Мўҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан номланган 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда самарали тарғиб қилиш мақсадида жорий йил 4,5 ва 6 - январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биринчи босқич тингловчиси Искандар Комилов тумандаги Оқмачит, Қавчинони боло, Ўрташиқ, Хўжа Аҳрори Валий-2 ҳамда Янгиариқ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, МФЙ раислари, маслаҳатчилари, посбонлари, маҳалла жамоатчилик комиссиялари аъзолари ва фаоллари билан учрашув-мулоқотлар ўтказди. Тадбирларда нотиқ томонидан иштирокчиларга асосан:
- Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси»даги устувор вазифалар:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқи:
- Юртбошимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти тўғрисида кенг тушунчалар берилди. Жумладан, у Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилгани ҳамда йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилганлиги ҳақида тўхталиб, 2017 йил давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилганлигини алоҳида қайд этди. Ушбу тузилмалар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизими йўлга қўйилганлигидан далолатдир. Хусусан, бугунги кунда мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқ билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинаётгани, шу билан бирга «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя фаолиятимиз мезонига айланаётгани ҳамда 2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги биринчи қадамларни қўйгани бунга яққол мисол бўлди, - деди И.Комилов.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганларидек, «2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди.
Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз».
Ҳа, ўтказилган тарғибот тадбири ҳеч бир тингловчини бефарқ қолдирмади, қизиқарли савол-жавоб билан якунланган, бундай учрашув-мулоқотлар жойларда давом этмоқда.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.