Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИР УМРЛИК АРМОН

Бугунги кунга келиб баъзи юртдошларимиз пул топиш илинжида хорижий мамлакатларга бориб ишламоқдалар. Мусофирчиликда минг бир азоб билан пул топиб уйга келганларни кўриб «уларга маза, чет элда ишлаб жарақ-жарақ пул топаябди, ҳашаматли уй қуриб, дабдабали тўй қиляптилар» деб ўйлайдилар. Бироқ оила меҳридан узоқда машаққат чекиб, тиним билмай ишлаб, ҳатто соғлиғидан ажраб яшаш осон эмас.

Яқинда қўшни маҳаллада яшовчи Ҳалима момонинг касалхонадан қайтганларини эшитиб, ҳол-аҳвол сўраш учун уйларига бордим. Улар билан анча суҳбатлашдиқ: Суҳбатимиз давомида момонинг кўзларига ёш қалқиди. Сабаби бир ҳафта олдин ўғли Ғанишер билан гаплашганлари, унинг телефонда «Маошимни олишим билан ҳафта ўн кунларда бориб қоламан, тўй қиламиз онажон...» деганини эшитиб, ичимдан эзилиб кетдим. Уларнинг хаёл суриб қолганларини кўриб юпатмоқчи бўлдим.
- Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади, тузалиб кетасиз, - деб таскин бердим.
- Йўқ, аҳволим оғирлашиб боряпти. Назаримда ўлим соатим яқин. Умрим сўнггигача ёлғизимнинг дийдорини бир марта кўриб қолишга улгурармиканман. Момонинг умидворлик билан дераза томон термулган маъюс нигоҳларини сира унутолмайман.Уйга қайтар эканман, ўғиллари келгунича омонатини топширмасалар бўлгани, деган ўй хаёлимдан кетмасди. Аммо кўнгиллари сезган экан...Оламдан ўтганларини эшитиб вужудимни титроқ босди. Шунча йил кўзлари нигорон бўлиб кутган ўғли келганида бу хабарни эшитиб, қай аҳволга тушаркин?
Момони сўнгги манзилга кузатиш учун қўни-қўшни, қариндош-уруғ,узоқ-яқиндан таниш-билишлар жанозада ҳозир бўлди. Узоқ сафардан Ғанишер ҳам етиб келди. У ерда турган кимлардир унга ачиниб «оҳ, бечора онасини кўриб қолишга улгуролмади» деб раҳми келган бўлса, баъзи бировлар нафрат кўзи билан қараганларининг гувоҳи бўлдим...
Ғанишер онасинининг таъзиясига келганларга нозу неъматларга тўла дастурхон тузаб, ош дамлаб, эл олдидаги бурчини адо этди. Лекин, онаси олдидаги фарзандлик бурчини тўлиқ адо этолмагани унинг қалбида бир умрлик армон бўлиб қолди.
«Агар бу синовли ҳаёт йўлида нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечишга тўғри келса, ҳар қачон топишингиз мумкин бўлган моддий бойликдан кўра йўлингизга интиқ бўлиб, ҳамиша дуода бўлган ота-онангизнинг истакларини биринчи ўринга қўйинг ва уларнинг ёнига шошилинг. Токи кеч қолиб, бир умр армонда қолманг!» Бу Ғанишернинг сўнгги хулосаси эди.

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 27/06/2018 15:21;   Просмотров: 999
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку