Кейинги икки йил мобайнида мамлакатимизда юз бераётган мислсиз ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлида амалга оширилаётган оламшумул ишлар шак-шубҳасиз давлатимиз раҳбарининг оқилона ва одилона сиёсати мевасидир.
Фуқароларимизга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган шароит, имконияту имтиёзлар тан олиш керакки, ҳеч қачон бу даражада бўлмаган. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз ўтган йилда Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан йўллаган табрикларида «Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ҳаёт барчамиздан дадил ҳаракатларни, фаол ташаббусларни, ҳамма соҳада ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этмоқда. Кўпни кўрган, сабр-тоқатли, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз амалга оширилаётган ана шундай муҳим ўзгаришларнинг натижасини кутмоқда» деб таъкидлаганлар. Муболағасиз айтиш жоизки, туманимизда ҳам бу борада муайян ишлар қилинаяпти. Туман ҳокими Ш.Жамолов ўтган ўн ой вақт давомида туманнинг деярли барча ҳудудларида бўлиб, жойларда 20 дан зиёд сайёр қабуллар ўтказди. Ўтказилган қабулларнинг ҳар бирида ўртача 35-50 нафар фуқароларнинг ижтимоий-маиший соҳада ёрдам сўраб қилган мурожаатлари, аҳолини қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилиб, иложи борича ижобий ҳал этилди. Шунингдек, ободончилик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудларда баъзи фуқаролар томонидан барпо этилаётган ноқонуний қурилишларга чек қўйилди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар туман заҳирасига қайтарилди. Шу ўринда агар мулоҳаза қиладиган бўлсак, бугун ҳамма фуқароларни ҳам умумжамият манфаати, юрт равнақи учун жон куйдиряпти дея айтолмаймиз. Афсуслар бўлсинки, айрим боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларнинг берилган ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилган ҳолда ўз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишини, антиқа талабларини қандай изоҳлашга ҳам ҳайронсан. Уларнинг ҳокимга қарата уй-жойимни таъмирлаб берасан ёки янги уй-жой қуриб берасан, фалон ерда фермер хўжалиги ташкил этиб берасан, бўлмаса устингдан «ПОРТАЛ» га, «ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА» га ёзаман, деб дағдаға қилишлари кишини таажжубга солади. Бу сўзларни ёзишдан мақсад қўлимизда етарли далил-исботлар бўлса-да, исм, фамилияларни зикр этишдан андиша қилдик. Ўйлаймизки, гап эгасини топади. Лекин, эй одамлар, атрофга ақл-идрок кўзи билан боқинг, жамият янгиланмоқда, тафаккур уйғонмоқда, сизлар қачон элга эш бўласизлар дегинг келади. Лоақал ўзларинг ҳам давлат ёки жамият учун бирон бир наф келтирдингларми? Ҳамма нарсани давлатдан сўраб боқимандаликка мослашиш ношукурлик бўлмайдими? Ахир, Аллоҳ томонидан берилган буюк неъмат, ҳаётни қадрига етиш, жаннатмакон юртимиз тараққиётига озми-кўпми ўз ҳиссамизни қўшиш давлат олдидаги фуқаролик бурчимиз эмасми? Гапнинг қисқаси, бу дунёда эзгу амалларни қилишга қурбимиз етмас экан, ҳеч бўлмаса ўзимиздан яхши ном қолдирайлик!...
С.МАРДОНОВ, туман ҳокимлигининг жисмоний ва юридик шахслар
мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул ходими
Т.ЮСУПОВ, «Гулобод тонги» газетаси таҳририяти масъул котиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.