Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИРНИНГ КАСРИ МИНГГА ...

Уламоларнинг айтишича, ҳазрати Мусо алайҳиссалом даврида даҳшатли қурғоқчилик бўлади. Ёмғир ёғмай қолиб, қуёш қиздириб, иссиқ ҳаддан ортади.

Шунда қавм: "Эй, Мусо! Роббингиздан ёмғир сўраб беринг" деб илтимос қилди. Мусо алайҳиссалом: "Ё Роббим! Шу ўтлаб юрган чорполар, жонзотлар ҳақи, эмизикли гўдаклар, мункиллаган қариялар ҳақи, бизга ёмғир ёғдир!", деб дуо қилади. Лекин қуёшнинг ҳарорати ортса ортади, аммо ёмғирдан дарак бўлмайди. Шунда ҳазрати Мусо алайҳиссалом яна муножот қилади: "Роббим! Нима учун ёмғир ёғмаяпти? Нима учун дуойимиз ижобат бўлмаяпти?" Аллоҳ таоло ҳазрати Мусога шундай дейди: "Орангизда қирқ йилдан бери Аллоҳга исён қилиб турган бир одам бор. Шу одамга айтинг, орангиздан чиқсин. Шу одам туфайли ёмғир ёғдирмаяпман, ёмғирни тўхтатиб турибман". Ҳазрати Мусо: "Мен бир заиф одам бўлсам, булар етмиш минг киши бўлса, овозимни қандай етказаман буларга?" Аллоҳ таоло. "Сиз нидо қилинг, етказиш Биздан", дейди.
Мусо алайҳиссалом нидо қилади: "Эй, қавм! Орангизда қирқ йилдан буён Аллоҳга осий бўлиб келаётган бир одам бор экан. Шу одам чиқмагунча ёмғир ёғмайди. Орамиздан чиқсин!" Ҳамма бир-бирига қарайди, аммо ҳеч ким қимир этмайди. Қирқ йилдан бери гуноҳ қилиб келаётган одам: "Чиқсам, шарманда бўламан. Чиқмасам, ёмғир ёғмайди", деган икки ўт орасида қолади. Ниҳоят, у банда тавба қилади. "Ё, Роббим! Қирқ йилдан бери Сенга осийлик қиламан, не-не гуноҳлар қилдим, бироқ мени шарманда қилмадинг. Бугун ҳам мени шарманда қилма! Мен энди тавба қилдим!", деб астойдил ёлворади. Шу онда шаррос ёмғир қуйиб юборади. Осмондан челаклаб жала ёғади. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом Аллоҳга мурожаат қилади: "Роббим! Дуо қилдик! "Орангиздан гуноҳкор одам чиқсин" дединг, лекин ҳеч ким чиқмади. Аммо ёмғир ёғмоқда!". Аллоҳ таоло: "Бу ёмғир ўша одам астойдил тавба қилгани учун ёғмоқда. Биз унинг тавбасини қабул қилдик", дейди. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом "Роббим! Менга ўша одамни кўрсатгин", дейди. Шунда Аллоҳ таоло: "У қирқ йил гуноҳ қилиб келди. Мен уни шарманда қилмадим. Энди тавба қилганида шарманда қиламанми?" деган экан.

Тошпўлат ЮСУПОВ тайёрлади.


Последнее редактирование: 10/12/2018 12:14;   Просмотров: 1063
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку