Ҳеч бир ҳайдовчи эрталаб ўз улови билан йўлга чиқишда "автотранспорт ҳодисаси юз берсин" демайди. Ҳалқимизда "касофат оёқ остидан чиқади" деган нақл бор. Раҳматов Азиз 2018 йил 10 сентябрь куни соат тахминан 13 00 да туман Қўштамғали маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи Тошкент - Термиз М-39 автомобиль йўлининг 83-кмда бошқарувида бўлган "Жигули ваз -2102" русумли 30 2 795 ИА давлат белгили автомашинани Термиз томон бошқариб бориб, амалда бўлган Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандида кўрсатилган "Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши керак.
Аммо у ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиш имкониятидаги хавф юзага келса, транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф тўғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак", деган талабини ва йўл ҳаракати қоидаларининг 82-бандига кўра "Ҳайдовчи қувиб ўтишни бошлашдан олдин, ўзи ўтмоқчи бўлган ҳаракатланиш бўлаги қувиб ўтиш учун етарлича масофада бўш эканлигига, қувиб ўтиш жараёнида ҳаракатланишга хавф туғдирмаслигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиш шарт" деган талабни қўпол равишда бузиб, ушбу ҳаракат йўналиш бетон тўсиндан қарама-қарши автомобиль ҳаракат йўлига қайрилиб олмоқчи бўлиб тўхтаб турган фуқаро Шарипов Фахрилло Хасан ўғли бошқарувида бўлган "Нексия" русумли 30 V 656 DA давлат белгили автомашинаси орқа қисмига бориб тўқнашиб йўл транспорт ҳодисасини содир қилади. Натижада ўзининг бошқарувида бўлган автомашина йўловчиси Разоқов Мансурнинг оғир тан жароҳати олишига ва "Нексия" русумли 30 V 656 ЭА давлат белгили автомашинага шикаст етказилишига сабабчи бўлди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди ўтган йилнинг ноябрь ойида 1983 йилда туғилган Азиз Раҳматовга жиноят ишини Сулфакабутак маҳалласидаги сайёр суд мажлисида кўриб чиқди.
Суд мажлисида айбланувчи А.Раҳматов ва жабрланувчи М.Розақовлар ариза билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашган.
Айбланувчи А.Раҳматов суд мажлисида, ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, айбига ўз ихтиёри билан тўлиқ иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарларни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи билан бирон-бир тазйиқсиз ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.
Жабрланувчи М.Розаков суд мажлисида, ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, А.Раҳматовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, ҳозирда соғлиғи яхши эканини, аризани ўз хоҳиши билан ёзганлиги, унга бирон-бир тазйиқ бўлмаганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганлиги ҳақида кўрсатув бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 66-1-моддасига мувофиқ, 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин эканлиги кўрсатилди.
Суд, ярашув тўғрисидаги аризаларни жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, давлат айбловчиси С.Чоршанбоев, айбланувчи А.Раҳматовни ҳимоячи М.Ахмеджановнинг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрларини эшитиб, айбланувчи А.Раҳматовнинг айбига ихтиёрий иқрорлиги ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчиларга ва айбланувчига бирон-бир тазйиқ бўлмаганлиги, ярашув айбланувчи ва жабрланувчининг хоҳишлари билан бўлаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят ЖКнинг 66-1-моддасига мувофиқ, ярашувга тушишини инобатга олиб, А.Раҳматовга нисбатан юритилган жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим деб топади.
Шу билан бирга, суд жабрланувчи М.Розақовга Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 583-моддаси 5-қисмига асосан ушбу ярашув суд томонидан тасдиқлангандан сўнг у мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотишини тушунтиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 4-қисми, 585-586-моддаларига амал қилиб, сайёр суд тугатиш тўғрисида ажрим қилди.
Ҳа, чинакам мардлик-кулфатда синалади. Биз буни тумандаги Конигил маҳалласи фуқароси Азиз Раҳматов мисолида кўрдик. Буюк немис шоири Гёте шундай деган экан: "Давлатингдан айрилсанг, кўп нарса йўқотмайсан, номусингдан айрилсанг, кўп нарса йўқотасан, мардликдан айрилсанг-ҳамма нарсани йўқотганинг".
Д.НУРАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси
Зоҳир ҲАСАНЗОДА, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.