Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИР СИҚИМ ТУПРОҚ

Севгидан етиму, умридан ярим,
Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.
Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
Абадий висол деб билди келинчак...
Абдулло Орипов

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига не-не кулфатларни келтирмади, дейсиз. Қанчадан-қанча аёллар тул бўлиб, болалар етим, ота-оналар фарзандсиз бўлиб қолди. Баъзан қишлоқлар қабристонларини кезсангиз буларнинг шоҳиди бўласиз. Совиб қолган қабр тошлардан уларнинг жангда мардларча ҳалок бўлгани ва қаерларда қандай жанг қилгани ёзилган. Катта йўл бошида тирикларга имон тилаб турган қабрлар кишиларни сергак торттиради. Шундай қабрлардан бири Талибарзу қабристонида бор. Бу қаҳрамон жангчи Юнус Расулов қабридир...
1941 йил бошланган уруш туфайли кўплаб йигитлар қўлларига қурол олиб Ватан мудофаасига отланди. Булар орасида Юнус Расулов ҳам бор эди. Эндигина уйланиб, ҳаёт гаштини сураётган Ю.Расулов турмуш ўртоғи Ҳафиза ХУДОЙБЕРДИЕВАГА (Расулова) қўлида 6 ойлик чақалоғини қолдириб фронтга йўл олди. Йиғлама Ҳафизажон! Бу ҳамманинг бошига тушган кўргулик. Лаънати уруш алангасини ёққан фашист газандаларни Ватанимиз тупроғидан қувиб чиқармас эканмиз ортга қайтиш йўқ. Ўғлим Шодижонни эҳтиёт қил. Уруш тугаб уйга қайтсам, ўзим уни ажойиб инсон қилиб тарбиялайман. Агар урушдан қайтиб келмасам сизларни арвоҳим қўллаб-қувватлайди. Фарзандимни одобли ва билимли қилиб вояга етказасан, деган умиддаман. Кўнглингиз тўқ бўлсин, дадаси, - дея Ҳафиза она турмуш ўртоғига оқ йўл тилади. - Сиз келгунча боламизни ажойиб инсон қилиб ўстираман. Ой бориб, омон қайтинг!...
Уруш давом этар экан, Ҳафиза она тиқ эса дарвозага қарайди. Почтальон мактуб келтирармикан, мен ҳам уни ўқиб хурсанд бўламанми, дея алоқачининг йўлини пойларди. Қўшнилардан кимдир фронтдан мактуб олса югуриб унинг ёнига борардим.
- Айланай қўшнижон, эрингиз дадаси ҳақида ёзмабдими, - дея сўрарди. - У кишини кўрмадими?
Қўшни "Йўқ!" дея йиғлаб-йиғлаб уйига қайтарди. Ўғилчасини бағрига босар экан: "Номи учсин урушнинг! Уйи куйсин фашистнинг!" деб душманни қарғади. 21 ёшида армон билан бева қолганидан куйиб-куйиб йиғларди ... Иккинчи жаҳон уруши бизнинг ғалабамиз билан тугаган бўлсада Ҳафиза она бошқа турмуш қурмай эрини кутиб яшади, ўғли Шодижонни ўқимишли инсон бўлиб ўсишига ҳисса қўшиб уйлантирар экан, елкасига бошини қўйиб юм-юм йиғлади: Шу тўйингни отанг кўрмади-да, болам. Эҳ ... - Ойижон қўйинг, йиғламанг. Балки отам тирик бўлсалар келиб қоладилар. Находки инсон дом-дараксиз кетса... Орадан яна йиллар ўтди. Ниҳоят "1996 йили вилоят "Зарафшон" газетасида Ғайбиддин Фазлиев имзоси билан "Барҳаёт йигитлар" сарлавҳали мақола ёритилди. Унда урушга бориб ҳалок бўлган собиқ жангчилар рўйхати берилганди. Булар орасида Юнус Расулов ҳам бор эди. Отасининг исми-шарифи ва қаерда вафот этганини ўқиган Шоди Юнусов онасига уни кўрсатди. - Вой, болажоним-а, отангнинг қаерда вафот этганлигини аниқлабди-ми? Энди нима қилмоқчисан?
- Хўп десангиз, ўша манзилга бораман. Отамнинг қабрларини кўриб, зиёрат қилиб келаман. Шоди Юнусов 1998 йилнинг 9-майи арафасида туман мудофаа ишлари бўлимига мурожаат этди. Бўлим бошлиғи у ва унинг ҳамроҳларига Белоруссия жумҳуриятининг Гомель вилоятига йўлланма тўғрилаб берди. Ўша куни ҳеч бир қийналмасдан маҳаллий вақт билан соат 21 да Минск шаҳрига етиб келишди. Газетада номи кўрсатилган Гомель вилояти Лоев туманидаги Гущец қишлоғи кириб боришганда қишлоқ совети раиси Иван Щевченко уларни кутиб олди ва меҳмон қилди. Эртаси куни Иван ота уларни ҳайқириб оқаётган Днепр дарёси бўйига олиб келди. Оқсоққол дарёга тикилиб турдида, кейин шундай деди:
- СССР - ягона Ватанимиз эди. Фашизм шу Ватанни парчалаб, ер юзида ягона империя тузмоқчи бўлди. Ана шу Ватан озодлиги учун турли миллат вакилларидан иборат бўлган шонли Армиямиз жангчилари ҳаёт-мамот урушининг бошидан бошлаб фашистларга қақшатгич зарба бера бошлади. Бироқ тиш-тирноғигача қуролланган газандалар Ватанимизнинг қанчадан-қанча туман ва шаҳарларини босиб олган эди. Белоруссия жумҳуриятини озод қилиш учун ҳал қилувчи жанг бошланди. 1943 йилнинг 1-октябридан 2-октябрига ўтар кечаси двизиянинг 476-ўқчи полки жангчилари ҳамлага ўтишди. Душман эса ҳаводан ҳам, ердан ҳам тинмай жангчиларимиз устига ўқ ёғдирар, бош кўтаргани қўймасди. Жанг ҳал қилувчи паллага кирди. Бу ёғи Белоруссия , у томони Украина бўлган Днепр дарёси ҳайқириб, кўпириб оқмоқда. Ана шу урушда кўпгина жангчилар ҳалок бўлишди. Уларнинг 21 нафарига собиқ Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвон берилди. Бу сўзлардан таъсирланган Шоди Юнусов ўрнатилган катта ёдгорликка тикилди ва хаёлидан шу гаплар ўтди: Наход шу ерларда жанг бўлган бўлса?"
- Қаердан бир сиқим тупроқ олсам бўлади?-дея берган саволига Иван ота шундай жавоб қайтарди:
- Тупроқни ёдгорлик пойидан олсанг ҳам, бу ернинг истаган жойидан олсанг ҳам бўлади. Жанг бўлиб ўтган кунлари бу тупроқ одамизотнинг қип-қизил қонига беланган ва ҳатто дарёга ҳам оқиб тушганди. Отанг ҳам шу ерда қазо қилган. Шунда Шоди Юнусов тиз чўкиб, ерни сийпалди. Отасининг вужудини сийпалаётгандек ҳис этди ўзини. "Отажон, сиз жон берган манзилга келдим-ми, -ҳайқирди унинг қалби. - Уйингизда, менинг қўлимда жон берсангиз бўлмасмиди? Ҳаттоки бир дона суратингиз ҳам йўқ-а? Бошини тик қилиб:" Бу киши менинг отам!?" дея ҳаммага кўрсатар эдим. - Бардам бўл, ўғлим, - деган сўздан хаёллари бўлинди унинг. Онаси тикиб берган кичкина халтачани олар экан бир сиқим тупроқни унга солди. Кейин ҳамма билан Қуръони Каримдан тиловат қилишди. Сўнгра қишлоқ совети раисининг идорасига кириб келишди. Иван отанинг жангда ҳалок бўлган жангчилар рўйхатига Юнус Расуловнинг исми-шарифи йўқ эди.
Бир парча қоғозда минглар номи бор,
Уларнинг ҳар бири ёзилган йирик.
Ўйналар бу ерда худди бир қимор,
Отамнинг номи йўқ, наҳот у тирик.
- Хафа бўлма, - деди Иван ота. - Вилоят ҳарбий комиссариатига мурожаат қилсанг улар аниқлаб беришади. Фақат бугун эмас. Бугун меникида меҳмон бўласизлар. Узоқ Ўзбекистондан келгансизлар. Белоруссларнинг меҳмондўстлигини бир кўриб қўйинглар қани. Улар И. Шевченконинг уйига кириб боришганда турмуш ўртоғи ва болалари кутиб олишди. Меҳмондорчиликни шундай жойига қўйишдики, таърифига сўз ожиз. Оила аъзоларининг одамохунлиги, меҳмоннавозлиги барчани лол қолдирди. Улар худди яқин қариндошларини кутиб олгандек дастурхон тузишди. Овқатнинг ҳам, чойнинг ҳам турли хилини муҳайё қилишди...
Эртасига вилоят ҳарбий комиссариатига кириб боришганда: - Биз жангда ўлганларни аниқлаб, топиб жой-жойига қўяяпмиз, - дейишди улар. - Сиз Россия Федерацияси Мудофаа министрлигининг марказий архивига мурожаат этинг. У ердан аниқ жавоб олишингиз мумкин. Ниҳоят 12 май куни айтилган манзилга етиб келдик. У ердан бизга: "Ҳақиқатан 81-ўқчи дивизиянинг 467-ўқчи полки оддий аскари Юнус Расулов 1914 йилда Самарқанд вилоят Комсомол туманида туғилган. Туман ҳарбий комиссариати томонидан Армияга чақирилган. 1943 йилнинг 9 октябрида Днепрдан кечиб ўтишда Белоруссияни фашистлардан озод этиш учун бўлган шиддатли жангда ҳалок бўлган. Гомель вилояти Лоев туманидаги Глущец қишлоғидаги қабристонда дафн этишган. Турмуш ўртоғи Ҳафиза Расулова", деган маълумотни беришди.
- Унинг бир нусхасини Лоев туманига юборамиз, - дейишди улар. - Ўша қишлоқдаги қабристонда отангизга ҳам ёдгорлик ўрнатишади. Шундан кейин Шоди Юнусов ва ҳамроҳлари Самарқандга қайтишди. - Нима қилдинг? - сўради она ўғли билан кўришар экан. - отангнинг қабрини топдинг-ми? Ёки... - топдим онажон, топдим, - Шундай дея Шоди ака онасининг қўлига отасининг ёдгорлик ҳайкали пойидан бир сиқим тупроқ солинган халтачани қўйди. - вой наҳотки, - дея айвонга суяниб қолди она. Сўнгра халтачани кўзларига суртар экан гапида давом этди. - шунча йил кутдим-а? Хокингиз келди, дадаси. Мен ҳам ёнингизда хок бўлайин. Ҳафиза она ўғлини қучоқлаб пешонасидан ўпар экан: - Отангнинг арвоҳи сени қўлласин, болам. Омин, Оллоҳу акбар! - деди. Зудлик билан Талибарзу қишлоқ қабристонида отасининг хоки учун қабр қаздирди. Уни рисоладагидек қабрга қўйиб, мармар тошда исм- шарифлари, туғилган ва вафот этган йили қайд этилди. Шоди Юнусов ҳар замонда отаси қабрига келиб зиёрат қилса, онаси ҳар куни келар, соатлаб қабр тошини силаб ўтирарди. Афсус, ўлим барҳақ, деганларидек Ҳафиза она 78 ёшида орадан бир йил ўтиб вафот этди. Ота юзини кўрмай армон билан юрган Шоди аканинг ўша кунги ҳолатини бир кўрсангиз эди. Еру кўк чархпалакдек айланиб кетгандек бўлди. - Отам хокларини кутиб юргандингиз онажон, - дея ичдан куйиб йиғлади. - Сиз ҳам мени ташлаб кетдингизми? Бу не кўргулик бўлди, худойим?!. Турмуш ўртоғи ва болаларининг берган тасаллилари-ю, меҳрубончиликларидан ўзига келди. Ахир, отаси орзу қилганидек яшаши, уларнинг қабрларини обод қилиши керак. Шуларни дилдан ҳис этиб таъзия маросимини рисоладагидек ўтказди.
Қабр тоши оғир, метин, мустаҳкам,
Қалин майса аро турибди сокин.
Шу тошнинг остида ота-ю онам,
Кириб бир четига ётдилар секин...
Ҳа, инсон хотираси ва қадри ниҳоятда азиз. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак. Ўтганларни эслаш, уларнинг руҳини шод қилиш, кексаларга меҳр-муравват кўрсатиш бу - ҳамманинг бурчи. Кўп йиллар савдо соҳасида ишлаган, Равонак матлуот жамияти-ю, туман "Матлуботсавдо" уюшмасини бошқариб туманда савдо соҳасининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган Шоди ака Юнусов ота-онаси орзу қилганидек яшади, эл олқишини қозонди. Талибарзу қабристони ободлигига ҳисса қўшди, ота-онаси руҳи покларини шод қилди. Шу ўринда баъзи бир фикрларни айтиб ўтмоқчимиз. Ҳозирги шароитда баъзи ёшларнинг кекса ота-онасини нописанд қилаётгани, улар насиҳатларига қулоқ солмаётганидан нафратланиб кетамиз. Ушбу лавҳа уларга ибрат бўлишини истаб қўлга қалам олдик. Ҳамманинг кексаларни эъзозлаб, уларга озор бермасликлари, ҳеч бўлмаса қўнғироқ қилиб "Мен сизни севаман! Борлигингизга шукр!" дейишларини дил-дилдан хоҳлаймиз!...

Нормамат ОЛИМОВ
Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 08/05/2020 15:44;   Просмотров: 730
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку