Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Болалар учун алимент: уларнинг ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш керак?

Оила – жамиятнинг бирламчи ва муқаддас бўғини бўлиб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, ундаги муҳитнинг соғломлиги ва оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг яқин ва самимийлиги, тарбия ва ахлоқ нормаларининг баркамоллиги жамиятнинг ҳам умумий қадриятларида акс этади. Бошқача қилиб айтганда, оиланинг мустаҳкамлиги жамиятнинг ҳам мустаҳкамлигига замин яратади.


Аммо оила институти билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳам талаб қилинади. Хусусан, оилавий муносабатларни тартибга солиш учун нафақат фуқаровий-ҳуқуқий нормалар, балки, жиноий ва маъмурий-ҳуқуқий нормаларнинг ҳам мавжудлиги талаб қилинади.
Ўзбекистон Республикасида оила, хотин-қизлар (гендер тенглик) ва бола ҳуқуқларини, жумладан, алимент ундириш билан боғлиқ қоидалар бир қанча қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Лекин ушбу қоидалар замон шартлари ва маҳаллий талабларга ҳам доимий равишда мувофиқлаштириб борилиши талаб қилинади.
Айнан шу эҳтиёж сабабли ҳам, жорий йилнинг 11 апрелида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни (кейинги ўринларда – Қонун) қабул қилинди. Ушбу Қонун билан бир қатор қонун ва кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Биз қуйида, айнан алимент ундириш борасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритилганлигини изоҳламоқчимиз.
Алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқараётганлиги сабабли ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 281-модда (“Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш”) киритилди. Ушбу модданинг 1-қисмига кўра ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан саккиз соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга тайинланади. Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилади. Мазкур модданинг 4-қисмига асосан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар иш ҳақининг эллик фоизи алимент мажбуриятлари бўйича қарзни тўлашга йўналтирилади.
Эндиликда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси санкциясига “бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш” ҳам қўшилди.
Яъни, эндиликда, алиментни тўламаётган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда биргина ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси эмас, балки, шароитдан келиб чиққан ҳолда, уни бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш шаклида жазолаш ҳам мумкин.
Бу нормалар воситасида алимент ундириш орқали бола ҳуқуқларининг таъминланиши имкониятлари янада оширилганлигини таъкидлаш лозим.
Албатта, алимент таъминоти олиши зарур бўлган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари халқаро ва миллий қонунчилик базаси билан муҳофазаланган бўлиб, бунда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўз вазифа ва масъулиятлари белгилаб қўйилган.
Сўз якунида шуни ҳам қайд этиш керакки, бу борадаги ўз ечимини топмаган муаммолар хоҳ у фуқаровий, жиноий ёки маъмурий аҳамиятдаги бўлсин, охир-оқибат барибир суд органларида ўз ҳуқуқий ечимини топади.

Нурмуҳаммадхон Абулсаидов,
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси.


Дата добавления: 08/06/2023 16:29;   Просмотров: 7049
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку