Самарқанд шаҳри қадим-қадим замонлардан Шарқ гавҳари, Буюк Ипак Йўли чорраҳасида жойлашган илм ва тамаддун бешиги бўлиб келган. Қадим замонлардан Самарқанд шаҳри ўзининг фусункор табиати, мўътадил обу ҳавоси, ширин мевалари билан инсониятни ҳайратга солиб келмоқда. Самарқанд шаҳрининг оламга маълум ва машҳур бўлишига унинг атрофида жойлашган маҳалла ва қишлоқларнинг ҳам ўз ўрни бор. шундай қадимий маҳаллалардан бири "Даштаки Боло" деб аталади.
"Даштаки Боло" мавзеи ҳақидаги дастлабки маълумотлар мелодий 5-6 асрларга тегишли араблар истилоси ва ислом дини тарқалишидан олдин "Даштак" мавзеи "Дарвозаи Ревдод" номи билан машҳур бўлиб, шу ерда "Ревдод" қалъасининг дарвозаси жойлашган. Тилшунос олим Н.Б.Бегалиевнинг таъкидлашича "Ревдод" қалъаси Суғд ихшидларининг қароргоҳи бўлган ва дарвоза шаҳардан чиқишда "Ревдод" қалъасига борадиган йўлга қурилганлиги учун "Дарвозаи Ревдод" деб аталган. (Н. Б. Бегалиев. Самарқанд топономияси. Самарқанд. 2011 йил. 18-саҳ). "Дарвозаи Ревдод" мавзеи Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Темурийлар ҳукмронлиги даврларида ҳам мазкур ном билан машҳур бўлиб, бу ерда серҳосил боғлар, турли хил токзор ва обод маҳаллалар жойлашганлиги рост.
Аммо ХVII ва ХVIII асрнинг бошларида Мовароуннаҳрнинг тарқоқлиги, Аштархонийларнинг ўзаро урушлари ва босқинчилик хужумлари натижасида Самарқанд шаҳри таназзулга юз тутади. Масалан, қозоқлар хони Таваккалхон Шайбонийлар ва Сафавийлар ўртасидаги низолардан фойдаланиб, Мовароуннаҳрга ҳужум қилади. У Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини эгаллаб, мазкур шаҳарларда қулоқ эшитмаган хунрезликларни амалга ошириб, Самарқанднинг мадрасалари ва масжидларида от ва молларини жойлайди. Самарқанд шаҳрининг обод боғу роғлари, таърихий обидаларини ер билан яксон қилиб, Самарқанд аҳолисини қиличдан ўтказади (Қаранг:Абдураҳимов М. А., История Узбекской ССР, т. 1, 1667,). Бу билан Самарқанд осмонида келган қора булутлар тарқалмайди. ХVII асрнинг таниқли адабиётшунос олими ва тазкиранависи Малеҳо Самарқандий ўзининг «Музаккирул-асҳоб ё тазкиратуш-шуаро» деб номланувчи тазкирасида ёзишича Аштархонийлардан Абдулазизхон даврида Самарқанд шаҳри ва атрофидаги маҳаллалар харобаликка юз тутиб, у ерда яшовчи халқ турли томонга тўзғиб кетади. Хусусан, Субҳонқулихон даврида унинг фармойиши билан Ер юзининг сайқали Самарқанд аҳолиси оммавий қатлга ҳукм қилиниб, шаҳар вайронага айланди. Самарқанд халқи бу бедодликлардан қутулиш ва жон сақлаш мақсадида ўз ерларини ташлаб тоғлар ва бошқа шаҳарларга қочиб кетиб, шаҳар кимсасиз ва хароба ўлкага айланади. (Қаранг: Малеҳо Самарқандий. Музаккирул-асҳоб ё тазкиратуш-шуаро. Ўзбекистон фанлар академиясининг қўлёзмалар фонди. 58/1 рақам). ХVII асрда Самарқанднинг вайрон бўлиши ва шаҳар аҳолисининг қатлиом этилиши шаҳардан ташқарида қўркам боғлар ва обод ерлардан иборат "Дарвозаи Ревдод" мавзеига ҳам таъсир кўрсатиб, мазкур жой кимсасиз дашту биёбонга айланди.
Самарқанд шаҳри ва атрофи манғитлар ҳукмронлиги даврида, хусусан Амири Маъсум-Амир Шоҳмурод даврида бошқатдан обод бўла бошлади. Филология фанлари доктори, профессор С. Саъдиев «Маркази адабии Самарқанд дар шоҳроҳи таърих» (Тошкент: -Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2012 йил) номли китобида таъкидлашича Самарқанд Амир Шоҳмуроднинг оқилона сиёсати ва ҳувиллаб қолган Самарқандга бошқа ерлар одамларини кўчириб келиши натижасида қайтадан жонланди. Амир Шоҳмурод даврида илгари "Дарвозаи Ревдод" номи билан маълум бўлган мавзеда ҳаёт қайтадан ривожланди. Кўчиб келган аҳоли бу ернинг сувсиз ва кимсасиз бўлганлиги сабабидан мазкур жойни "Даштак" (Кичик биёбон) деб атай бошлайдилар. "Даштак" топоними Дашт – биёбон, чўл ва тожикча ак-кичрайтириш аффиксидан тузилган. (Қаранг: Фарҳанги забони тоҷикй. Москва. 1 т. 1969. 345 саҳ.) "Даштак" мавзеига Дарғом каналидан «Жўйи шаҳар» ариғи орқали ариқ кавлаб, сув олиб келадилар ва мазкур ариқ ҳам «Жўйи Даштак» (Даштак ариғи) номини олади. Шундан сўнг "Даштак" мавзеида одамлар кўпайиб, бу ерда турли хил боғлар ва токзорлар бунёд этилиб, қишлоқ обод бўла бошлайди. "Даштак" мавзеи катталашиши ва одамларнинг кўпайиши натижасида XIX асрнинг бошларида "Даштак" мавзеи 3 қисмга бўлинади. "Даштак", "Даштаки Боло" ва "Даштаки Поён". Тарихий манбалардан маълум бўлишича Чор Россияси даврида "Даштак", "Даштаки Боло" ва "Даштаки Поён" маҳаллалари Шовдор туманининг «Маҳалла» волостнойи таркибига кирган. Тилшунос олимлар З. Дўсимов ва Х. Эгамовларнинг "Жой номлари қисқача изоҳли луғати"да "Даштаки Боло" топономи қуйидагича изоҳланган: "Даштаки Боло" Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги қишлоқ. Топоним қуйидагича тузилган–дашт-ак кичрайтириш аффикси, яъни «кичик дашт», «боло тепа ёки юқори»… деган маънони англатади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Босит Ҳамроевнинг таъкидлашича XX асрнинг бошларида "Даштаки Поён" маҳалласи «Рустам» номи билан, "Даштаки Боло" маҳалласи "Оқмасжид" номи билан юритила бошланади. Собиқ шўролар даврида қадимги "Даштак" мазеида "Ленин байроғи" жамоа хўжалиги тузилади ва мазкур жамоа хўжалиги ҳудудида бунёд этилган қишлоқ фуқаролар йиғинига "Даштаки Боло" номини берадилар. Ўша вақтда "Даштаки Боло" қишлоқ фуқаролар йиғини "Ражабамин", "Кафтархона", "Чармгари", "Мўлиён", "Қумзор", "Шалғамон", "Маҳалла", "Қўшмасжид" ва "Қозиқўрғон" маҳаллалари билан чегарадош бўлган. "Даштаки Боло" топономи қадимий номлардан бўлиб, ҳозирги кунда илгариги "Даштаки Боло" ва "Даштаки Поён" маҳаллаларида 11 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.
Нодир ҚАЮМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.