Дарахтнинг кўркам барглари қийғос очилибди. У ўзининг япроқлари бу қадар чиройли бўлганлигидан ўзгача жўшқинлик билан қувонарди. Аммо “Бунча чиройли “дейдиган бирор кимса йўқлиги боис маъюс эди. Дарахт одам кам қатнайдиган кўм-кўк даланинг ўртасида ёлғиз ўзи турарди.
Майин шабада дарахт япроқларини тебратиб, ўтарди. Шу шаббада дарахт баргларининг хушбўй ифорини ҳар томонга ёярди. Хушбўй ифорлар эса дарёлар оша , буғдой даласи узра турли водийларни кезиб ўтарди.Ниҳоят капалаклар тўдаси қўнган картошка даласигача хушбўй ҳидлар димоғларга урилди. “Вой,қандай ажойиб, -деди картошка баргига қўнган бир капалак жойидан қўзғалмай, бунчалик ёқимли ҳид? Ниманинг ҳиди экан, - дея ажабланди. - Ростдан ниманинг ҳиди экан, қаердан келди? – деб бошқа бир япроққа қўнган капалак атрофга қаради. Бучи, ҳув ана у ердаги водий ўртасидаги дарахтнинг ҳидлари менимча”.
Шундай қилиб , картошка даласига қўнган капалаклар ёқимли ҳиддан баҳраманд бўлишибди. Ифорларни ҳидлаб-ҳидлаб шамол йўналиши бўйлаб, водий сари йўл олишибди. Йўл-йўлакай капалаклар қолган ошна-оғайниларини айтишиб, дарахт турган водийга боришга келишишди. Кейин дарахт учун дўстлар давраси бўлишиб, байрам қилишни режалаштиришди. Дарахт баргларига бирма-бир қўнган капалаклар қанотларини кенг ёйиб, хушбўй ифорларни тўйгунча ҳидлашибди. Энг катта капалак биринчи бўлиб қийғос очилган баргга қўнибди. Бошқалари ҳам галма-гал баргларда қўним топишди. Мафтункор ҳидлардан яйрашиб, завқланишибди. Бу байрамдан хабардор бўлган қолган капалаклар буғдой даласи оша учиб кела бошлашибди. Даладан учиб келаётган капалаклар орасида кичик, қанотлари нимжон бир капалакча ҳам бор бўлиб, тўдаси билан тез учишга кучи етмай йўлда дарё устига бир баргга бироз ҳордиқ учун тўхтабди. Шунда ёнидаги баргга ўтирган қўнғизчага кўзи тушибди. Қўнғизча ухлаган экан, кўзини очибди. Шунда ҳалиги капалак “Сен кимсан? –деб сўрабди”. Мен тилла қўнғизчаман “–дея жавоб берибди қўнғизча. “Биласанми, ҳув ана у ерда- водий ўртасидаги дарахтнинг янги очилган барглари шарафига байрам қиляпмиз , сенам бизга қўшил, биргалашиб байрам қиламиз” –деб капалакча уни таклиф қилибди. Шунда тилла қўнғизча -“Лекин мен тун қўнғизиман, сизларнинг даврангизга мени қўшишармикан? “деб сўрабди.
“Бизнинг даврада бундай сўзга ҳожат йўқ”-деб унга яна кўп маслаҳатлар берибди ва тилла қўнғизчани ўзи билан бирга олиб кетибди. Бирам ажойиб байрам бўлибдики. Капалаклар дарахт атрофини ўраб гўё пардек юмшоқ баргларга қўниб роса базм қилишибди. Япроқларига қўниб дарахт гулининг тотли ширасидан қоринлари тўйгунча ебдилар.
Бироқ кеч тушиб, тун ўз ҳукмронлигини бошлабди. Шунда барча капалаклар “яна бироз байрам қилайлик, ҳали қайтмайлик, базм яхши кетяпти”,-деб келишибдилар. Шундай қилиб, тилла қўнғизчалар ҳам дарё оша тизилиб дарахт байрами базмига ошна-оғайниларини бошлаб келишибди. Биргалашиб байрам қилибдилар. Капалаклар ва тилла қўнғизчаларнинг давралари кечқурун худди дарахтга юлдузли чироқчалар ўрнатилгандек кўринар экан. Байрамга келганларнинг барчаси мамнун туни бўйи базм қилишибди.
Япон тилидан
Мубина СОЛЕЕВА таржимаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.