Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИР ДАҚИҚА ҚАДРИ

Тартибсизлик биринчи галда вақтни исроф этади. Битта кийимингизни топишга қанча дақиқа сарфлашингизни ҳисобланг! Вақтингизга ачинаяпсизми? Ҳа, ҳар бир сониянгизни ўзлаштира билсангиз, ишингизда ҳам, фикрингизда ҳам тартиб ҳукмрон бўлади…

Вақтнинг қадрини билиш учун 1 йил талаба бўлолмаган абитуриент ҳолини кўринг, маош олишга 1 ой кутадиган ходимнинг аҳволини кўринг, маррага рақибидан 1 сония кеч келган спортчининг ҳолатини таърифлаш ҳам шарт эмас. Ҳар куни сиз 24 соатда 1140 дақика-ю, 86400 сонияга эга бўласиз. Бутун дунё миллатларида бир хил жаранглайдиган "Вақт - бу пул" мақолини эсга оладиган бўлсак, ўхшатишимиз хато бўлмаган. Аммо пулимизнинг қийматини баланду, вақтимизнинг қадри қолмаган. 60 сўм пулимизни авайлаб-асраймиз-у, 60 сониямиз биз учун ҳеч нарса эмас. "Бир дақиқа вақтингизни олсам майлими?", "Бир дақиқа кутиб туринг", "Ҳозир, бир дақиқа" деган жумлалар бутун кун давомида тилимизда бир неча бор айланади. Аммо ана шу арзимас бўлган бир дақиқа ичида ер юзида қандай ўзгаришлар содир бўлишини биласизми? Дастлаб тушунча ҳосил қилиш учун шу ҳақдаги маълумотларга назар ташлайлик:
Маълумотларга кўра, дунё миқёсида бир сония ичида туғилаётган чақалоқлар сони ўртача 2-3 тани ташкил этмоқда. Агар буни дақиқа ҳисобида оладиган бўлсак, ер шарида 60 сония ичида 138 та чақалоқ дунёга келмоқда. Дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Африка қитъасида безгак касаллигидан ўлим топаётганлар сони бир дақиқада икки кишини ташкил этмоқда. БМТ хулосасига кўра, ер юзида ҳар 5 сонияда битта бола очликдан вафот этмоқда. Бир дақиқада уларнинг сони 12 тага етади. Бу умумий маълумотлар. Энди ҳар биримизга тааллуқли бўлган арзимас дея қаралаётган бир дақиқамиз ичида танамизда қанчалар жиддий ўзгариш содир бўлаётганига эътибор қаратайлик:
Танамизни бошқариш учун буйруқ бериб турувчи миямизнинг ўзида бир сонияда 100000 га яқин кимёвий реакция амалга оширилар экан. Дақиқа ҳисобида оладиган бўлсак, рақамлар кўриниши 6 миллионтани ташкил этади. Катта ёшдаги одамларнинг ўртача юрак уруши 60 сонияда 70 тани ташки этади ва ниҳоятда катта миқдордаги қонни танимизга ҳайдаб беради. Табиатда юрагимизнинг бир соатлик фаолияти 1 тонна юкни кўтариш билан тенглаштирилади. Организмда 1 дақиқа ичида 300 миллионга яқин ҳужайра нобуд бўлиб, худди шу миқдордаги янги ҳужайраларга ўз вазифасини топширади. Демак, ўтаётган ҳар бир дақиқамиз биз учун ҳаёт манбаи. Бир дақиқа биз учун инъом этилган ниҳоятда катта имконият. Баъзан, оламшумул воқеаларга дақиқаларгина кифоя қилади. 2000-йил Европанинг энг кучли футбол жамоасини аниқлаб берувчи чемпионат финалида Италия терма жамоаси чемпион деган номга сазовор бўлиши мумкин эди, агар ҳакам ўйин охирида бир дақиқа қўшиб бермаганида. Бир ярим соат Италияга омад келтирган дақиқалар охирги бир дақиқада французларга қўл келди ва охир оқибат улар Европанинг 2000-йилдаги энг кучли терма жамоасига айланишди.
Ислом олимлари томонидан ўтказилган тажриба ҳам бир дақиқанинг қудратидан дарак беради: Яхши ниятлар ила дуо қилишга ҳам бир дақиқа кифоя. Мақола бошида "Вақт - бу пул" деган жумлани ишлатган эдик. Спорт жиҳозлари ишлаб чиқарувчи NIKE компаниясининг реклама роликларида ўтаётган ҳар бир сония учун жуда катта ҳақ тўланади. Реклама роликига эса спорт устаси бўлиши йўлида вақтини тўғри тақсимлай олган ва ундан унумли фойдалангани натижасада юлдуз деган номга сазовор бўлган спортчиларгина таклиф этилади. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг қимматли вақтлари сотиб олинади.
Мақолага қандай хулоса ясасам экан, дея анча вақтимни йўқотганим боис, якунини қисқача қилишга мажбур бўлдим. Дақиқаларингизни тўғри тақсимлай олсангиз ва уларни фойдали ишларга сарфласангиз, вақт албатта, сиз учун пул қадрида баҳоланадиган бўлади. Балки бориб-бориб "Вақт - бу пул" шиорингизни "Вақт - олтиндан қиммат" деган нақлга ҳам алмаштириб оларсиз.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ


Последнее редактирование: 13/06/2019 16:07;   Просмотров: 826
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку