Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БОҒБОНЛАРНИНГ УСТОЗИ ЭДИ

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, буюк соҳибқирон Амир Темур боғларини яна тиклашга қарор қилинди. Вилоят ҳокимлигига бу хайрли ишни амалга оширишга раҳбарлик қилишни уддалай оладиган кўпгина номзодларнинг рўйхати илова қилинди. Нуфузли комиссия собиқ академик Рихард Шредер (ҳозирги Маҳмуд Мирзаев) номидаги мевачилик, узумчилик ва виночилик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Самарқанд филиали директори Жўрақул Мусоевни ана шу вазифага муносиб деб топди. Чунки, тиниб-тинчимас олим, тажрибали боғбон ва энг муҳими, кўпгина хорижий давлатларда бўлиб, малака оширган Жўрақул Мусоевич нафақат Ўзбекистонда, ҳатто Ўрта Осиёда ҳамкасблари ўртасида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган инсон эди.

У бундай масъулиятли вазифани муқаддас бурч сифатида қабул қилди ва ишга киришиб кетди. Қисқа муддат ичида Амир Темур бобомизнинг Самарқанд атрофидаги 14 та боғи тикланди. Боғи Дилкушо, Боғи Биҳишт, Боғи Тилло ва бошқа боғларнинг шуҳрати бутун дунёга тарқалди. Шунинг учун бўлса керак, унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони берилди. Кўксини эса «Халқлар дўстлиги», «Ҳурмат белгиси» ва бошқа орден-медаллар безади. Лекин боғларни барпо этиш соҳасида чеккан азобларидан ҳамма ҳам хабардор бўлмаса керак, албатта. Туну кун далада бўлиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ниҳолларнинг серҳосил, касалликларга чидамли, Самарқанд шароитига мос навларини етиштириш кўп меҳнат ва изланишларни талаб қилди. Жўрақул Мусоевич мақсадга эришиш учун барча имкониятлардан самарали фойдаланиб, вилоят ва республика раҳбарлари олдидаги ишончни оқлади.
Бугунги кунда раҳматли Жўрақул Мусоев орамизда йўқ, аммо у барҳаёт бўлиб қолиш учун инсоний фазилатлари ва айниқса, боғу-роғлари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетди.
1954 йилда шаҳардаги 13-сон ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг агрономия факультетига ҳужжатларини топширди. Қабул имтиҳонларидан ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлди. Меҳрибон устозларидан деҳқончилик, боғдорчилик ва узумчилик сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Институтни имтиёзли диплом билан тугатган ёш мутахассис академик Р.Р.Шредер номидаги мевачилик, узумчилик ва виночилик илмгоҳида кичик илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлаб, директор вазифасигача кўтарилди.
- Бу йил падари бузрукворимизнинг 85 йиллик тўйларини ўтказишга тайёргарлик кўрган эдик, - деди жудолик ғамида бўлган кенжа ўғли Хуршеджон, - лекин тўсатдан келган ажал уни орамиздан олиб кетди. Сингилларим Насибахон, Аминабону, Комилаой ва бошқа оила аъзоларимизнинг изтироблари чексиздир. Раҳматли онам ва акам Қаҳҳор Жўрақуловичнинг барвақт кўз юмушлари отам учун катта зарба бўлганини биламан. Лекин жаноза куни ва ҳамдардлик учун келган минглаб одамларни кўриб, яна бир марта ишонч ҳосил қилдимки, сулоламиз бошлиғи ҳурмат ва иззатда бўлган инсонлардан эканлар.
Ҳа, буюк аллома Шайх Саъдий хақ гапни ёзган:
Бўлак яхши ном истама, шул етар,
Сени яхши одам деса эл агар.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 18/05/2018 14:31;   Просмотров: 1059
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку