамда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдир.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.