Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БОЖ ТЎЛАШДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан хорижга чиқиш учун давлат божини тўлашдан кимлар озод этилади?

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини юксалтириш ҳамда судларга бўлган ишончни ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2020 йил 6 январда муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган ва 2020 йил 7 январдан кучга кирган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли қонунининг қабул қилиниши давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатлар битта қонун билан тартибга солинди. Илгари мазкур масалалар бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинар эди.
Энди бевосита кундалик ҳаётимизда дуч келадиган нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришда, шу жумладан хорижга чиқиш учун давлат божини тўлашдан кимлар озод этилиши ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод этилади:
1) шахслар - давлат пенсиялари ва нафақаларини олиш учун зарур бўлган, шунингдек васийлик қилиш ва фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар юзасидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари тўғрилигини уларга тасдиқлаб берганлик учун;
2) шахслар - мол-мулкини давлат фойдасига, шунингдек юридик шахслар фойдасига ҳадя қилиш тўғрисидаги васиятномалари ва шартномаларини тасдиқлаганлик учун;
3) давлат солиқ хизмати органлари ва молия органлари - уларга давлатнинг меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни (гувоҳномаларнинг дубликатини) берганлик, шунингдек ушбу гувоҳномаларни (гувоҳномаларнинг дубликатини) олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар учун;
4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари - барча нотариал ҳаракатлар бўйича;
5) шахслар - уларга қуйидагилар учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун:
Ватанни ҳимоя қилиш чоғида, бошқа давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги муносабати билан ёхуд инсон ҳаётини қутқариш, давлат мулкини ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини адо этиш муносабати билан ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулки учун;
уй-жой (квартира) учун ёки уй-жой-қурилиш кооперативидаги пай учун, агар улар мерос қолдирувчининг вафот этиш кунигача бирга яшаган, турар жойда қайд этилган бўлса ва мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳам шу уй-жойда (квартирада) яшаётган бўлса;
банклардаги омонатлар, шахсий ва мулкий суғурта шартномалари бўйича суғурта суммалари, давлат заём облигациялари учун, иш ҳақи суммалари учун;
илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиро, селекция ютуғи, фойдали модель, саноат намунаси, интеграл микросхемалар топологияси муаллифининг мулкий ҳуқуқлари, шунингдек ижрочининг ижрога доир мулкий ҳуқуқлари учун;
6) шахслар - пенсиялар ва нафақалар олиш учун ишончномани тасдиқлатганлик учун;
7) оналар - кўп болалик учун уларга орденлар ва медаллар берилганлиги ҳақидаги ишлар бўйича ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;
8) мактаб-интернатлар - фарзандларининг мактаб-интернатдаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
9) молия органлари - фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ихтисослаштирилган мактабларидаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун;
10) ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиш ва ҳалок бўлиш ҳодисасига корхоналар ва ташкилотлар ҳисобидан суғурта қилинган жисмоний шахсларнинг меросхўрлари - суғурта пулига ворислик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берганлик учун;
11) сурункали руҳий касалликка чалинган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда васийлик белгиланган шахслар - мол-мулкка ворислик қилишлари тўғрисида гувоҳнома олганликлари учун;
12) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари - ходимларни ташкилий йўсинда ишга қабул қилиш тартибида тузиладиган меҳнат шартномаларини тасдиқлаганлик учун;
13) 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш фронтларида яраланган шахслар ва 1941-1945 йиллардаги уруш фронтларида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган шахсларнинг оила аъзолари, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ҳамда Ватанни ҳимоя қилишда ва Совет Армиясида ўз хизмат бурчини ўтаётганда яраланган шахслар, Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини ўтаган шахслар, шунингдек 1986-1987 йилларда Чернобиль АЭСининг заҳарланган минтақаси доирасида авария оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар, 1986 йилда Чернобиль АЭСидаги авария муносабати билан заҳарланган минтақадан кўчирилган (шу жумладан, ўз ихтиёри билан чиқиб кетган) шахслар, агар улар вафот этган бўлса, уларнинг оила аъзолари - имтиёзлар берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлатганлиги учун;
14) шахслар - уларга йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта суммаларига ҳамда фуқароларга қарашли мол-мулкнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта товони суммалари бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
15) фермер хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар - уларга фермер хўжалигининг мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
16) юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар - уларга деҳқон хўжалиги мол-мулки бўйича меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;
17) хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари - мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро ёзувларини амалга оширганлик учун.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда давлат божи тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) халқ таълими органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар - етим болаларни ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни болалар муассасаларига ва ўқув юртларига юбориш учун туғилганлик тўғрисида такрорий гувоҳномалар берганлик учун;
2) жисмоний шахслар - туғилиш, ўлим қайд этилганлиги учун, уларга фарзандликка олинган, оталик белгиланган, жинси ўзгартирилган ҳолларида, шунингдек фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда гувоҳномалар берганлик учун;
3) жисмоний шахслар - уларга белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ёхуд қилган жиноятлари учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори асосида гувоҳномалар берганлик учун;
4) жисмоний шахслар - уларга реабилитация қилинган қариндошларининг вафот этганлиги тўғрисидаги такрорий гувоҳномалар берганлик ёки илгари берилган гувоҳномаларни алмаштирганлик учун;
5) табиий офатлар натижасида жабрланган жисмоний шахслар - уларга такрорий гувоҳномалар берганлик учун.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат божини тўлашдан қуйидаги ҳолларда озод қилинади:
1) дипломатик паспорт берганлик учун;
2) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини:
яқин қариндошлари вафот этган ёки улар дафн этилган жойларни зиёрат қилганда;
фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга (битимларга) биноан улар хориж судларига фуқаролик ва жиноят ишлари юзасидан тарафлар, гувоҳлар ва экспертлар сифатида чақирилган тақдирда берганлик учун;
3) ўн олти ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси биометрик паспортини берганлик учун;
4) тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикасининг фуқароси биометрик паспортини берганлик учун.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2 ва 3-бандларида кўрсатилган ҳужжатларга бирон-бир ўзгартириш киритилган тақдирда ҳам давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксак бўлсагина, фуқаро, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида ўз ўрнини топишга, ўзларининг Конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаб етишга, шу билан бир қаторда судларга нисбатан ишончни оширишга хизмат қилади.

Феруз Каримов,
Тайлоқ туманлараро
иқтисодий судининг судьяси


Дата добавления: 20/02/2020 14:06;   Просмотров: 750
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку