Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУГУНГИ ВА БУРУНГИ САЙЛОВЛАР

Собиқ тузумнинг сўнгги депутатлари
Катта авлод вакиллари яхши билишади. Собиқ шўролар даврида СССР Олий советига иттифоқдош республикалардан асосан илғор чўпон, механизатор, сут соғувчи ва ҳоказолар юқоридан келган қатъий рўйхат асосида "сайланишарди". Бизда тенглик, эркинлик, фалон фоиз депутатимиз ишчи, деҳқон, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, дейиш учунгина шундай қилинарди. Бундай депутатлар сайловчиларнинг маиший муаммоларини ҳал қилишга онда-сонда аралашишар, асосан, мажлисларда қўл кўтариб, аввалдан тайёрлаб қўйилган қарорларни тасдиқлашарди, холос.

Яқинда ижодий ишлар жамланган ғаладонимни саралай туриб, ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакат ёшлар газетасида чоп этилган бир мақоламга кўзим тушиб қолди. "Момом эртак айтганда..." сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада туманимиздан СССР Олий советига депутат қилиб сайланган илғор сут соғувчи опанинг икки колхоз фермаси қизлари ўртасида бўлиб ўтган "Балли, қизлар!" танлови гуруҳларидан бирига етакчилик қилгани ва ўша гуруҳ депутат опанинг босими остида ғолиб бўлгани танқид қилинган экан...
Майли, мақолага батафсил тўхталиб, ўқувчимизнинг бебаҳо вақтини ўғирлаб ўтирмайлик. Лекин бир иддаомиз борки, шуни айтиб ўтмасак бўлмайди.
Хўш, тўқсонинчи йилларнинг охирида Ўзбекистонда СССР Олий совети депутати шуғулланишига лойиқ муаммолар йўқмиди?!
Албатта, бор эди! Ҳаттоки, керагидан ортиқ даражада мўл эди!
Чунки айнан ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги аввалида дунё харитасининг олтидан бирини эгаллаган СССР ўзининг сўнгги нафасини олаётган, иқтисодий инқироз кун сайин эмас, соат сайин кучайиб бораётган, қашшоқлик, ноҳақлик, иложсизликдан ўзбек аёллари ўзига ўт қўяётган бир давр эдики, ҳали ҳамон ўша кунларни эслаган кишининг баданига титроқ киради...
Ўшанда депутатликка сайланган илғорлар мени кечиришсин-у, аммо аслида уларнинг савияси шунга яраша эди. Энг ёмони, ўша собиқ тузумга ҳамма нарсага "хўп" дейдиган лаббайчилар, халқнинг дардини тинглашдан узоқ, "кар-соқов" ДЕПУТАТлар керак эди.
Сайлов ҳам ажабтовур кечарди. Тонг саҳарда уйнинг каттаси барча сайлов бюллетенларини йиғиштириб, участка томон шошарди. Йўқ, бутун оиласи фикрини ифода қилишга эмас (ахир, бир ўринга бир номзод, муқобили йўқ, ҳаммаси келишилган, ҳаммаси маълум-ку, ҳатто кўпинча номзоднинг кимлигини билмасдилар ҳам), тезроқ бориб ўша пайтлари тақчил бўлган, сайлов участкаси биқинида сотиладиган пахта гулли чойнак-пиёла харид қилишга улгуришга шошиларди.
Албатта, шу йўсинда "сайланган" депутатлар орасида ҳам айрим ватанпарвар, элга қайишадиган, ўз манфаатидан эл-юрт манфаатини устун қўя оладиган юртдош-ноибларимиз ҳам бўлган. Уларнинг жасоратидан кўз юммаслигимиз, фидойилигини унутмаслигимиз керак. Мисол учун, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг ўша йилларда Москванинг қоқ юрагида, собиқ СССР халқ депутатларининг съезди минбарида куюниб айтган сўзлари ҳамон кишини ларзага солади. Бундайлар собиқ тузумнинг сўнгги депутатлари сифатида тарих саҳифаларига муҳрландилар. Бошқаларнинг ўз депутатлик ваколатларини қай даражада бажарган ёки бажармаганликлари эса бошқа масала.
Шу ўринда айтиб ўтишимиз шарт бўлган яна бир ҳақиқат борки, ундан кўз юмсак, фикрларимиз якунланмай қолади. Айтмоқчи бўлганимиз, собиқ тузумнинг таназзулида Одил Ёқубовдек довюрак, жасоратли депутатлар эмас, айнан ким нима деса қўл кўтариб, маъқуллаб кетаверадиган, "илғор"лар сафидан саралаб олинган лаббайчи "депутат"лар кўпроқ роль ўйнагани ҳам бор гап.
Яхшики, у кунлар тарихда қолди...
Илк демократик сайловлар
Таъбир жоиз бўлса, мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан кейинги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига биринчи сайловлар - бизнинг ҳаётимизда илк демократик сайловлар бўлди, дейишимиз мумкин. Чунки ўша олатасир замонларда отлиқ ҳам, пиёда ҳам депутат бўлгиси келиб қолгани, "мени сайланг!" дея елиб-югургани ҳам бор гап. Албатта, бу ўринда мустақил мамлакатнинг илк депутатлари сифатида тарихга кирган ватанпарвар, зиёли, жасоратли ва довюрак юртдошларимизнинг бемисл хизматларини инкор этмаган ҳолда айрим номзодларнинг хурмача қилиқларини ҳам эслаб ўтишимиз лозим.
Ўша, илк демократик сайловлар жараёнида Хатирчи туманидаги чекка қишлоқлардан бирида тасодифан Олий Кенгаш депутатлигига номзод билан учрашувда қатнашишимга тўғри келди. Буни қарангки, ҳали тузук-қуруқ асфальт йўл бормаган қишлоқ аҳлининг йўл борасидаги саволига номзод агар уни сайласалар, қишлоққа аэропорт қуриб, самолёт қатновини йўлга қўйишни ваъда қилиб юборди. Номзоднинг тарафдорлари қарсакбозлик қилди. Қолганлар истеҳзо билан кулиб қўя қолишди. Яхшики, халқ ўша ҳовлиқма номзодни сайламади.
Катта авлод яхши эслайди. Ўша сайловда чўнтаги қаппайганлар ҳам депутатликка даъво қилиб қолишди. Айни иқтисодий инқироз энг юксак чўққисига чиққан, йўғон чўзилиб, ингичка узилган йиллар. Оёққа кийишга бундайроқ туфли у ёқда турсин, оддий калиш ҳам топилмайди. Юмшоққина резина калишлар ҳам қаёққадир гумдон бўлиб, момоларимизнинг куни тақирлоқ тош калишга қолган замонлар. Ана шунда денг, бир бойвачча номзод сайловчиларга бир пойдан калиш тарқаттириб, "сайловда ғолиб бўлсам, иккинчи пойини ҳам бераман!..", деган экан.
Тўғри, бугун бу гаплар кимларгадир кулгили, латифанамо туюлар. Лекин қай бир номзод уйма-уй юриб икки килодан гўшт, гуруч, яна бири маҳаллама-маҳалла ароқ тарқатгани ҳам бор гап...
Кейин билсакки, олатасирдан фойдаланиб, осмондан ёққан чалпакни териб олган айрим "янги бой"лар депутатлик дахлсизлигини истаб қолишган экан...
Яхшики, бу кунлар ҳам ортда қолди...
Биз қачон халқдан узилдик?
Дарвоқе, халқ вакиллари қачон халқдан узилиб қолди? Қачондан халқ ўзи сайлаган депутатлари билан кўришиш "бахти"дан мосуво бўлди? Бу аччиқ ва аламли саволларга ҳам жавоб бериб ўтмасак бўлмас.
Аввало, ижтимоий тармоқларда ўзга фамилиялар ортига бекиниб олиб (Ҳозир уларни троллар, деб атай бошлашди, шекилли), "Сен кимсанки, ўзингча ўтган сайловлар ҳақида бунча фалсафа сўкасан," дегувчи "дўст"лар учун айтиб ўтай, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бўлиб ўтган бешта сайловнинг учтасида номзодларнинг ишончли вакили сифатида қатнашдим. Ана шу жараёнларда кўплаб кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисаларнинг бевосита гувоҳига ҳам айландим. Албатта, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Шунинг учун асосий масаладан чалғимай, мавзуга қайтайлик.
Хўш, депутатларимиз билан халқимиз орасидаги кўприк қачон вайрон бўлди?
Жавоб аниқ: қачонки ҳокимият сайловларга аралашиб, ўзларига маъқул номзодларни ўтказишга (Ҳа, ҳа, айнан сайлашга эмас, ўтказишга!) енг шимариб киришиб кетгач, бу ҳолат яққол бўй кўрсата бошлади. Ҳокимларнинг ҳайбаракалласи билан сайланган депутатлар, табиийки, халқдан кўра кўпроқ ҳокимларга хизмат қила бошлади. Алал-оқибат халқнинг улардан кўнгли қолди. Икки ўртадаги ишонч кўприги дарз кетди.
Минг таассуфлар бўлсинки, ўзларининг ваколатидан фойдаланган ҳокимлар депутатликка номзод танлашда сиёсий партияларнинг ишига бевосита бўлмаса ҳам, билвосита аралаша бошлади. Оқибатда...
Оқибатга эса ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Яхшики, энди бу кунлар ҳам ортда қолди...
Бугуннинг кечадан фарқи нимада?
Бугун кейинги уч йил мамлакатимиз ҳаётида халқ билан барча даражадаги депутатлар ўртасида дарз кетган ишончни тиклаш, ишончни оқлаш йиллари бўлди, деб баралла айта оламиз. Чунки Олий Мажлис палаталари аъзоларидан тортиб, маҳаллий Кенгаш депутатларигача ўз сайловчилари ҳузурига қучоқ очиб боришди, сайловчиларнинг дарду ҳасратларини тинглашди, баҳоли қудрат уларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилишди ва қилишмоқда.
Жорий йилда қабул қилинган Сайлов кодексида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли ҳамда ваколатли вакилларига шундай янги имкониятлар яратилдики, эртанги сайловларда на ҳоким, на бошқа бирон-бир куч сайловлар шаффоф ўтишига таъсир кўрсата олмайди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, бу - демократия йўлидаги жуда залворли қадам бўлди.
Бундай дейишимизга сабаб, Сайлов кодексида бир қатор янги нормалар ўз ифодасини топди. Унда сайлов комиссиялари фаолиятида очиқлик, коллегиалликни таъминлашга оид аниқ талаблар ўрнатилиб, сайловчиларни тўлиқ ва аниқ рўйхатга олишни таъминловчи, кўп марта рўйхатдан ўтиш имкониятини истисно этадиган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига оид қоидалар киритилди, сайлов кампанияси жараёнида номзодларга тенг имкониятлар ва шароитлар таъминланиши белгилаб қўйилди.
Сайлов кодексида сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилган эди.
Агар авваллари парламентнинг қуйи палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан тузилган бўлса, эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тақдимномасига биноан тузилади. Албатта, бу норма вакиллик органларининг ролини оширишда муҳим ўрин тутади.
Сайлов қонунчилигида авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги Сайлов кодексида расман қайд этилган. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини оширишга хизмат қилади.
Демак, соғлом сиёсий рақобат муҳитида депутатлик ўринларини кўпроқ эгаллаш ўзимизга, партиямиз томонидан кўрсатилаётган номзодларга сайловчилар ишонч билдиришига боғлиқ. Сайловчи қачон ишонади, деган саволни қўйиб, бу саволга муносиб жавоб беришимиз, номзодларни тўғри танлашимизга боғлиқ. Энг асосийси, партия номзодлари сайловчилар олдига баландпарвоз, қуруқ гаплар, қўлидан келса-келмаса бериладиган ваъдалар билан чиқишига барҳам берилди. Энди ҳар бир номзоднинг сайловолди дастурида акс этган вазифалар шу ҳудуд аҳолисининг дилидаги гаплар бўлади. Бу вазифаларнинг ҳаётий асоси ва амалга ошириш механизмлари сайловчиларни асло бефарқ қолдирмаслигига, аввало, номзоднинг ўзи ва унинг ортида турган партия ишониши керак. Партия тузилмаларида шакллантирилган номзодлар захираси билан ишлаш жараёнида айни шу жиҳатларга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Хулоса ўрнида
Айтмоқчи бўлган гапимиз, сайловларда таъқибсиз ва тазйиқсиз қатнашиш учун барча имкониятлар яратилди. Ҳаттоки, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга ҳам сайловда қатнашиш ҳуқуқи берилди. Сайловчи ва сайланувчи фуқароларнинг манфаатлари қонун ҳимоясига олинди. Бир оилада ўн киши бўлса ҳам бир киши овоз бериши мумкинлиги ҳақидаги "ёзилмаган қонун" ҳам хотима топди. Демак, энди галдаги вазифа сизу бизнинг, яъни муҳтарам сайловчининг зиммасига тушади. Зеро, эртага сайланадиган депутатлар бизнинг қонун чиқарувчи олий маҳкамадаги вакилларимиздир. Инчунун, қайсидир маънода келажак ҳаётимиз қандай кечиши бевосита ва билвосита халқ ноибларига боғлиқ. Хўш, кимлар бўлади улар? Элим, юртим деб яшайдиган, раият корига ярайдиган фидойи инсонларми ёинки мансабпараст, обрўталаб кимсаларми? Бу энди бизнинг онгли танловимизга, зиммамиздаги улкан масъулиятни қанчалар чуқур ҳис этишимизга боғлиқ.
Ҳалол, эл-юрт манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, шу Ватан, шу Халқ, шу Миллат, шу Мамлакат тараққиёти учун камарбаста бўлишга тайёр номзодларни саралаб сайлашда Яратганнинг ўзи бизни адаштирмасин.

Ислом ҲАМРОЕВ
ЎзА


Дата добавления: 31/10/2019 11:06;   Просмотров: 773
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку