Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУНЁДКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Самарқандда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари ушбу туманга ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар кўлами ва ишлаб чиқариш соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар билан яқиндан танишдилар.

Каттақўрғон тумани 1929 йил 2 февралда ташкил этилган бўлиб, майдони 1.39 минг кв.метр. Аҳолиси 2018 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра 263.9 минг кишини ташкил қилмоқда.
Туман Шарқдан Иштихон, Паст дарғом туманлари, жанубдан Нуробод тумани, ғарбдан Нарпай тумани ва Навоий вилояти, шимолдан Қўшработ туманлари билан чегарадош. Самарқанд шаҳригача бўлган масофа 72 км.
Туманда 139.2 минг гектар ер майдони мавжуд бўлиб, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 99.9 минг гектар майдонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади. Қишлоқ хўжалик ерларининг 25.4 фоизи суғориладиган майдонларга тўғри келади, аҳоли томорқалари эса 8.1 минг гектарни ташкил этади.
2018 йил 1 июль ҳолатига кўра хусусий секторда 1840 та фермер хўжалиги, 194 та хусусий корхона, 549 та масъулияти чекланган жамият, 1 та акционерлик жамияти, 33 та оилавий корхона, 72 та бошқа турдаги ташкилотлар, жами бўлиб 2690 та корхона ва ташкилотлар рўйхатдан ўтган.

ЙЎЛИНГ РАВОН - МАНЗИЛ ЯҚИН
Эрта тонгда «Пресс-тур»га таклиф этилган меҳмонлар Матбуот уйи олдида тўпланишди. Гуруҳ раҳбари - Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» бирлашган газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев «Пресс-тур» дастури билан таништирди. Шундан сўнг автойўл карвони Каттақўрғон тумани томон йўл олди. Халқимизда «Йўлинг равон бўлса, манзилинг яқин бўлар» деган нақл бор. Бугун вилоятимизда йўлсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кўчалар кенг, равон ва асфальт қилинган. Биз атрофдаги манзаралар, айниқса янги-янги замонавий иншоотлар, обод ва фаровон гўшалар, чамандай очилган пахтазорларни кўриб, дилимиз яйраб, кўнглимиз очилиб туманга етиб келганимизни сезмай қолдик.
Туман ҳокимининг ўринбосарлари Қ.Худойбердиев ва Н.Санақуловлар меҳмонларни илиқ кутиб олишди. Мезбонлар дастлаб бизни янги ташкил этилаётган зотли чорва комплекси қурилиши билан таништирдилар. Бу ерга хориждан зотдор қорамоллар келтирилиб, парвариш қилиш режалаштирилган.
«Эргаш ота» хусусий тиббий маркази фақатгина мамлакатимизда эмас, ҳатто дунёда машҳур табобат марказларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили хориждан ҳам кўплаб беморлар бу ерга даволаниш учун келишмоқда. Аммо мижозлар кўпайиши туфайли ётоқхона муаммоси мавжудлигини ҳам эътироф этиш даркор. Айни пайтда ана шу масалани ижобий ҳал қилиш учун янги, замонавий, кенг ва шинам беш қаватли 4 юлдузли меҳмонхона қад кўтармоқда. Тиббий марказ бош шифокори профессор Бердиқул Эргашев ўз сўзини аллома Жалолиддин Румийнинг қуйидаги ҳикмати билан бошлади:
- Беш нарсадан аввал беш нарсанинг қадрини бил, деган аллома, - деди олий тоифали шифокор Бердиқул Эргашев. - касал бўлмасдан аввал соғлиқ қадрини, қаришдан аввал ёшлик қадрини, қарамликдан аввал озодлик қадрини, қашшоқликдан аввал бойлик қадрини, ўлимдан аввал тириклик қадрини.
Минг афсуски, олтиндан қиммат бу ҳикматга ҳануз кўпчилигимиз амал қилмаймиз. Шундагина ҳар бир инсон учун саломатлигидан кўра муҳимроқ бойлик йўқлигига иқрор бўламиз. Бизнинг мақсад - хорижнинг энг сўнгги русумдаги ташхис кўядиган замонавий тиббий асбоб-ускуналари воситасида аҳолини даволашдир.

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
Каттақўрғон тумани аҳли бугун улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ислоҳотлар самарасини ҳис этиб яшамоқда. Хитой инвестицияси асосида «Хенгюан цемент қўшма корхонаси» ташкил этилди. Мазкур лойиҳа ҳажми 340 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи, қуввати йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошлаб юборилди. Икки йилдан сўнг катта иншоотнинг дастлабки блоки ишга туширилади. Ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида жами 1500 та янги ишчи ўринлари ташкил қилинади. Энг муҳими, табиат муҳофазасига қатъий амал қилиниб, маҳаллий иқлимга об-ҳавога зарар етказилмайди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари «Янгиобод узум экспорти» МЧЖ, «Кумуш тола» корхонаси, Мундиён маҳалласи ҳудудида жойлашган Каттақўрғон ижтимоий - иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ва бошқа корхона - ташкилотларини кўздан кечирдилар. Туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида мусиқий феввора ва болалар ўӣингоҳлари барчада катта таассурот қолдирди.

САМИМИЙ ВА ЭРКИН МУЛОҚОТ
Туман ҳокимияти мажлислар залида туман ҳокими Аъзамжон Баҳромов ва унинг «жамоа»си қаламкашлар билан ижодий учрашув ўтказди. Гуруҳ раҳбари Фармон Тошев меҳмонларнинг ташрифи сабаблари ва тумандаги улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, хайрли ташаббуслар тўғрисида гапирди.
- Бизнинг энг улуғвор мақсад, - деди туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов. - бу Ватанимизнинг бир кичик гўшаси бўлмиш Каттақурғон туманини янада обод, халқ турмушини янада фаровон этишдир.
Туманда ўтган йиллар давомида ҳар йили ўртача 150 тонна атрофида пилла ҳосили олиб келинган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш натижасида жорий йилда 274 тонна пилла етиштирилди. 27 минг тонналик давлатга ғалла топшириш режаси ортиғи билан бажарилди. Лалми ва тоғ олди ҳудудларини ўзлаштириш ва самарали фойдаланиш бўйича жами 4351 гектар, шундан 1671 гектар боғзор ва 2680 гектар узумзор ташкил этилган. Узумчилик соҳасида ҳар йили анъанавий усулда ҳар гектаридан 10 тонна атрофида сифатсиз узум етиштирилиб ўртача 20 млн сўм даромад олинган бўлса, Янгиобод массивидаги узумчиликка асосланган хўжаликлари негизида «Янгиобод узум экспорт» МЧЖ ташкил этилиб, замонавий агротехник тадбирлар асосида серҳосил узум навларини жорий этиш эвазига ҳар гектаридан 30 тонна сара узум, 8 тонна экспортбоп сояки майиз етиштириш орқали 200 млн сўмдан даромад олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Етиштирилган маҳсулотларнинг мазкур масъулияти чекланган жамияти томонидан экспорт қилиниши йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудда маҳсулотларни сақлаш омбори, қуритиш, саралаш, қадоқлаш цехи қурилиб, логистика маркази ташкил этилмоқда. Шунингдек, замонавий усулларда «Кишмиш востока» МЧЖ томонидан 7,7 гектар майдонда интенсив узумзор барпо этилди. Қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ривожланишлар бўлгани каби жорий йилда балиқчиликни ривожлантириш учун 110 гектарда янги балиқчилик ҳавзалари ташкил этилди.
Туман учун ажратилган Халқаро молия институтларининг 28 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредитларини ўзлаштириш бўйича бугунги кунда жами 10 млн 689 минг АҚШ долларлик банк кредитлари, 3 млн 188 минг АҚШ долларлик ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгилаб олинган ва лойиҳаларнинг қиймати 13 млн 877 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. Натижада 228 та доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Жумладан, замонавий иссиқхона қуриш учун 13 гектар ер майдони ажратилиб, 5 млн 965 минг АҚШ долларилик кредит ҳисобига 6 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, йилига жами 2600 тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган ва 99 та доимий иш ўринлари яратилиши белгиланган. Чорвачиликни ривожлантириш учун 3 млн 214 минг АҚШ долларлик 9 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, хориждан 1144 бош қарамол олиб келиш ва улардан йилига 9 млн. литр сут ишлаб чиқариш режалаштирилган ва 94 та иш ўринлари яратилиши белгиланган. Сутни қайта ишлаш бўйича йилига 1200 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга 310 минг АҚШ долларлик 2 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, 25 та иш ўринлари яратилиши белгиланган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш бўйича 1 млн 200 минг АҚШ долларлик йилига 300 тонна маҳсулотни саралаш қувватига эга 1 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 10 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
2018 йилда давлат инвестиция дастури доирасида 22.2 млрд. сўмлик давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 3 та соғлиқни сақлаш соҳасида, 7 та халқ таълими тизимида, 5 та мактабгача таълим муассасаларида янгидан қуриш, капитал реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, жами 16 та ижтимоий объект фойдаланишга топширилмоқда. Шунингдек, «Обод қишлоқ» дастури бўйича «Каттаминг» ва «Қоракўлча» қишлоқларида жами 11 млрд. 940 млн. сўмлик 7 та ижтимоий соҳа (3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасаси ва 2 та тиббиёт) объектларида янгидан қурилиш ва капитал реконстукция ишлари олиб борилмоқда
Жорий йил январь-июнь ойларида 110 та кичик бизнес субъекти янгидан ташкил этилган. 21 та тадбиркорлик субъектларининг муаммоли масалаларига амалий ёрдам берилиб, фаолияти тикланди. Кичик бизнеснинг туман ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 90.4 фоизни ташкил этмоқда. 2018 йилнинг ўтган даври давомида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига ва аҳолига ажратилган кредит суммаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 млрд. сўмга ошган.
Туманда саноатни ривожлантириш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш мақсадида юқори кучланишли «Оқдарё» ним станциясидаги 6300 киловаттли трансформатор ўрнига 16000 киловаттли трансформатор ўрнатиш учун 12 млрд. сўмлик лойиҳани амалга ошириш жараёни бошланган.
Туманнинг Пайшанба массивида 1.2 гектар майдонда, Иска массивида 3.5 гектар майдонда Кичик саноат зоналари ташкил этилиб, умумий ҳисобда иккала зонада 21 та тадбиркорлик субъектлари томонидан қиймати 7.1 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пировард натижада 170 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади. Шунингдек, 3.1 гектарлик «Каттаминг ипакчилик мажмуаси» ўрнида кичик саноат зонаси ҳисобига «Пахта ва тўқимачилик» кластерини ташкил этиш бўйича техник иқтисодий изланишлар олиб борилиб, инвестицион лойиҳа таклифи ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра ушбу ҳудудда замонавий саноат комплекси ишга туширилади.
Жорий йилда туман ҳудудида қўмирда ишлайдиган, тежамкор 15 та ғишт заводлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 5 та завод маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлади. Қолган 10 та ғишт заводи йил якунига қадар ишга туширилиши натижасида 500 та янги иш ўринлари яратилади.
Туманда ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш мақсадида маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича хайрли ишлар олиб борилмоқда. Шу йилнинг ноябрь ойига қадар умумий қиймати 2.4 млн АҚШ доллари миқдорида тикув фабрикаси қурилиши бўйича инвесторлар билан келишувга эришилган бўлиб, ушбу фабрика Мундиён маҳалласи ҳудудида жойлашган Каттақўрғон ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи негизида ташкил этилмоқда. Ушбу корхона ишга тушиши натижасида бир сменада 600 та, икки сменада жами 1200 та доимий иш ўрни яратилади ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

ИЗЧИЛ МЕҲНАТ ҲАММА ТЎСИҚЛАРНИ ЕНГАДИ
Ҳазрати инсоннинг вазифаси оқилона фаолият экан, у яшаш ва из қолдириш учун бирон-бир хайрли иш қилмоғи ҳам қарз, ҳам фарздир. Халқимиз «Ҳайкални кўриниши, одамни эса қилган ишлари безайди, дея бежиз айтмаган. Шунинг учун ҳам ҳар қандай инсонга унинг қилган ишларига қараб баҳо беришади. Лекин ҳақиқий эҳтирос ва меҳр бўлмаса, масъулият сезилмаса, виждон азоб тортмаса, ҳар қандай иш ҳам юришмайди. Қатъият муваффақият гарови эканлигини англаган туман ҳокими Аъзамхон Баҳромовнинг қатъият, жиддият фидоийлик ила қилган бир йиллик меҳнати ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда Каттақўрғон тумани том маънода қурувчилар ва бунёдкорлар маконига айланган. Чунки биз бу ерда бунёдкорликнинг ёрқин намунасини кўрдик.

Нормурод КАРИМОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,
Ҳусан ЭЛТОЕВ олган сурат


Последнее редактирование: 07/09/2018 12:25;   Просмотров: 1054
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку