Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёт ривожи, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан биридир. Шу боис, бизнинг юртимизда боғдорчилик ҳам йилдан йилга юксалиб бормоқда. Замон талаблари асосида ушбу соҳанинг тараққий этишида академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станциясининг кўп миллатли аҳил жамоаси ҳам муносиб улуш қўшиб келмоқда.
УЧ АВЛОД БОҒБОНЛАР
Саксондан ошиб, тўқсон билан "тўқнашаётган" Мавлон бобо Ҳайдаров умр йўлдоши Сабоҳат Иноятова билан биринчилар қатори қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган, қақраб ётган чўлни ободонлаштириш учун бел боғлашди. Аввало ертўлада макон қуриб яшашди, вақт ўтиши ва имконият бўлиши билан эса уй-жой қилишиб кўчиб ўтишди. Энг муҳими, деҳқончилик ва боғдорчилик орқасидан ҳалол луқма топишиб, етти нафар фарзандни таълим-тарбияли қилиб ўстиришди. Ҳозирги кунда улар ўзлари улғайган жойда турли вазифаларда меҳнат қилишмоқда. Мавлон бобонинг набиралари ҳам оилавий анъанани давом эттириб, боғдорчилик билан шуғулланмоқда.
- Бўз ерларни ўзлаштириш учун кўпчилик бу ерга келган эдик, - дейди Мавлон бобо, - аммо айримлар қийинчиликларга, табиат инжиқликларига чидолмай, жуфтакни ростлашди. Афсус, кўплаб чўлқувар ҳамкасб дўстларимиз вафот этишди. Жойнамоз устида уларнинг руҳлари шод ва охиратлари обод бўлсин деб дуо қиламан. Бугунги кунда Қаҳҳор бобо, Аҳмад бобо, Шойим боболар қарилик гаштини суришмоқда. Биз, оқсоқоллар фарзандларимизга, набираларимизга ва ёш боғбонларга ер билан "тиллашиб" орттирган тажрибамизни ўргатяпмиз.
АНЪАНА ДАВОМ ЭТМОҚДА
Адир ерларни ҳосилдор майдонларга айлантирган илғор ва тажрибали боғбонлар ҳақида сўз кетганда, одамлар биринчи навбатда "Темур агро экинлари" МЧЖ раҳбари Маъруфжон Муродов номини ҳурмат билан тилга олишади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки тажрибали боғбонлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, уни мўмай даромад манбасига айлантиришган.
- Раҳматли падари бузрукворим Мардон бобо Муродов ҳам биринчилар қатори чўлни ўзлаштириш учун меҳрибон онам Малҳамат Раҳмонова билан бу ерга келган эдилар, - дейди Маъруфжон, - биз деҳқончилик сир-асрорларини улардан ўргандик. Айни пайтда тасарруфимизда 5 гектар ер бўлиб, асосий фаолиятимиз кўчат ниҳолларини етиштиришдан иборат. Ҳар йили кўплаб мевали дарахтларни пайванд қилиб, фермер ва харидорларга сотамиз. "Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик" деганларидек, ҳар гектар ердан 100-120 миллион сўм даромад оламиз. Лекин " ҳолва" деган билан оғиз чучук бўлмайди. Боғдорчилик тинимсиз меҳнат, изланиш, ўрганиш ва ерга нисбатан жонкуярликни талаб қилади. Умр йўлдошим Мунаввара Мисирова, ўғлим Мизробжон, келиним Назирабону Муҳаммадиева, ака-укаларим атрофимда камарбаста. Бизнинг мақсад - буюк бобокалонимиз Амир Темур барпо этган боғларни қайта қарор топтириш ва халқимизга арзон, сифатли ва шарбатга тўла сара мева етказиб беришдир.
МАҚСАД - ЭКСПОРТ ҲАЖМИНИ ОШИРИШ
Кейинги йилларда олинган маълумотларга кўра, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши яъни, исиб бориши тезлашмоқда. Айниқса, февраль ойиданоқ кунлар исиб, бодом ва данакли дарахтларнинг куртак ёзиши кузатилмоқда. Натижада боғбонларнинг баҳор фаслидаги ташвишлари янада ошади. Шу кунларда академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба станцияси раҳбари ёш олим Тўлқин Исломовнинг ташвиши кўп бўлишига қарамасдан газетамиз учун вақт ажратди ва саволларимизга жавоб берди.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, - деди Тўлқин Искандарович, - унда ушбу соҳа фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди. Кластерлар таклифлари асосида экспортбоп экинларни жойлаштириб, зарур уруғлик, кўчат, минерал ўғит, ёқилғи масаласини ҳал қилиш ва уларнинг таъминотини тизимли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. "Кластерлар фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад - экспорт ҳажмини ошириш, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтиш зарур" деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Айни пайтда тасарруфимизда 240 гектар ер мавжуд. Муҳтарам юртбошимизнинг суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан томчилаб суғоришга алоҳида аҳамият беряпмиз. Зеро бу усул экиннинг эҳтиёжига мос миқдор ва муддатларда илдиз қатламига етказиб берилади ва мунтазам намлик ҳосил қилинади.
- Ҳурматли Тўлқин Искандарович, илмий изланишлар тўғрисида ҳам гапириб берсангиз.
- Бизнинг станция исми жисмига монанд. Айни пайтда олимларимиз ака-ука Ўрмон ва Бахтиёр Мирзоҳидовлар, Улуғбек Бойжонов ва бошқалар мевали дарахтлар ва узумларнинг янги, серҳосил, касалликка чидамли навларини етиштириш учун тинмай илмий изланишлар олиб боряптилар. Улар ўз тажрибаларини Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг агрономия факультети талабаларига ўргатишмоқда. Хуллас, бу йил қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотлар бошланди. Ҳар бир қарич ердан халқ манфаати йўлида самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бизнинг асосий вазифамиздир.
Баҳодир ЗОҲИР
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда: станция
фаолиятидан лавҳалар
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.