Нега хомушсан, нозик қалбингни қайси жаллод яралади. Кел, болажоним, бағримга босай, нега қалтираяпсан. "Аям ташлаб кетдилар" деяпсанми. Ундай эмас, сен унга кераксан. У албатта қайтиб келиб, сени олиб кетади. Қурқма, бундан кейин сени ҳеч ким хафа қилмайди. Йиғламасдан менга қулоқ сол, ҳозир сени ичкарига олиб кираман, бир ўзинг бу ерда нима қиласан, ташқари совуқ...
Бу ҳар замонда меҳрибонлик уйидан эшитилиб, киши қалбини ларзага келтирувчи савол-жавоблар.
Ота-онаси бор болаларда аҳвол қандай?
Одатда мурғак болалар кимга суянишади. Албатта ота-оналарига. Бордию, уларга меҳр берилмайдиган бўлса, меҳрсизлар, қаҳри қаттиқлар яна ортди деяверинг. Тарбия оилада шаклланади. Намунали хулқ, яхши муоммала билан ўрнак бўлиш керак. Жаҳл келганда ақл кетади дейсизми? Қўйинг, дунё ташвишларини бола билан боғламанг. Сиздан қўрқиб эмас, аксинча, талпиниб яшасин улар. Онда-сонда кайфиятингиз сал кўтарилса, яхши гапирасиз. Қолган кунлар-чи? Бола барибир бола, унутади дейсизми? Ҳеч қачон. Эртага улғайишган тақдирда ҳам нозик қалбининг туб-тубига сиздан эшитган дашномлар, ҳуда-беҳуда депсиниб силтишларингиз, ортиқча бақир-чақирларингиз муҳрланиб қолади. Қуш уясида кўрганини қилади. Боладаги яхши тарбия ота-онадан ўтадиган фазилат деб бежизга айтилмаган.
Қилган ёмонликларингиз қайтмайди деб ким кафолат беради. Бола тарбияси бу жуда жиддий масала. Тарбияли хонадонда оилавий тушунмовчиликлар бола олдида ечилмайди. Оналикнинг юки оғир дейишади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега шундай. Уйдаги хотиржамлик ва бола тарбияси биринчи галда оналарга боғлиқ. Оталар кўча одами. Фақат улар ўткир маъноли нигоҳлари, хушхулқликлари билан вазиятни юмшатишлари мумкин. Ота қизига қўл қўтарса у бахтсиз бўлади, дейишади. Ёки ота қарғиши ёмон, деган гап ҳам бор. Ҳа. Нечоғли билиб айтилган гаплар. Жаҳли қаттиқ эркак ҳам остона ҳатласа, аёлини сўрайди. Болалар ҳам шундай. Улар ота-она бағрида эмин-эркин яшашларига шароит қилиб беринг. Бу учун сиздан кўп нарса талаб қилинмайди. Фарзандларимиз - келажагимиз. Уларга эртак айтиб беринг, бирга расм чизинг, нимага қизиқишини сўранг. Қечқурунлари бирга сайр қилинг. Соғлом муҳитни ташкил қила олсангиз, аввало ўзингиз тўлақонли бахтга эга бўласиз. Улар йўлидан адашса, худо кўрсатмасин, яшашнинг маъноси қолмайди. Болаларда ҳам юрак бор. Улар яхши-ю ёмонни бизу сиздан кўпроқ ажрата олишади. Сизга иймон, инсоф, сабр-тоқат тилаб қоламан.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.