Бугун мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил сиёсат юритилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, баъзида экологик маданиятга эга бўлмаган айрим шахслар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаб кетиш, оқова сувга ташлаб сувни ифлослантириш, хазонларни ёқиб юбориш каби салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Юртбошимизнинг "Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан амалиётга жорий этиладиган янги тартиблардан бири 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш билан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) шуғулланадиган бўлди. Мазкур ҳужжат билан соҳадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги оширилиб, муаммолар ечимида қўл келадиган яна бир қатор ўзгаришлар ҳам рўёбга чиқарилади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Адҳамжоновнинг таъкидлашича, эндиликда пул йиғимида шаффофлик таъминланиб, турли коррупцион ҳолатларга чек қўйилади, тизим корхоналари самарадорлиги янада ошади. Келгуси йилдан эътиборан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиш хизматлари тўловларини юритишнинг янги тартиби ўрнатилади.
Биринчидан,мажбурий тўловлар энди аҳоли томонидан ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмай ягона транзит банк ҳисоб варақларига тўланади ва кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкант шаҳар ҳокимликларининг махсус ғазна ҳисоб варақларига ўтказилади.
Иккинчидан, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлар томонидан марказлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
Учинчидан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса тўловларни бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлашни амалга оширадилар. Шунингдек, МИБ қарздорликни ойлик маошдан ушлаб қолиш, ҳар ойда мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш ҳақида иш берувчиларга талабнома юбориш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий органлари эса мажбурий тўловлар олти ойдан ортиқ муддатга тўланмаган тақдирда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Гапнинг индаллоси Фармонда белгиланган вазифалар ижроси тизим муаммоларини ҳал этиш баробарида, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва маҳаллалар озодалигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
ОАВ материаллари асосида Н.РОФИЕВА тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.