Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"Бу кунлар ҳам ортда қолади, ўшанда айримларга "кўкрагининг куюги" азоб бермаса бас..."

"Бу кунлар ҳам ортда қолади, ўшанда айримларга "кўкрагининг куюги" азоб бермаса бас..."

Бугун бутун инсоният тилсиз ёв – коронавирусга қарши курашмоқда. Ҳар бир юрт  у билан курашнинг ўзига хос йўлини танламоқда. Жумладан биз ҳам... барибир ўзбекмиз, ўзимизга хос, ўзимизга хон, ўзимизга бекмиз-да!

Олдиндан айтиб қўяй, бу “иддаолар”нинг халқимизнинг омонлиги, саломатлиги учун ҳаловатидан кечган раҳбарлар, молу жонини аямаётган ҳамюртларимиз, виждонли, инсофли, диёнатли инсонларга алоқаси йўқ. Аммо  гўшт  суяксиз бўлмайди, гуруч курмаксиз.  

Мана қаранг, дунёнинг турли мамлакатларида аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида пул тарқатилаётган бир пайтда биз одамларни кўчага чиқармаслик учун турли-туман жарималарни ўйлаб топдик. Тўғри-да, биз учун жондан ҳам кўра пул ширинроқ эканини ўзимиз яхши биламиз.  

Испания, Италия, Гемания, Италия сингари юртларда бу дард бутун миллатни бирлаштирди. Бир-бирига имкон қадар ёрдам қўлини чўзди. Давлат бошқаларга инсонпарварлик кўрсатишни эмас, ўз халқини қутқариш учун бор чораларни сафарбар қилишни ўйлади.  

Бизда эса... куни кеча соғ одамни ҳам “касал” деб расмийлаштириб,  касаллар учун ажратилган миллионлаб пулларни жиғилдонига урган айрим нокаслар бугун чиндан касалликка учраб, мадад сўраб борганларни “жой йўқ, пул йўқ, дори йўқ” деб ортига қайтармоқда.  

Бир қатор мамлакатларда одамлар жон ҳовучлаб уйдан ташқарига чиқмай ўтирган бир пайтда биз карантин тадбирлари бекор бўлганидан фойдаланиб, уч “смена”да тўйлар қилдик. Энди эса, айрим мамлакатлар бу дардни енга бошлаган  бир пайтда кундан кунга “ковид” тўрига ўралиб боряпмиз.  

Бошқа давлатларда маъмурлар қандай қилиб аҳолининг кам таъминланган тоифаларига кўпроқ кўмаклашиш тўғрисида  ўйлаётган бир пайтда бизнинг баъзи “каттакон”лар қандай қилиб халқ учун ажратилган пулларни талон-тарож қилиш ҳақида бош қотиришди.  

Буюк Британия, АҚШ, Франция, Россия сингари мамлакатлар тезроқ вакцинани яратиб, чегара билмас бу офатнинг йўлига ғов тиклашга интилаётган пайтда биз қандай қилиб дориларниннг нархини ошириш, одамларнинг чорасизлигидан, мусибатидан фойда кўришни кўзлаяпмиз.  

Ўзбекистона кун сайин ўсиб боратёган нохуш рақамлар қачон тўхтайди, умидбахш вакцина юртимизга қачон етиб келади – билмадим. Аммо, вакцина юртимизга кириб келгач, унинг “савдоси” ҳам кимларнингдир кўзини мўлтиратиб, яна кимларнингдир ҳамёнини қаппайтириши мумкинлигидан хавотир бор... (Ўзимизникиларни қўятурайлик, ўша вакцина чиқарган давлатлар ўз маҳсулотини етарли миқдорда етказиб бериш баъзи бир ШАРТларни ҳам илгари сурмасмикин?) Майли яхши ният қип турайлик. Ҳар кимнинг ҳам инсофини берсин.  

Битта ривоят айтайми? Эшитганлар жим турсин: очарчилик пайтида бир  ака уканинг уйига хабар олгани борибди. Укаси шу пайт эндигини тандирдан узилган нонни емоқчи бўлиб турган экан. Акасини кўриши билан иссиқ нонни кўйлаги ичигаа тиқибди. Қайноқ нон уканинг кўксини куйдирса-да, аранг тишини тишига босибди. Акаси у билан бироз гаплашиб, ортига қайтмоқчи бўлиб: “Ҳа ука, бу кунлар ҳам ўтиб кетар, лекин шу кўкрагингни куйгани қолади-да” деган экан.  

Нима бўлганда ҳам, бу кунлар ҳам ортда қолади. Вақти келиб ҳаммамиз (деярли!)  бу қийин кунларни, бу машаққатларни қўрқинчли тушдек эслаб юрамиз, иншаАллоҳ! Ўшанда айримларга “кўкрагининг куюги” азоб бермаса бас...

Яна бир бор айтаман: бу гаплар ҳаммага тегишли эмас! Миллат ўз қаҳрамонларини унутмайди, хоинларни ҳам...

Рустам Жабборов

"Darakchi"


Последнее редактирование: 05/08/2020 12:02;   Просмотров: 751
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку