ер ҳам, компенсация ҳам берилади
Самарқанд эшкак эшиш канали ва унга туташ ҳудудда Самарқанд туристик маркази бунёд этилаётганидан хабарингиз бор. Айни кунларда мазкур бунёдкорлик ишлари жараёнида Самарқанд шаҳрининг Уста Умар Жўрақулов кўчаси ва Самарқанд туманининг Қозиариқ, Жўйисой ҳамда Қўштамғали маҳаллалари ҳудудидан ўтган кўчанинг 3 километр масофадаги қисмини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва шу ҳудуддаги инфратузилма обеъктларини қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур ҳудудда 171 та хонадон ва нотурар жой бузилиши режалаштирилган. Бунинг учун уларнинг эгаларига 126,4 миллиард сўм компенсация маблағлари берилади.
- Жўйисой кўчасининг уч километрлик қисмида реконструкция қилиниши ҳисобига 6 тасмали, 40 метр кенгликдаги йўл қурилади, - дейди Самарқанд тумани ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жумаев. - Айни пайтда "Махсус сув қурилиш инвест" МЧЖ ишчилари томонидан йўлнинг икки томонидан 3 киломертлик ичимлик суви ва оқова сув тармоғи тортилиб, пиёдалар йўлаги ётқизилмоқда. 100 га яқин замонавий ёритгич ускуналари ўрнатилади. Шунингдек, хонадонларга табиий газ ва электр энергияси тармоғи тортилади. Маҳалла аҳлига қулайлик яратиш мақсадида кўчага туташ ҳудудда жойлашган "Имом Аъзам" масжиди ёнида автомашиналар тўхташ жойи барпо этилади. Қўштамғали маҳалласидан "Тошкент-Термиз" автомагистраль йўлигача бўлган ҳудудда кўприк барпо этилади.
Бугунгача Жўйисой кўчасида жойлашган 106 та хонадон соҳиблари билан ўзаро келишувга биноан компенсация пули, уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиб берилди.
- Маҳалламизда 35 та аҳоли хонадони, 9 та нотурар жой бинолари бузилмоқда, - дейди Жўйисой маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абубакр Кароматиллаев. - Ҳозиргача 20 та хонадон соҳибига компенсация пуллари берилди. Шу пайтгача расмийлаштирилмаган уй-жой эгаларига кадастр ҳужжатлари тайёрлашга кўмаклашилди.
Жўйисой маҳалла марказида туман ҳокимлигининг штаби жойлашган бўлиб, туман ер ресурслари давлат кадастр бўлими, нотариус, архив ҳамда туман давлат хизматлари маркази ходимлари келиб шу ернинг ўзида 101 нафар аҳолига уй ҳужжатларида мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга яқиндан ёрдам бермоқда.
- Уйим реконструкция қилинаётган йўл ёқасида жойлашган, - дейди Жўйисой кўчасида яшовчи Равшан Баҳронов, - туман ҳокимлиги, нотариус, кадастр ҳужжатлари тайёрлашга ёрдам берди. Уй-жой қуришим учун 4 сотих ер ва компенсация пули ажратишди. Шунингдек, шағал ва цемент келтиришди. Энди янги уй қуриш тараддудини кўряпман.
Дилмурод ТЎХТАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.