2014-2015 йилари Чўпонота тепалигида икки гектар ерда арчазор барпо этилди. Вилоятимизнинг тажрибали боғбони, табиатшунос Баён Хуррамов бу ерга элдор қарағайи, каштан, Қрим қарағайи каби манзарали, кислород ишлаб чиқарувчи дарахт кўчатларини экиб, дастлабки йили сувни катта бочкаларда техника ёрдамида ташиб келтирдилар, ниҳолларни суғориб саратон иссиғидан, тоғ-тошларнинг "ловуллаши" дан эсон-омон олиб чиқди, олма, ўрик ҳам экди. Шундоқ катта йўл бўйида қирда ажойиб боғ-яшил арчазор кўзга ташланди. Мўъжазгина уйча қуришди, икки шогирди шому кундуз меҳнат қилди. Қўчат ҳам ўт иштирдилар.
Баён ака ўрмон хўжалигида масъул лавозимда ишласалар-да бир оёғи арчазор боғда эди. - Арчанинг тўрт хил навини экдик.-деганди уйга-ҳовлида чорпоядаги суҳбатлардан бирида Баён Хуррамов (жойи жаннатда бўлсин). - Бири кичкина, бўйи бир метрча - барги зич ва дарахтнинг кўриниши қовунсимон, бири шохлари тарқоқ нина барглари узун-узун, бўйи 8-10 метрча бўлади, бири эса шохлари, нина барглари майин ва қалин-бўйи 8-10 метрга боради. Яна бири эса нина барглари кулранг, жуда чиройли. Булар менинг янги боғимнинг рамзи- кўрган кўзларни қувнатади. Ҳозир Самарқанд шаҳри кўчалари, йўл бўйлари хиёбонлар шу хилли арчаларга тўлуғ, меҳмону сайёҳларнинг кйфиятини кўтаради. Мирзо Улуғбек расадхонаси атрофидаги турли хил арча, каштан, Қрим ва элдор қарағайи кўчатларини ўзимиз экканмиз, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари саъй-ҳаракати билан бугун Оби-Раҳмат даҳаси кўркам ва обод бўлди. Гулобод шаҳарчаси йўл ва хиёбонларига арчалар экканмиз. Баён ака табиатга, гулу райҳонларга шайдо инсон бўлиши баробарида тарихни яхши билар, кўҳна шаҳар атрофини ўраб турган боғлар, тоғлар, ҳовуз ва ариқлар ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қиларди. - Манзарали боғ яратиш орзуси билан юрганимда ер танлаб кўп жойларни кўрдим, иқлим шароитини ўргандим, - деб қизиқ бир воқеани гапириб берганди Баён ака. - Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик илмий тадқиқот институтининг боғбони, пайванд устаси Амрилло укамиз билан Дарғом канали бўйларини отда юриб роса кузатдик. Дарғом кўҳна ариқ, унинг тарихи бир неча юз йилликларга бориб тақалади. Зарафшон дарёсининг бир ирмоғи, Равотхожадан бошланиб Тайлоқ, Ургут, Самарқанд ва Паст Дарғом туманлари экин майдонларини суғоради, Паст Дарғомнинг этагида Қашқадарёга қўшилади. Равотхожадан пастга тўғон ва дарғотларни, чархпалакларни кўриб, Ўрай, Элипок, Боғизағон, Найзатеппа қишлоқларида одамлар билан суҳбатлашиб, ҳақиқий мўъжизанинг гувоҳи бўлдик. Сув бўйида олмазор, ўрикзор, ёнғоқзор, шафтолизор боғларни кўрдик. Одамларнинг ерга меҳри шунчалик кучлики, Дарғом бўйларида тошлоқ, қаттиқ ерларни тозалаб, кетмон билан жаннат яратганлар. Боғизоғонлик Тошпўлот ака, сочаклик Аброр ака, Найзатеппадан Муҳсин ака, Хожа Аҳрор даҳасидан Ортиқбой акалар яратган боғларнинг ҳосилидан баҳраманд бўлдик. Гулистон маҳалласи Оҳалик тоғларига туташ, шу маҳалладан бир киши Дарғом ариғи бўйида 30 сотихли узумзор барпо қилганки, сувни 25 метрли чуқур жарликдан электр нассос билан тортиб чиқаради. Жуда кўп қишлоқ, маҳаллалар Наврўзни Дарғом бўйларидаги чорбоғларда нишонлашади. Масалан, Найзатеппа, Катта Сочак, Гулобод шаҳарчасидаги маҳаллалар илгари Наврўз сайлини боғларда сув бўйларида ўтказишган. Ҳаво очиқ, юлдузли тўнларда сумалак қозони атрофида лапар, ялла айтиб, тонггача ўйин-кулгу, байрам бўлган. Бу одат Паст Дарғом тумани маҳаллаларида ҳам бор, айниқса, Арабхона, Жағалбойли маҳаллалари аҳли сув ёқасида жарликлар тепасида баҳорни кутиб олишади. Бир йили шундоқ Дарғом ариғидан юз-икки юз метрча нарида "Стеклопластик" корхонаси ҳовлисида Наврўз байрами бўлди. Биродарим тадбиркор ҳам вилоят Кенгаши депутати Ўктам Саидмуродов боғда ажойиб дастурхон ёзди. Бу ердаги турфа мева кўчатларни икковимиз танлаб экканмиз. Боғбонликка иштиёқи баланд Ўктам дўстимиз 22 мартда ишком сўриларга узум, олма, анорни шунақа ўхшатиб осганки, худди ҳозир пишган ноз-неъматлар дейсиз. Бир чизма рангли сурат тайёрланганки, унда Дарғом кўпригидан тахти Қарача давони йўли икки четидаги боғлар, кўприкдан қарши йўли чап томонидаги олмазор боғлар, деҳқонлар тасвирланган. Боғи Беҳишт, Боғи Эрам, Боғи Зоғон, Боғи Дилкушо сингари соҳибқирон Амир Темурнинг боғлари 1998 йиллардан янгитдан барпо этилдики, суғориш тизими бораси Дарғом ариғи ва унинг ирмоқларидан сув ичади. Тўртта туман ҳудудидаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари шу ариқ суви туфайли яшнамоқда.
Билсам, баҳор Дарғом бўйларидан бойчечак, чучмомо, ялпиз, исмалоқ ниш уришидан, бўтакўз қийғос очилишидан бошланаркан, одамлар, майин еллар сабосидан бошланаркан. Кўп-кўп боғбонлар, соҳибкорлар Дарғом бўйидан ер таклиф қилишди, аммо насиб қилгани Кўҳак тепалиги Чўпонота бағри бўлди. Юртимизда баҳор, уйғониш ва яшариш, фасли ўз таровати ила кишиларни меҳнатга, яратувчилик ишларига ундамоқда. Президентимизнинг "2020 йил Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва кенг нишонлаш" тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Самарқанд тумани маҳалла ва гузарларида қизғин тайёргарлик кўрилди. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб - қувватлаш бўлими, маданият бўлимлари томонидан тадбирлар сенарийсида ҳалқ оғзаки ижоди намуналари, фольклор-этнографик ансамбллари иштирокида халқ сайли ўтказилади.
- Менинг аёлим болачаларга қўлда тўн, дўппи тикади, - дейди Жўйисой маҳалла фаоли Хуршед хожи. - Насиб бўлса, Конигил қишлоғимизнинг Наврўз байрамида миллий кийимлар намойиш этилади. Сиёб ариғи устидаги чархпалакка турфа гуллар экаяпмиз. Қўлимизда бойчечак, чучмома...
У. СИРОЖЕВ
Н. КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.