ёхуд "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалигида бўлаётган можаролар ҳақида
Мамлакатимизда мустақиллик шарофати билан жамоа хўжаликларига (собиқ колхоз тизими) барҳам берилиб ерлар фермерлар қўлига ўтди. Фермер илгариги хўжалик раисларининг вазифасини бажариш баробарида ўзига тегишли ерни деҳқонларга тақсимлаб, уставга (Низом) кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар асосида ишлашлари керак бўлади.
Мазкур устав (Низом) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2004 йил 26 августдаги 693-11-сонли қарорига мувофиқ "Фермер хўжалиги тўғрисида" ги янги таҳрирдаги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги 607-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 11 январдаги "Мева-сабзавотчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПК-255-сонли қарори ҳамда туман ҳокимининг 2006 йил 11 мартдаги № 394-К сонли ва 20 мартдаги 1007-К сонли қароририга асосан тузилган ҳамда фермерлар учун дастурил амал бўлиб хизмат қилади.
Тумандаги "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги раҳбари Раҳмат Собиров 2006 йилдан бошлаб фермерлик фаолиятини юргизиб келмоқда ва 34 га ер майдони бор. 2006 йили Нилуфар Зайниева, Акобир Миров, Жўрабек Муродов, Алишер Сувонқулов, Орзуқул Холиқов ва Сангин Иброҳимовларни аъзо сифатида ишга қабул қилиб, 5 га ер тақсимлаб берган ва шартнома тузган. Ишчилар бу ерларга ток кўчатлари экиб ўз маблағлари ҳисобидан битон устун (шпаллер) ўрнатиб, токларни симга тортган. Алишер Сувонқулов (1 га), Жўрабек Муродов (0,80га) қора кишмиш навли, Акобир Миров (0,70 га), Нилуфар Зайниева (0,80 га) тойфи навли узум эккан. Токларга яхши ишлов бериб, минерал ўғит солиб, зараркунандаларга қарши кимёвий дорилар сепиб, хомток, суғориш ишларини ўз вақтида амалга ошириб мўл-кўл ҳосил етиштириб келишган. Ҳар йили юқори ва сифатли узум етиштириб, олдиларига қўйилган мажбуриятни ҳам тоннаси ҳам пул суммасини ортиғи билан бажариб келган. Лекин 2016 йил сентябрь ойидан буён фермер раиси Раҳмат Собиров ва олти нафар аъзолари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Олти нафар аъзоларини ишдан ҳайдаб ерни ўзининг яқин-қариндошларига олиб бермоқчи бўлган. Ишчиларнинг иш ҳақлари қисман берилган.
Бу ноҳақликлардан фермер хўжалиги ишчилари Н.Зайниева, Ж.Муродов, О.Ҳамидов, С.Иброҳимов, А.Миров ва А.Сувонқуловлар туманнинг ўша вақтдаги ҳокими Ш.Жамоловга 2018 йил 5 сентябрь куни шикоят хати билан мурожаат этганлар. Ушбу мурожаат хати тегишли мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилиб, хулосаси 2018 йил 13 сентябрда туман ҳокимлигига, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ҳамда аризачиларга туман Агромониторинг МЧЖ директори Н.Ҳақбердиев томонидан етказилган. Мутахассис хулосасини айнан келтирамиз: «Юқоридаги ишчилар аризаларига асосан ишга қабул қилиниб ҳар бир ишчи ҳақида фермер хўжалигининг қарори қабул қилинган. Фермер хўжалиги томонидан ҳар бир ишчи билан меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) расмийлаштирилган, ҳар бир ишчи ходимлар билан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва хизмат учун фермер хўжалиги ва аъзо ўртасида ички шартномалар тузилган.
Фермер хўжалиги раҳбари агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаган, ишчи ходимларга белгиланган тартибда меҳнат шароитлари яратилмаган, ишчи ходимларга меҳнат ҳаққи меёрга нисбатан кам ёзиб берилган, ишчи ходимларга фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб меҳнат қонунчилигига зид равишга бир томонлама шартномалар тузилган ва уни ижроси бўйича кўпол тарзда маҳсулот ундириб олинган. Ишчи-ходимлар устидан ҳуқуқ-тартибот органларига доимий равишда ҳар хил важларни келтириб мурожаат қилинган, рейдлар ўтказиб натижада ишчилар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини "ноқонуний олиб чиқариляпти" деб ўзи томонидан жарима қўлланган. Мурожаатни ўрганиш вақтида мурожаатга кўрсатилган барча важлар ўз тасдиғини топди. Бундан ташқари юқорида кўрсатилган барча ишчилар сурункали равишда шартнома мажбуриятларини бажариб, меҳнат шартномасини улар томонидан бузилмаганлиги, аксинча фермер хўжалиги раҳбари томонидан бузилганлигини маълум қиламиз».
Афсуски, мутахассис хулосасига кўра ҳам ишчиларнинг талаби қондирилмаган, натижада улар фермер хўжалиги раисининг ножўя ҳатти-ҳаракати юзасидан 2019 йил 15 март куни туман ҳокимига такрорий хат билан мурожаат этишади. Фермер хўжалиги раҳбари масъулиятсизлиги билан ишчиларнинг иш ҳақлари вақтида тўланмаганлиги боис уларга ойлик маошларидан қарздор бўлиб қолади. Хусусан, Нилуфар Зайниевадан 2019 йил 1 январ ҳолатига 2.337.500 сўм, Акобир Мировдан 954.944 сўм, Жўрабек Муродовдан 2.099.429 сўм , Алишер Сувонқуловдан 4.522.935 сўм, Орзу Ҳолиқовдан 2.774.609 сўм, Сангин Иброҳимовдан 1.760.000 сўм, жами бўлиб 6 нафар фермер хўжалиги аъзоларидан 12.543.939 сўмлик қарздорлик мавжуд бўлган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарорига асосан фермер хўжалиги томонидан ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, уни техника хавфсизлиги қоидалари, меҳнат мажбуриятлари, жамоа шартномаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш, иш ҳақларини белгиланган муддатларда тўлаш, ходимлар билан келишувига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш ҳам пул, ҳам натура тарзида амалга оширилиши лозим бўлсада, "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги раиси томонидан аъзоларнинг розилигисиз жами 6 кишига 7.830.000 минг сўмга узум олишган, деб иш ҳақларидаги қарздорлик ёпилган. Бундай адолатсизликлар туфайли ишчиларнинг норозиликлари, асаб бузарликлар авж олмоқда.
Мен кўп фермер хўжалиги раислари, уларга ишлайдиган ишчи ходимлар билан мулоқотда бўлганман. Масалан "Аъзам-Азамат агро" фермер хўжалигида юз кишидан зиёд ишчилар ишлайди. Улар ойма-ой 1,5 миллиондан 3 миллионгача маош олишади. Уч маҳал иссиқ овқат, (йўл кира) ишга бориш-келиш корхона ҳисобидан. Ҳар бир ишчига 0,10 га ер ва уруғлик, техника, маҳаллий ўғит бепул фермер ҳисобидан, таъминланади. Буни ҳақиқий фермер хўжалиги десак арзийди. Бошқа фермер хўжаликларда ишлайдиган ишчи ходимлар қаромоғида бўлган ер, боғ, узум маҳсулотларини шартномага белгиланган миқдорини топшириб, қолган қисмини ўз оиласи манфаати учун фойдаланади. Майиз қилади. Шунинг ҳисобидан уй қуради, тўй қилади. Ҳайрон қоласан киши. Нима учун "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги раиси Раҳмат Собиров ўз ишчиларини ҳимоя қилиш ўрнига улар етиштирган маҳсулот - олий навли қора кишмиш узумини кўп қатори узиб топширишини хоҳламайди?! Ахир маҳсулот экспортбоп бўлиб, ҳар килоси 4-5 минг сўмдан сотилади. Бу пуллар фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига киради-ку? Бу узумлар Самарқанд бозорларига 6-7 минг сўмдан сотилиши ҳам мумкин эди. Алишер Сувонқулов сентябрь ойининг бошида 4 тонна 561 кг, Жўрақул Муродов 2 тонна қора кишмишни ҳар килосини 4 мингдан "Мамат агро мева" МЧЖ(директор И.Мирзоев)га топширган. Фермер узумни узиб менга топширасан, бўлмаса узумга тегманглар деб, мардикор ёлллаб 400 га яқин қутти узумларни уздирган. Бу узумлар 20 кундан ортиқ офтоб тагида қолиб, қуриб ва чириб кетган. Ҳозирги вақтда сиз суратда кўриб турган бу олий навли узумни 800 сўм нархда майиз қилиш учун шартнома асосида сотмоқда.
Фермер аъзолари Алишер Сувонқуловнинг отаси Саидмурод Сувонқулов ва Жўрақул Муродовнинг отаси Илёс Муродовлар болаликдан деҳқончилик билан шуғулланиб келган. Улар 1979-1980 йиллар ток парвариш этиб, шпаллер ўрнатиб ток навдаларини симларга боғлаб кўтарган. Улар билан ток парвариши хусусида суҳбат қилдик. Ҳар йили 7-8 мошиндан чорво нуриси (гўнг) қўшни Нуробод туманидан келтириб, икки кундасига бир ғалтакдан чуқур ковлаб солар экан. Бир йил ўнг томонидан, бир йил чап томонидан, учинчи йили икки қатор оралиғида. Қишда бир марта яхоб бериб, баҳорда касалликка қарши дори сепар, хомток қилар экан. Ишларни ана шундай ўз вақтида бажарсакгина кўзланган ҳосилни оламиз, дейди улар. Жорий йилда аввалгидек ток қатор орасига жўяк олмадик. Ҳосил ҳар йилгидек эмас, фермер хўжалиги раиси бизга қарши иш қилди, кўнглимизни қолдирди. "Собиров Эргаш боғлари" фермер хўжалиги хусусидаги бу мақолани тайёрлашда туман фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази директори Некрўзжон Ҳақбердиевнинг ёрдами катта бўлди. Унинг айтишича кўп фермер хўжалиги раислари ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмайди, қўпол хатоларга йўл қўяди, муомала маданиятини, ҳалол ишлаш ва яшашни ўрганишлари керак. Кўп фермерларнинг ишлари мени қаноатлантирмайди, дейди у.
Р. ШАРИФ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.