Ҳар бир киши ҳаётининг қайси бир кунида Хизр билан учрашади, деган нақл бор. У ҳар қандай кўринишда бўлиши мумкин: ивиб қолган мушук, қария, гадо. Уларга дуч келган вақтда ўзимизни қандай тутишимиз тақдиримиз ўзгаришига сабаб бўларкан. Шундай масал бор:
Дунёда бир одам яшаган экан. Унинг учта орзуси бўлган: катта маош тўланадиган яхши ишга эга бўлиш, гўзал ва меҳрибон қизга уйланиш ва ... машҳурликка эришиш.
Унинг ҳаётида кўп воқеалар бўлган, шулардан учтасини келтирамиз.
У ҳали навқирон бўлган вақтлар қишнинг совуқ кунларининг бирида номдор корхонага ишга кириш учун суҳбатдан ўтишга бораётганди. Учрашувга беш дақиқа қолган, манзилгача эса яна анча йўлни босиб ўтиши керак эди. Шунда қаршисидан келаётган ёши ўтинқираган бир кишининг бирдан тойиб кетиб, йиқилганини кўрди. Учрашувга шошаётган қаҳрамонимиз йиқилган маст бўлса керак, дея ўйлаб, унга ёрдам бермади ва йўлини давом эттирди. Бахтига у айтилган вақтда суҳбатдан ўтишга улгурди. Лекин орзу қилган ишига уни олишмади.
Илиқ ёз кечаларининг бирида у шаҳар айланиб, кўчада номойиш кўрсатаётган артистларга кўзи тушди ва уларнинг маҳоратидан завқланиб, тўхтади. Томоша қилаётганлар кам, лекин намойиш учун танланган воқеа қувноқ ва қизиқарли эди.
Намойиш тугагандан сўнг, қарсаклар янграб, одамлар тарқай бошлашди. Қаҳрамонимиз кетиш учун энди ортига ўгирилмоқчи бўлганда, кимдир унинг елкасидан оҳиста туртганини сезди. Бу намойиш этилган асар қаҳрамони – кекса масхарабоз аёл эди. Аёл ундан намойиш унга қанчалик таъсир этганини сўраб, актёрлар маҳоратига муносабати билан қизиқди. Лекин бизнинг одам у билан суҳбатлашишни истамай, жиркангандек унда ўзини нари олиб, уйига кетди.
Кузнинг ёмғирли тунларидан бирида у дўстининг туғилган кунидан чиқиб уйига шошиларди. Кун оғир ўтгани учун у тезроқ уйга боришни, ванна қабул қилиб, иссиқ юмшоқ ўринда ётишни ўйларди. Ногаҳон у кимнингдир буғиқ овозда ҳунграб йиғлаётганини эшитди. Бу аёл киши эди. У қахрамонимиз яшайдиган уйнинг кириш айвончасида ўтирарди. Аёл ёлғиз бўлиб, соябони йўқ, эгнидаги нозик курткасининг қулоқчини уни ёмғирнинг совуқ томчиларидан ҳимоя қиларди. Ёнидан ўтиб кетаётган кимсани пайқаган аёл ундан ёрдам беришини сўради. Унинг оиласида нимадир рўй берган, шунинг учун у ким биландир юракдан дардлашиш истагида эди. Ёлвориб илтимос қилгани учун ёнида тўхтаган одам ўйланиб қолди, хаёлига ванна ва тўшак гавдаланиб, жуда бандлигини минғирлаб изҳор этаркан, йўлак эшигига йўналди.
Биз бошидан ўтказган уч воқеа қаҳрамони бўлган одам бахтсиз ҳаёт кечириб, дунёдан ўтди.
Руҳи осмонларга учиб, ўзининг халаскор фариштасига дуч келди.
– Биласанми, мен кераксиз ва бахтсиз ҳаёт кечирдим. Учта орзуим бор эди, лекин бирортаси амалга ошмади. Эсиз...
– Ҳм... Дўстим, мен орзуларинг рўёбга чиқиши учун ҳамма нарсани қилдим. Сен фақат кўзингни яхшироқ очсанг, юрагингни юмшатсанг, қўлингни узатсанг бўлди эди.
– Нимани назарда тутаяпсан?
– Қиш палласида сирпанчиқ кўчада тойиб йиқилган кишини эслайсанми? Ушбу тасвирни сенга намоён этаман... Шу одам сен ишлашни орзу қилган корхонанинг бош директори эди. Сени ҳайратланарли даражадаги мартаба кутарди. Сендан фақат бир нарса талаб этилганди: унга ёрдам бериш учун қўл чўзиш.
Кекса масхарабоз аёл эсингдами? Намойиш тугаб, у сенга савол билан мурожаат этганди. У сени бир кўришда севиб қолган ёш ва гўзал актриса эди. Сизларни бахтли келажак, ширин фарзандлар, сўнмас муҳаббат кутаётганди. Сендан талаб этилган бир нарса - кўзингни каттароқ очишинг керак эди, холос. Уйинг айвончасида йиғлаб ўтирган аёл эсингдадир? Ёмғирли тунда ивиб кетган аёлнинг тўккан кўз ёши... У машҳур ёзувчи эди. Ҳаётида кескин бурулиш бўлиб, кўнглини кўтарадиган одамга муҳтож бўлганди у. Агар уни озгина исиниб олиш учун уйингга олиб кирганингда, дардини тинглаб, кўнглини кўтарганингда, у ўз китобида мазкур воқеани ёзган бўларди. Китобнинг бутун дунёга донғи кетгани ва мазкур китоб ёзилишига илҳомлантирган киши – унда номингни муаллиф қайд этгани сенинг ҳам машҳур бўлишингга олиб келарди. Сендан эса ўшандаги вазиятни ойдинлаштириш учун юрагингда озгина учқун етишмаган. Сен эътиборсиз эдинг, дўстим.
Фариштанинг сўзларини тинглаб, ўзидан афсусланган одам ойнинг йўли бўйлаб, юлдузлар ичига сингиб кетди.
Қиссадан ҳисса: ҳаётга қулоқ тутинг, у сизга имкониятлар беради. Фақат ёрдам сўраш билан чекланмай, уни муносиб қабул қилиб олишни билиш ҳам керак.
Х.НУРУЛЛАЕВ тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.