Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДАБДАБАБОЗЛИККА ЧЕК ҚЎЙИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИКАН?!

Тўй халқимизнинг умри давомидаги энг эзгу орзу-тилаги. Инсоннинг ўз хурсандчилигини хешу ақраболари, дўсту биродарлари билан билан баҳам кўриш шодиёнасидир. Эътироф этиш лозимки, тараққий этиб бораётган жамиятда оилаларнинг фаровонлиги, халқнинг тинч-тотувлиги ошиб бораётганлиги қувончли ҳолдир. Бироқ, жойларда ўтказилаётган тўй-маъракаларда исрофгарчилик, дабдабабозликка йўл қўяётган, данғиллама уйи, барчанинг оғзига тушадиган маъракаси орқали ўзини кўз-кўз қилишга интилаётган кишилар кўпайиб қолди. Уларга тенг келаман, деб чиранаётган айрим нодон кишиларнинг қарзга ботиб қолиши оқибатида қудалар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат йўқолиб, ноиттифоқликлар, жанжаллар ва ажралишлар кўпайганлиги сир эмас

Шуни эътиборга олиб, ЎзМТДПдан Халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат Шерали Ҳамроқулов ташаббуси билан тумандаги тўй-маъракалар ўрганилиб, "Гулобод тонги" газетасида туркум мақолалар эълон қилинди. Зеро тўй-маъракалардаги камчилик ва муаммоларнинг ечимини топмоқлик кечиктириб бўлмас зарурат эди.
Шу важдан 2015 йилнинг июль ойидаги сессияда бу масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди ҳамда барча маҳаллаларда тўй-маъракаларни ўтказиш бўйича плакатлар чиқарилди.
Мулоҳаза юритиб кўрсак, тарғиботни тушунмайдиган айрим кишиларнинг маънавий қашшоқлиги сабабли туман раҳбарлари, жамоатчилик, Хўжа Аҳрори Вали имом-хатиби Баҳодир Шарипов, Хўжа Абди Берун имом-хатиби Лутфулло Ибодуллаев, Имоми Аъзам масжиди имом-хатиби Абдураҳим Пўлатовларнинг амри маъруф ва тарғибот-ташвиқотини ҳурмат қилмайдиганлар ҳам топилади.
Шуни назарда тутиб, тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ҳамкорлигида Самарқанд туманида 2017 йилнинг 28 октябрида Халқ депутатлари туман Кенгашининг 37-сессиясида Жамоатчилик Кенгаши тузилди. Кенгаш таркиби эълон қилинди. Масъул шахслар зиммасига тўй-маъракалар, ресторан, тўйхоналарни тартибга олиш, лицензиясиз санъаткорларни маъракаларга қўймаслик, маъракани ўтказиш меъёрларига бўйсунмаганларга Жамоатчилик Кенгаши томонидан адолатли жарима солиш назорати амал қилиш даври келди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори лойиҳасига асосан ҳар бир идора ва ташкилот, маҳаллаларда, аҳоли вакиллари иштирокидаги давраларда кенг муҳокама қилинди. Сенат қарори лойиҳасига илова қилинган Низомга кўра, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15 гача ўтказилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўймаслик, тўй-ҳашамларни 150 нафаргача, ош бериш маросимларида 200 нафаргача киши қатнашиши назарда тутилмоқда. Албатта, асосий қарор яқин орада чиқиб қолади. Вақт, кишилар сони борасида жузъий ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкнн. Аммо ўз вақтида нохуш ҳолатлар – ортиқча сарф-харажат, дабдабага асосланган тўй-ҳашамларга барҳам бериш даври келмадимикин? Ҳалиям айрим одамларнинг гувоҳлик беришларича, "Гран султан" каби базмгоҳларда бир ўриндиғи 120 минг сўмдан бўлса-да 400 кишига тўй бераётганлар бор экан! Сиз бунга нима дейсиз.

Раҳимжон НАИМОВ,
ЎзМТДП туман Кенгашининг раиси


Дата добавления: 09/05/2018 14:38;   Просмотров: 1048
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку