Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЧАҚ СЎЗИНИНГ МАҒЗИНИ ЧАҚСАК

Холиқи оламнинг "Бўл" деган сўзидан борлиқ яралган, инсон бунёдга келган. Одамзод тилга кириб, у айтган биринчи сўзи нима эди? Бу саволга жавоб ҳеч бир китобда йўқ. Олимлар инсониятнинг илк сўзлари товушга тақлидан пайдо бўлган, дейдилар. Дарҳақиқат, қадимги аждодларимиз тоғдан шовуллаб тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганнини шаршара деган. Қушларнинг чурқ-чурқ қилгани чумчуқ, лак-лак қилгани лайлак (аслида лаклак), қағиллагани қарға бўлган. Ғоз, читтак, чуғурчуқ, чағалай, олашақшақ, какку, ғулғул товуқ (курка), жиблажибон... саноқни давом эттириш мумкин. Лекин қуш номлари ичида энг гўзали бул-бул дея ёқимли сайрагани булбулдир.

Инсон бора-бора ўзи ясаган буюмларга ҳам шу тарзда ном берган. Тўқиллаб урилгани тўқмоқ, туёқ остида тақиллагани тақа, зангиллаган қўнғироқ занг аталган. Энг муҳим хабарлар элга ноғора чалиб етказилган. Данғиллаган бу садо ҳам сўзга айланди. Кимнинг номи элга ноғора бўлса, у данғ чиқарди. Тилимиз майинлашиб боринғ, келинғ ўрнига боринг, келинг дейдиган бўлдик ва данғ ҳам донг билан алмашди. Биз бугун шуҳратли одамни донгдор деймиз, донг таратган деймиз. Лекин эл ичида донг чиқарган уй данғиллама бўлиб аслича қолди. Қирғиз тилида ҳам бу сўз данғ деб айтилади. Лекин маъно товланишида озгина фарқ бор: шон-шараф, олқиш мазмунида қўлланади. Қирғиз кўчаларида Эмгекка данғ, Эл-журтқа данғ каби шиорларни кўрасиз. Яшасин меҳнат, яшасин эл-юрт дегани. Буларнинг бари ўша ноғора садосидан туғилган сўзлар. Юртимизда юз минг йил муқаддам яшаган неондертал одамнинг тарих музейимиздаги қиёфасига қараб яна ўзимга савол бераман. Расмана инсонга айланмаган бу ибтидоий онг эгасининг биринчи сўзи нима эди? Хаёлимга келган жавоб шу бўлди: у тошни тошга уриб чақ этган товушни эшитгану чақ дея овоз чиқариб, ўзининг биринчи сўзини айтган. Тошни тошга чаққан, кейинроқ тош билан данак чаққан, ёнғоқ чаққан, боласига ҳам "чақ!" деб буюрган.
Бора-бора тошдан ўт чиқариб, уни ҳам чақ деди. Кўкда чақ этиб ёнган олов ҳам чақ бўлди. Кейинчалик чақмоқ, чақин, чақмоқтош сўзлари пайдо бўлди. Тош майдалаб чақа деган инсон учун ҳамма майда нарсалар чақа бўлди. Пул майдалаб: чақа деди. Майда боласини бола-чақа деди. Энг майдачаси чақалоқ бўлди. Тараққиёт инсонга акл ва заковат берди. Заковатли инсон чақишни қўйиб гап чақишга ўтди. Тошдан учқун чиқарган бўлса, гапдан ўт чиқарди. Гап чиқиб, ўз қардошининг уйини куйдирди. Гап чақувчининг оти чақдан узоқ кетмади. Уни чақимчи, чақмачақар дедилар. Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли. Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш демаганлар. Демак, чақимчи билан газанданинг ҳунари бир.
Чақмачақарнинг ҳам катта-кичиги бўлар экан. Бировнинг гапини бировга айтса, бу чақимчилик, инсоннинг гапини юқорига, подшоҳликка ёки ҳукуматга етказса, чақув бўлди. Чақув олдида чақмачақарлик ҳолва бўлиб қолди. Чақимчиликдан бир инсонга озор етса, чақувдан юз мингларнинг ёстиғи қуриган.
Чақув давлат сиёсати даражасига етиб, чақувчи тенгсиз қудрат соҳиби бўлган замонларни кўрди жафокаш халқ. Бир имзосиз мактуб инсоннинг эса, бутун бир куювчи гугурт бўлди. Инсон гугурт ёндиришни ҳам гугурт чақиш деди.
Одам боласининг бир ожизлиги бор. Биров ҳақида ортидан ёмон сўз айтиш гуноҳ эканини билади-ю, ўрганган одатини йўқотолмайди. Бировни сиртдан қоралаб роҳат қилади. Суҳбатнинг ширини ғийбат, дейдилар ҳазил қилиб. Лекин бу гапда ҳазилдан чин кўпроқ. Ғийбат ҳам чақув, бировни бировга эмас, бировни ҳаммага чақув демакдир. Биз бундай ширин суҳбатнинг номини чақчақлашув деймиз.
Башарият тош чақишдан сўз мағзини чақишгача бўлган масофани миллион йиллар ичида босиб ўтди. Биз ҳам сизлар билан чақ сўзининг аччиққина мағзини чақдик, чақ тўғрисида чақчақлашиб олдик.

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон қаҳрамони
А.САМАДОВА тайёрлади.


Дата добавления: 15/02/2019 13:58;   Просмотров: 828
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку