Бир куни яхшилик билан ёмонлик ўртасида баҳс-мунозара бўлиб ўтган экан. Бу мунозара узоқ йиллардан бери давом этаётган бўлса ҳам ҳеч бирлари муросага келмас эканлар.
Мен, дебди, ташвиш, бутун инсониятни тинч яшашига йўл қўймайман. Зарур ишлар қолиб беҳуда ҳою-ҳаваслар билан умрларини зое кетказишларига баҳоли қудрат хизмат қиламан. Давранинг турида ғафлат ўтирган экан, у ҳам ташвишни қувватлаб:
- Дўстим мен ҳам бутун инсониятни қаттиқ уйқуга кетишини яхши кўраман. Кимга нима бўлаяпти, ким нима қилаяпти, менга барибир. У мен билан ўйнашгани ўйнашган. Қўй, одамлар дам олсин, меҳнат дегани ҳеч тугамайди, кўпроқ адашишсин деб йўлдан урмоқчи бўламан. Баъзилар қулоқ солмай, яхшилик томон интиладилар. Шундай бўлса ҳам менга бўйсунадиганлар кўп, улар менинг доимий ҳамроҳим деб, мақтанибди.
Ҳа, ёмонликнинг сони кўп экан. Нотинчлик нафақат сизларнинг ишларингиз, балки меники ҳам. Биттагина эшик қоққанимга дунё кўзларига қоронғи кўринишини жуда яхши биламан. Қувонганим, мен бор жойда бахтга ҳам, давлатга ҳам, саломатлик, ҳаттоки, хурсандчиликка ҳам ўрин йўқ, деб нотинчлик мақтанибди. Улар ўз ишлари билан фархланишсада, охир-оқибат яхшилик ғалаба қозонишидан бехабар эканлар. Ишонч, сабр, виждон, ҳақиқат - барчалари шошилмасдан бирин-кетин сўзга чиқибдилар. Уларнинг фикрлари равон, тоза ва тушунарли экан.
Ўз қадр-қимматини билмаган, яхшини ёмондан ажрата олмайдиган нокаслар, ғафлатдан қолган баъзи кимсаларгина буларга эргашади.
Ўзлигини билган, эртасини билиб иш қиладиган иродали, фаҳм-фаросатли кишилар биздан бир қадам ҳам узоқда юрмайдилар. Ҳеч бир муваффақият ўз-ўзидан келмайди. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, инсониятни юксакликка кўтарамиз. Чунки бизнинг гўзал хулқимиз, ақл-идрокимиз, ғайрат-шижоатимиз, қолаверса, чин инсонийликка хос меҳр-оқибатимиз бор. Ёмонлардан йироқдамиз. Ҳар қанча улар ўзларининг кирдикорларидан фахрланмасинлар, барибир, биз ўн поғона баландда турамиз. Барчамиз яхшиликка итоат қиламиз. У бизни ҳеч қачон адаштирмайди, дебди ишонч билан сабр. Ажабланарлиси шундаки, ким бўлишидан қатъий назар, яхшилик ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Бирор бир хафа бўлишга арзийдиган, ҳаттоки юз кўрмас бўлишгача олиб келадиган вазиятда ҳам яхшилик ўзлигини йўқотмайди
Даврамизнинг кенглиги яхшиликнинг борлигидандир. Асрлар оша биз фақат ғалаба қозонамиз. Бутун инсониятни даврамизга чорлаб қоламиз деб сўзларини тугатибди.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.