Чирмовуқлар (зарпечак ва девпечак)ни ер шарида 274дан ортиқ турлари аниқланган бЎлиб, Ўзбекистон Республикасида уларнинг 17 тури учрайди. Шулардан 13 тури ўсимликларга жиддий зарар келтиради.
Чирмовуқлар паразит ҳаёт кечиради, уларда фитосинтез жараёни кузатилмайди, барг, илдиз системалари бўлмайди. Илдиз вазифасини чирмовуқларда ўсимлик танасига ёпишиб олувчи гаусториялар бажаради. Шу сабабли гули ўсимликлар системасида чирмовуқлар алоҳида таксомоник гуруҳга киритилган.
Чирмовуқлар қишлоқ хўжалик экинларига жуда катта зарар етказади. Улар экинларнинг танасига гаусториялари ёрдамида ёпишиб олиб, органик ва ноорганик моддаларни сўриб олади, натижада ўсимлик заифлашиб нобуд бўлади. Июнь-июль ойларида чирмовуқлар гуллайди, иссиқ об-ҳаво шароитида икки-уч ҳафтада уруғи пишиб етилади. Уруғларнинг тиним даври ҳар хил - бир неча кундан бир неча йилгача бўлиши мумкин. Барча чирмовуқлар совуққа чидамсиз бўлиб, ҳаво ҳарорати 14*С дан пасайганда ўсишдан тўхтайди ва нобуд бўлади.
Чирмовуқларга қарши курашишда агротехник ва механик кураш чоралари етакчи ўринда туради. Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Республикамиз ҳудудида ички карантин аҳамиятига эга бўлган бегона ўтларга, яъни "зарпечак", "девпечак" чирмовуқли, "судралувчи какра" ва "эрмон баргли амброзия" бегона ўтларига қарши кенг қамровли оммавий курашни ташкиллаштириш ҳамда халқ орасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида жорий йилнинг 1-15 июнь кунлари "Долзарб ўн беш кунлик" деб эълон қилинган. Шунинг учун ушбу муддатда деҳқонларимиз экин майдонларини яна бир бор кўздан кечириб, зарарланган ўсимликларни зудлик билан чопиб ёки кесиб олиб, кўмиб ташлашлари ёхуд ёқиб юборишлари лозим бўлган ҳолда теварак атрофини тозалаб қўйишлари шарт. Тадбир ўтказилган майдонлар доимий кузатувда бўлиб, чирмовуқ бутунлай йўқолиб кетгунча ҳар 7-10 кунда назорат қилиб турилади. Шунингдек, янги экин экиладиган дала майдонлари ҳам яхшилаб текисланади. Экишдан 10-15 кун олдин бароналаш ишлари амалга оширилиб, тавсия этилган кимёвий воситалар билан ишлов берилади.
Юқорида айтилган тартиб-қоидаларга риоя қилган миришкор деҳқонларимиз албатта, кўзлаган мақсадларига эришади.
Ф.АБДУХАМИТОВ
А.РАҲИМОВ,
Давлат карантин инспекторлари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.