Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ-ислом ҲуҚуҚшунослигининг улкан намояндаси

Қуръон, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ-ислом ҳуқуқшунослиги борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлган ва бу соҳада беқиёс дурдоналар яратган аждодларимиз талайгина. Ислом ҳуқуқшунослигининг улкан намояндаси, ҳидоят оламининг сарбони Бурҳониддин Марғиноний ана шундай буюк зотлардан биридир.

Самарқандми, Марғилон?
Бизгача етиб келган аксарият қўлёзма манбаларда ва замонавий қомусий луғатларда алломанинг туғилган санаси кўрсатилмаган бўлса, баъзи манбаларда бир-бирига зид саналар қайд этилади. Масалан, олим қаламига мансуб "Ҳидоя" асарининг инглиз тилидаги таржимасида ва Н.Остроумовнинг "Абу Ҳанифа мазҳаби шариати" асарида алломанинг туғилган санаси 530/1135-1136 йил қилиб кўрсатган бўлиб, бу маълумот мазкур асарнинг 1898 йилда И.Гродеков таҳрири остида Тошкентда нашр этилган русча таржимасида ҳам такрорланади. Айнан шу нашрда олимнинг вафот этган санаси ҳам 591-1195 йил деб нотўғри кўрсатилган. Шунингдек, Тошкўбризода ҳам фақиҳнинг вафот санасини 563-1168 йил, деб хато белгилайди. Абу Тоҳирхўжанинг "Самария" асарида Марғинонийнинг таваллудига нисбатан берилган сана 515-1121 йил деб хато берилган. Бундай ғализликлар асардан-асарга, китобдан-китобга кўчиб ўтаверган ва бир қатор чалкашликларни келтириб чиқарган. Олимнинг туғилган жойи хусусида ҳам ҳар хил маълумотлар учрайди. Жумладан, рус тарихчи олими Н.Ликошин унинг Самарқандда туғилганлигини, аммо асли келиб чиқиши марғилонлик эканлигини ёзади. Бироқ аксарият қўлёзмаларда келтирилган Бурҳониддин Марғинонийнинг таржимаи ҳолида у киши айнан Риштонда таваллуд топганлиги зикр қилинади. Демак, юқоридаги манбаларга таянган ҳолда, айтиш мумкинки, буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абд ул-Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний 1123 йил 23 сентярда Риштон туманининг Даҳбет қишлоғида туғилган.
Устозлардан ўрганиб
Бурҳониддин Марғиноний, даставвал, отаси Абубакр ибн Абдулжалил, сўнгра Имом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад Асбижобий қўлида таҳсил кўрди. Риштон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида исломий таълим олиб, ҳанафия мазҳабининг буюк фақиҳи сифатида ном қозонди, шайхулислом бўлиб етишди. Бурҳониддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннайларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. Бизгача етиб келган асарларидан "Бизгача етиб келган асарларидан "Бидоят ал-мунтаҳий" ("Бошловчилар учун дастлабки таълим"), "Кифоят ал-мунтаҳий" ("Якунловчилар учун тугал таълим"), "Нашр ул-мазҳаб" ("Мазҳабнинг ёйилиши"), "Китоб ул-мазид" ("Илмни зиёда қилувчи китоб"), "Маносик ул-ҳаж" ("Ҳаж маросимлари"), "Мажма ул-навозил" (Нозил бўлган нарсалар тўплами), "Китоб ул-фароиз" ("Фарзлар китоби") ва бошқалар маълум. Ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган "Ҳидоят" асари 1178 йили Самарқандда ёзилди. "Ҳидоят" да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фиқҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар эътирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган. Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади. "Ҳидоят" тўрт жуздан иборат бўлиб, биринчи жузга ибодат масалалари киритилган, булар: таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж китобларидир. Иккинчи жузга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган. Учинчи жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шароитга зид ёмон нарсалар тўғрисида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.
"ҲИДОЯТ"НИНГ УМРИ ТОПМАС НИҲОЯ
Бутун ислом оламига машҳур "Ҳидоя" асари Бурҳониддин Марғинонийга катта шон-шуҳрат келтирди. Уни тадқиқ этган ва нашрга тайёрлаган олимлар А.Саидов, А.Жўзжоний таъкидлаганидек, "мана неча асрлардан бери Ҳанафий фақиҳлари орасида Бурҳониддин Марғинонийнинг бу асари катта шон-шуҳратга эга бўлиб келмоқда. " Ҳидоя" мумтоз тадқиқот сифатида ҳар бир қозининг биринчи ёрдамчиси, шариатнинг қийин масалаларини ва ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда раҳбар қўлланма бўлган". Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, Марғилонийнинг "Ҳидоя" асари қатор асрлар давомида мусулмон мамлакатларида муайян даражада фиқҳ илмининг қомуси ҳам бўлиб хизмат қилган. Марғинонийнинг "Ҳидоя" асарини ёзишдан кўзлаган асосий мақсади шу эдики, фақиҳ олдида турли муаллифлар томонидан турли асрларда ёзилган кўп сонли фатволар, яъни ҳуқуқий мажмуалар тоғдек бўлиб турарди. Уларда минглаб масалалар, айрим муайён муаммолар бўйича ўнлаб мулоҳазалар, ҳатто бир-бирига қарши назариялар ҳам мавжуд эди. Муаллиф назарда тутган ҳуқуқий масалани ёритиш учун, биринчидан, шариатнинг асосий манбалари, ундан кейин Абу Ҳанифа, Имом Молик Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбиянинг асарлари билан бир қаторда, энг нуфузли ислом ҳуқуқшуносларининг мўътабар асарларига суянди. Шунинг учун ҳам Заҳириддин Бобурнинг "фиқҳда Марғинонийнинг "Ҳидоя" асаридан мўътабарроқ асар бўлмағай" деган фикри асосли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Аллома ниҳоятда тақволи, ҳусни хулқда барчага намуна бўладиган даражада бетакрор одоб соҳиби бўлиши билан бирга, мусулмон киши одоби ва дунёқараши юксак ва мукаммал, ўзгаларга иборат бўладиган даражада бўлишини исбот ўз шогирдларини шунга даъват этган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, алломанинг яхшигина шоирлик астеъдоди бўлиб, юқоридаги даъватларини қуйидаги шеърий мисраларда ифода этган:
Ахлоқсиз олим катта бир фасоддир,
Тарки дунё қилган жоҳил ундан ҳам ёмон.
Булар икки дунёнинг кушандасидир,
Ким улар ўртасида диндан топгайдир омон?
Демак, ахлоқсизлик - бу маънавияти тубанликдир, шунинг учун кимки олимлик даражасига етса-ю ўзи мунофиқ, ахлоқсиз, одамлар орасида ёмонлик, фасод тарқатиб юришни, ихтилофлар чақириб, уларнинг ўртасида бир-бирига адоват қўзғатишни касб қилиб олган бўлса бундай олим мусулмонлар учун ҳам, жамият учун ҳам, дин учун ҳам катта зарардир. Ўзи илмсиз жоҳил, лекин тарки дунё қилиб, Аллоҳ берган, ислом дини рухсат этган неъматлардан баҳраманд бўлишдан беасос қайтарувчи зоҳирлар ундан ҳам ёмон. Бу икки хил дунё саодатининг ҳам кушандасидир. Кўриниб турибдики, Марғиноний илмий мероси фақат фиқҳ илмининг ривожи учунгина илмий қимматга эга бўлиб қолмасдан, маънавий-ахлоқий ва тарбияқий аҳамиятга ҳам эгадир. Аллома илмий меросининг тарихий аҳамиятларидан яна бири ана шунда ҳамдир. Бундай юксак даражадаги маънавий-ахлоқий фазилатлар фақиҳнинг ижтимоий-маиший масалалар бўйича чиқарган шаръий ҳукмларида яққол ўз ифодасини топган. Мухтасар хулоса шуки, Бурҳониддин Марғиноний фақҳ илми соҳасида катта илмий мерос қолдирган буюк аллома бўлиши билан бирга, ижтимоий-маданий ва маънавий-ахлоқий соҳаларда юксак маънавият соҳиби сифатида ибрат кўрсатган. Унинг маънавий маданиятга қўшган ҳиссаларидан ҳозирги фуқаролик жамиятини қуришда, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги ва маънавиятини тарбиялашда фойдаланиш мумкин.

Темир Қурбонов,
филология фанлари номзоди


Последнее редактирование: 26/05/2020 18:31;   Просмотров: 777
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку