Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИЛМАГАННИ БИЛГАН ЯХШИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида шундай деди: “Энг асосий устувор вазифа – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат”.

Айнан ана шу муҳим вазифаларни бажариш учун фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишда бор имкониятларни ишга солмоқдамиз.

Кейинги вақтларда идорамизга фуқаролар отасидан қолган мол-мулкдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга ёки йўқ деган масала билан мурожаат қилаётирлар. Уларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқи белгиланганлигини уктириб, унда мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз эр ёки хотин ва ота-онаси, ёки уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар деган тушунчани бермоқдамиз. Демак, улар ҳам қонун бўйича, ҳам васият бўйича ворислик ҳуқуқининг субъектлари таркибига киради.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг фақат мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатан ҳақиқий ҳисобланади.

- Ижара шартномасини нотариал тасдиқлаш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади,- дея берилган саволга эса шундай жавоб қайтарамиз.

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги 64-МҲ сонли буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 136-бандига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2015 йил 22 декабрдаги 376-МҲ сонли буйруғи билан киритилган янги таҳрирдаги ўзгартиришларига мувофиқ мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

- Кўчмас мулк объектининг кадастр йиғма жилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғма-жилдининг асли қайтариб берилади;

- ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий рўйхатга олинган шахслар ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий рўйхатга олинган шахсларнинг розилиги.

Агар:

- Кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

- васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги;

- хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги;

кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги ҳам талаб этилади.

Фарҳод МУҲАММАДИЕВ, туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси


Дата добавления: 08/03/2017 16:49;   Просмотров: 1585
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку