Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида таъкидланган: «Айниқса, ички туризм бўйича яратилаётган имкониятлар юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш, ўз тарихимиз ва маданиятимизни янада чуқур билишга қаратилгани билан эътиборлидир. Ўйлайманки, Наврўз байрами муносабати билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида сизлар оилангиз, фарзандларингиз билан ана шундай шароитлардан фойдаланиб, мазмунли дам олиш имкониятига эга бўласиз», сўзларидан руҳланиб таҳририятимиз аъзолари билан қўшни Қашқадарё вилоятига йўл олдик.
Амонқўтон тизма тоғидаги равон йўллардан автомашинамиз дарёдаги оқ кемадек елиб бормоқда. Сўлим баҳор ҳавосидан баҳра олган қирларда турли-туман гуллар, кўкариб яшнаб турганини кўриб кўз қувнайди. Тоғдан ошиб ўтганимиздан кейин Китоб туманига кириб келдик. Бу ердаги дўстларимиз билан суҳбатлашиб бўлганимиздан сўнг, Шаҳрисабз томон йўлга отландик. Катта Ўзбекистон тракти ёқасида жойлашган Шаҳрисабз жанубдан Танхоздарё, шимолдан Оқсув дарёсига чегарадош. Юртимиздаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, археологик маълумотларга кўра, шаҳарга милоддан аввалги 1-минг йилликнинг ўрталарида асос солинган. Шаҳрисабз милод бошларида ва илк ўрта асрларда турли номлар билан аталган. Илгари Кеш, 13 асрдан Шаҳрисабз номи билан машҳур.
Амир Темур ва темурийлар даврида Шаҳрисабз улкан салтанатнинг йирик шаҳри сифатида барча бекларнинг ёзги қароргоҳига айлантирилган. Оқсарой ва Дор ус-саодат мажмуаси қурилган. Шаҳар атрофи қалъа девори билан ўраб олинган. Испания элчиси Клавихо ўз кундалигида Шаҳрисабзда кўплаб маҳобатли бинолар ва масжидлар борлигини таъкидлаган. Мустақиллик йилларида Шаҳрисабз қиёфаси тубдан ўзгарганлигини бу ерга келиб кўрдик ва билдик.
Узунлиги 3, эни эса 2 километр боғ ва унинг атрофи янада ободонлаштирилган бўлиб, бу ишларнинг ҳаммаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов кўрсатмалари ва маслаҳатлари асосида барпо этилган, - дейди бизга экскурсоводлик қилган боғ ҳудудида автомобилчаси билан хизмат кўрсатаётган Тоштемир ака Диёров. - Илгари Оқсаройнинг баландлиги 70 метр бўлган. Уни қайта реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда. Кўраётганингиздек, боғ атрофига «Шоҳсарой» меҳмонхонаси, қандолат ва турли хилдаги матолар билан савдо қилувчи дўконлар, «Шаҳризода» ресторани, «Сезон» ошхонаси ва бошқа халқимиз эҳтиёжи учун зарур моллар билан савдо қилувчи маданий-маиший бинолар қад ростлаган.
Дарҳақиқат боғ ниҳоятда гўзал. Оқсарой рўпарасида қад ростлаган буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкали атрофи меҳмонлар билан гавжум. Ҳатто келин-куёвлар бу ерга келиб ҳайкал пойига гуллар қўйишади. Бу ердан чиқиб «Деҳқон бозори» га кириб бу ердаги тўкин-сочинликдан хурсанд бўлдик.
Хуллас, Президентимизнинг ички туризмни ривожлантириш бўйича чиқарган қарори асосида, нафақат таҳририятимиз аъзолари, тумандаги «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши аъзолари ҳамда барча нуронийлар, ёшлар ҳам юртимиз вилоятларига саёҳатлар уюштириб келишди. Ҳозир ҳамма яхши кайфият билан ишлаб, юрт тараққиётига ҳисса қўшмоқда.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.