Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг «Ҳаё-халоскор» китобида бир мўъжаз ҳикоя келтирилган. Унда ёзилишича, пашша хона ичига кириб қолибди. Аввалига хона бўйлаб визиллаб учибди. Сўнг ойнага яқинлашибдида чиқиш йўлини топганига қувониб, ўзини ойнага урибди. Ураверибди, ураверибди. Шу пайт қаёқдандир қавоқари пайдо бўлибди-ю пашшага йўл кўрсатмоқчи эканини айтибди ва уни ортидан эргаштириб, оч ётган ғумбакларига едирибди. Шундан бери ғумбаклар семириб ўсаётганмиш.
Иродаси бўш, фикри саёз, маънан ожиз кимсаларни ҳаёт ана шундай жазолайди. Ўзи билмаган дунёга кўр-кўрона интилиш ундайларни ғумбакларга ем бўлган пашша ҳолига солади. Қовоқарига ўхшаган кимсалар эса алдов, қўштирноқ ичида ширин сўзлар билан тузоғига илинтириб пашшага ўхшаганларни тайёр емга айлантиришади. Суднинг қора курсисида ўтирган Джалилова Барчин Абдуғаффоровнани юқорида қайд этганимиз қовоқарига ўхшатгимиз келди. 1966 йилнинг 13 ноябрь куни Самарқанд вилоятида туғилган бу жувон аллақачон қанчадан-қанча қизларни (пашшаларни) алдов йўли билан хорижга йўллаб бадном қилишга улгурган...
2017 йилнинг 17 май куни Самарқанд шаҳар «Кимёгарлар» қўрғонида яшовчи Мўминова Анора Асқаралиевнани мўмай пул топиш учун Туркия давлатига боришга кўндиради. Бунинг учун йўл-кира ҳақини ўз гарданига олишни, кейин пул топганда қайтаришини айтади. Кўп пул топиш илинжини эшитган Анора Мўминова аёлнинг гапларига чиппа-чин ишонади. Тиканни билмай босаётганини эса тушунмайди. Шундан кейин Барчин Джалилова Аноранинг фотосуратини ўзининг уяли телефон аппарати орқали жиноий шерикларига юборади. Қизнинг ҳусну жамоли уларни лол қолдиради.
- Тошкент аэропортига бориб самолётга ўтириш керак,- дейди Барчин қизга. - Дастлаб Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрига борасан. Сени Воҳид исмли йигит кутиб олади. Кейин Туркия давлатига йўл оласизлар.
«Ахмоқ» қизни тўрига туширганидан хурсанд бўлган Барчин бир машина ёллаб йўлга тушади. Аммо унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Бу гал унинг ўзи тўрга тушади. Самарқанд шаҳрининг Чўпонота ЙПХ масканида ИИБ тезкор ходимлари уларни кутиб олишади...
Суд ҳайъати Джалилованинг жиноят содир этишдаги ишига баҳо берар экан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига асосан жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини уқтирди ва жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди. Одил суд оилада ягона боқувчиси йўқ эканлиги, бошида ўсимта касаллиги билан даволанаётгани, шунингдек, аёл киши эканлигини инобатга олди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми «г,е,з» бандлари билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, муддати уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Аёл кишини ҳурмат қиламиз. Уларни синглимиз, онамиз дея таърифлар берамиз. Бироқ «қовоқари»га ўхшаган бу тоифа аёллар таърифларга арзимайди. Асло! Уларнинг орамизда юришлари мумкин эмас.
А.ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.