Бизнинг халқимиз азал-азалдан адабиётни севган, бадииятни ардоқлаган, айниқса, шеъриятга ошуфта бўлмиш халқ ҳисобланади. Элимизнинг бадиий диди неча-неча асрлар давомида яхши шаклланган, ҳақиқий шедевр асарлар мутолааси натижасида такомиллашган бўлиб, бугун савияси паст ёки ўртамиёна асарлар билан унинг қалбидан жой олиш ўта мушкул. Бир қарашдаёқ олтин билан жезни фарқлай билади бугунги кун ўқувчиси.
Қандай хусусиятга эга асарларни биз ҳақиқий асар деб айта оламиз, деган савол туғилади. Бунинг жавоби Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов томонидан жуда тўғри таъкидланган: «Иккита энг холис ва бешафқат ҳакам - китобхон ва вақт синовидан ўтган асар - ҳақиқий асардир". Бу сўзларни тинглаганимиз ҳамоно кўз олдимизга биринчи навбатда ҳазрат Алишер Навоийнинг бадиий дурдоналари гавдаланади. Чунки Алишер Навоийнинг битган ҳар бир сатри, наинки сатри, балки ҳар бир калималари ёзилган онидан то бугунги кунга қадар тилдан тилга, дилдан дилга кўчиб етиб келган. Ҳайратланарлиси шундаки, ҳеч қайси замонда уларнинг битиклари ўз аҳамиятини, ўз таъсир кучини йўқотган эмас, балки кундан кунга бу асарларнинг қадри ошиб бораётир. Сабаби, Мир Алишер Навоий даҳоларининг кучи замон ва макон тушунчалари таъсиридан анча юқори. Бу мисралар замиридаги маъно ҳеч қачон эскирмайди, улардаги жозиба кўнгилларни ром қилаверади...
Ҳазрат Навоийнинг мана шундай дилрабо асарларидан бири «Хазойин ул-маъоний» туркуми, «Ғаройиб ус-сиғар» девонидан жой олган (124-ғазал) қуйидаги матлаъ билан бошланувчи ғазалларидир:
Йўқ манга юз йилда ул маҳвашқа бир сўз дерга ҳад,
Бўлса бир сўз дерга ҳад, ул ҳам бўлур юз қатла рад.
Матлаъ ўзининг жозибаси билан, маъно кенглиги ва бадиий мукаммаллиги билан ўқувчини мафтун этади. Илк байтдаёқ қайтариш санъатининг нодир намунасини учратамиз, яъни биринчи мисранинг охирида келган «бир сўз дерга ҳад» бирикмаси ҳеч бир ўзгаришсиз иккинчи мисранинг ичида келади ва бу, ўз навбатида, мисралараро яна бир шеърий санъат – тадрижни ҳосил қилади. Байтнинг мазмунига шундай: «Юз йилда ҳам у ой юзли санамга бир сўз демоққа менда журъат топилмайди. Мабодо ҳаддим сиғиб, бирор сўз айтишга ботинсам ҳам, айтганларим юз маротаба рад этилади» Биринчи қаторда шоир ёр олдида лол қолиши, унга гапиришга ҳам ҳадди сиғмаслигини билдирса, иккинчи мисрада маънони яна-да кенгайтиради ва биз англаймизки, шоирнинг ёрга бир сўз дейишга ботинолмаслигининг сабаби фақатгина ёр ҳусн-у малоҳатига маҳлиё бўлиб, тилдан қолишида эмас, маъшуқанинг оғиз очишга имкон бермаслиги, ҳар доим рад жавобини беришида ҳамдир. Кўряпмизки, биринчи мисрада ёрнинг гўзаллиги, иккинчи мисрада эса саркашлиги тадрижан, яъни поғонама-поғона очиб берилмоқда.
Алишер САБРИЙ,
СамДУ 3-босқич талабаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.